Ёш олим 3D биопринтерлар учун зарур бўлган био-сиёҳ асосини маҳаллий ўсимликлардан олиш усулини ишлаб чиқди.

Германияда ўталган илмий стажировка натижасида яратилган ушбу кашфиёт Intelлектуал мулк агентлиги томонидан ижобий хулоса олган бўлиб, ҳозирда патентлаш жараёнидан ўтмоқда.

— Юртимиз олимлари инсон организмига мос, хавфсиз ва маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мумкин бўлган био-сиёҳ яратиш устида узоқ йиллар изланиш олиб боришган. Бироқ натижалар кутилгандек самарали бўлмаган. 2024 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги эълон қилган стажировка танловида иштирок этиб, Германиянинг нуфузли Лейбнис университетида биопринт технологиялари ва гидрогеллар бўйича янги методларни ўргандим. Натижада инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконини берувчи био-сиёҳ яратилди, — дейди Олимжон Бойматов.

Янги гидрогель таркиби маҳаллий ўсимликлар полисахаридларидан иборат бўлиб, унда инсон ҳужайралари — iMSC яшай олади ва ривожланади. Бу эса инсон танасига тез мослашувчи, хавфсиз сунъий аъзолар ва тўқималарни чоп этиш имконини беради.

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар орган кўчириб ўтказиш амалиёти учун навбатда турибди. Донорлар етишмаслиги ушбу муаммонинг асосий сабаби ҳисобланади. Шу боис жаҳонда 3D биопринтерлар ва био-сиёҳ ишлаб чиқишга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, уларнинг нархи ҳам анча қиммат.

Мазкур кашфиёт келгусида донор аъзоларига бўлган эҳтиёжни қисқартиришга, шунингдек, кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, у юртимиз илм-фани ва тиббиёти ривожида муҳим қадам саналади.

Маълумот ўрнида, 2025 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган танловлар натижасига кўра, 147 нафар ёш олим хорижда стажировка ўташ имкониятига эга бўлади. Ушбу стажировкалар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.