Тадбирда мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари, Ёшлар умумжаҳон ассоциацияси вакиллари ва Тежонг шаҳридаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси фаолияти ва вазифалари ҳақида тушунча берилди. Ассоциация вакиллари ушбу ННТни ташкил этишдан мақсад хорижий мамлакатларда таълим олаётган ва вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ўз йўналишлари бўйича юртимизда фаолият бошлашига кўмаклашиш, чет элда меҳнат қилаётган ёшларимизни ўша давлатнинг ички қонун қоидалари ва тартиблари билан таништириш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш сингари вазифалардан иборат эканини айтиб ўтди.
Учрашувда Вусон университетининг иқтидорли талабаларидан бири Жавоҳир Самижонов Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги ваколатхонасининг Тежонг шаҳридаги координатори этиб тайинланди.
Тадбирда, шунингдек, жорий йилда мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган муҳим сиёсий тадбирларга тайёргарлик жараёни ва унда чет эллардаги фуқароларимизнинг иштироки учун яратиладиган шароитлар, ҳақида маълумот берилди, деб хабар беради «Дунё» АА.