Эндиликда, институт халқаро тузилма фаолиятида Марказий Осиёдаги ягона ҳамкор ташкилот (Liaison Organisation) сифатида иштирок этади.
Жорий йилнинг июнь ойида Германиянинг Берлин шаҳрида EURAMETнинг 19-Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Миллий метрология институти фаолиятининг минтақадаги етакчи ўрни ҳамда халқаро метрология майдонидаги фаоллиги алоҳида эътироф этилиб, ҳамкор аъзо сифатидаги иштироки тўлиқ маъқулланди.
EURAMET ташкилоти метрология соҳасидаги илмий-тадқиқот дастурларини амалга оширишда катта нуфузга эга бўлиб, Европанинг ягона метрология майдонини шакллантиради. Ташкилот Европа Иттифоқи мамлакатларининг 38 та миллий метрология институти, шунингдек, 76 та ваколатли илмий марказ ва ташкилотларини бирлаштиради. Бугунги кунда ушбу йўналишда қатор вазифалар, хусусан, эталонлар бўйича халқаро ва минтақавий солиштиришларни ташкил этиш, Европадаги ўлчашларнинг уйғунлиги ва ишончлилигини таъминлаш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро бирликлар тизими (СИ) ва стандартларнинг кузатувчанлигини таъминлаш, юқори сифатли ўлчашлар орқали саноат, илм-фан ва жамиятни қўллаб-қувватлаш кабиларни амалга ошириб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон миллий метрология институти EURAMET доирасида фотометрия ва радиометрия йўналишида иккита солиштириш лойиҳасида фаол иштирок этмоқда. Эндиликда, институт мазкур тузилманинг расмий майдонлари, йиғилишлари ва лойиҳаларида тўлақонли қатнашади. Қолаверса, ушбу халқаро ташкилотга қўшилиш бизга миллий эталонларни солиштириш лойиҳаларида тўғридан-тўғри иштирок этиш, Европа минтақасида илмий-тадқиқот ҳамда ходимларнинг техник салоҳиятини ошириш дастурларида қатнашиш имконини беради.
Ўзбекистон миллий эталонлари Европа мамлакатларининг эталонлари билан расмий равишда таққосланади. Бу СИ тизимига тўлиқ кузатувчанликни таъминлайди. Илмий-техник ҳамкорлик доирасида қўшма тадқиқотлар ва лойиҳаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлади. Кадрлар малакасини оширишда ҳамкорлик ўрнатилади.
Юқори аниқликдаги ўлчашлар орқали маҳаллий ишлаб чиқариш сифатини ошириш, экспортбоп маҳсулотларни сертификатлашда халқаро ишончга эришиш мумкин бўлади. Ўзбекистоннинг метрология соҳасида халқаро майдондаги обрў-эътибори ошиб, мамлакатимиз EURAMETда бутун Марказий Осиё номидан иштирок этади.