Қонун лойиҳасига мувофиқ, мазкур медаль фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини сақлаб қолиш йўлида ўз ҳаётини хавф остига қўйган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига берилиши мумкин. Шунингдек, хорижий давлатларда юз берган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этган идора ва ташкилотлар вакиллари, кўнгилли қутқарувчилар ҳам ушбу медаль билан тақдирланиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳада алоҳида ҳолларда тезкор ҳаракатлари орқали инсон ҳаётини сақлаб қолган, фалокатлар олдини олишда жасорат намунасини кўрсатган Ўзбекистон ва чет эл фуқароларини ҳам мукофотлаш мумкинлиги белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан «Фидойи қутқарувчи» медалига оид низом ва унинг тавсифи тасдиқланиши, шунингдек, «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш киритилиши кўзда тутилган. Хусусан, мазкур медаль давлат мукофотлари рўйхатига киритилиши таклиф қилинмоқда.

Низомга мувофиқ, медаль билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади ҳамда қонунчиликда белгиланган имтиёзлар тақдим этилади. Медаль билан вафотидан кейин мукофотлаш ҳолатида эса, медаль ва тегишли ҳужжатлар марҳумнинг оила аъзоларига топширилади.