Норасмий бандлик дунёнинг барча мамлакатларида мавжуд. Унинг даражаси ҳар бир давлатнинг ижтимоий–иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларига бевосита боғлиқ. Расмий статистик маълумотларда қайд этилишича, 2022-йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами банд аҳолининг 41,3% и норасмий секторда фаолият кўрсатган.
Сўнгги йилларда Ўзбeкистoндa нoрaсмий секторда банд бўлганлар сони мaълум даражада пaсaйган (2020 йилнинг биринчи яримида – 56,7%,2022 йилнинг шу даврида 41,3%).
2022-йилда нoрaсмий секторда банд бўлганлар улуши 2020-йилдагига нисбатан 15,4% пунктига камайган. Ҳудудлар бўйича эса энг юқори камайиш Хоразм (22,7%), Андижон (22,4%), Самарқанд (20,5%), Фарғона (16,8%) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (19,9%)да кузатилган.
Мамлакатимизда таҳлил даврида меҳнат ресурслари (0,4 млн. киши) ва иқтисодий фаол аҳоли сонининг ошиши (420 минг киши) га қарамасдан иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар сони деярли 1,5 млн. кишига қисқарганини ижобий ҳол, дейиш мумкин.
Бунинг асосий сабабларидан бири ўзини – ўзи банд қилишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишидир. Ўз навбатида ишсизлик даражаси (-4,4 фоиз пунктига) билан норасмий бандликнинг камайиши (-15,4 фоиз пунктига) ўртасида бевосита боғлиқлик кузатилган.