Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида ташкил этилган юртимиздаги йирик ва замонавий кластерлардан бири — “ТСТ Сluster” 2018 йилда бир қанча тармоқларни ўзида бирлаштириб, уларда хомашёдан тортиб, то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён занжирини боғлаш мақсадида иш бошлаган эди. Бугун балиқчилик, пахтачилик, ғаллачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли қайта ишлашда самарали натижаларга эришаётган корхонада яна бир мажмуа — шолини қайта ишлашга ихтисослаштирилган Марказий Осиёдаги энг катта завод ишга туширилди.

Заводнинг тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Умумий қиймати 25 миллиард сўмдан зиёд лойиҳанинг амалга оширилиши билан “ТСТ Rice” МЧЖда кластер услубида шоли етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилди. Завод маҳсулотлари Ўзбекистон озиқ-овқат саноатида янги бренд — “Marfield” ёрлиғи остида чиқарилади.

 Ер майдони 6 гектарга тенг мажмуа ўзида хирмон майдони, сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда шолини қайта ишлаш заводини бирлаштиради. Завод Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясидан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган бўлиб, улардан фойдаланишни ўргатиш учун туркиялик технологлар таклиф этилган. Шоличилик кластерида 500 та доимий иш ўрни яратилган.

— Шоли етиштириш мазкур кластернинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади, — деди “TCT Cluster” бош директори Феруз Акобиров. — Жорий йилда “TCT Rice” кластери томонидан 2,5 минг гектардан ортиқ ерда шолининг “Лазурний”, “Искандар”, “Мустақиллик”, “Тарона” навлари экилиб, ноқулай об-ҳаво шароити, айниқса, вегетация даврида кузатилган сув танқислигига қарамасдан, мўл ҳосил олинди. Америкадан олиб келинган 37 та юқори унумли комбайнлар ёрдамида шоли ва ғаллани сифатли ўриб-йиғиб олишга эришдик. Бу йил ҳисобида 10 минг тоннага яқин шоли йиғиштириб олиниб, омборларга захиралаб қўйилди. Эндиликда, уларни янги қурилган заводда замонавиий ускуналар ёрдамида қайта ишлаб, қадоқланган ҳолда экспорт қилиш кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда завод бир мавсумнинг ўзида 25 минг тоннадан 40 минг тоннагача маҳсулотни қайта ишлай олади. Истиқболда унинг иккинчи босқичи ҳам ишга туширилгач, ишлаб чиқариш қуввати 2 баробарга ортади.

Шоли янгича усулда қуритиляпти

Кластерда аввалги йиллари етиштирилган шоли қуёшда қуритилиб, очиқ усулда сақланиши хисобига ёғингарчилик вақтида маҳсулотнинг катта қисми йўқотилар эди. Ана шу муаммоларга чек қўйиш мақсадида бу йилдан янги технология қўлланила бошланди. Тўртта линия билан жиҳозланган шолини тозалаш ва қуритиш цехи муқобил ёқилғи — кўмирда ишлашга мослаштирилган. Цехда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили, хусусан, дуккакли маҳсулотларни ҳам тозалаш ва қуритиш мумкин. Қуритиш жараёнидан сўнг ҳар бири 1 тонналик махсус қопларга жойланган шоли омборларга пешма-пеш жойлаштирилади. Ана шу босқичнинг ўзиёқ ҳосилни яхши сақлаш ва юқори сифатли гуруч ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Қопларга жойланган шоли узоқ вақтгача сифатини йўқотмасдан сақланади. Турли қўшимчалардан тозаланиб, намлик даражаси белгиланган меъёр — 14 фоизга етказилган шолини исталган вақтда чуқур қайта ишлаш заводига олиб бориб, гуруч маҳсулотига айлантириш мумкин.

Заводда барча технологиялар занжир каби бир-бирига боғланган бўлиб, худди соатдек аниқ ишлайди. Биринчи босқичда гуруч қобиғидан ажратилиб, бирин-кетин кейинги босқичларга ўтказилади. Катта тезликда ишлайдиган технологияларнинг тинимсиз ҳаракати билан гуручга ишлов берилади, тозаланади, тури, катта-кичиклиги ва ранги бўйича ажратилади. Бир нечта босқичларда саралаб олинган оқ гуруч яна бир бор тозалаш тестидан ўтади. Охирги жараёнда эса агар зарур бўлса, ёғланади. Шоли технологик жараёнга кириб, чиқиб кетгунга қадар жами 3 маротаба сифат бўйича назоратдан ўтказилади. Замонавий техникалар ёрдамида олинган энг юқори навдаги гуруч маҳсулотлари буюртмачининг талабига кўра сиғими 2 килограммдан то 50 килограммгача бўлган махсус қопларга қадоқлаб берилади.

Туман аҳолиси саноат занжирининг муҳим халқаси

Олимларнинг таъбири билан айтганда, маҳсулот навининг ёмони бўлмайди, фақат уни экиш ва етиштиришда агротехнологик тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида олиб бориш керак, холос. “TCT Cluster”да нафақат шоли, балки пахта, буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда амалиёт ҳамда илм-фан интеграциясини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади. Кластер қошида Илмий-техник кенгашнинг ташкил қилингани шу йилнинг ўзидаёқ самарали натижасини кўрсатди. Хусусан, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган “ТСТ Agro Cluster” корхонасида икки йилдан буён синов тариқасида “Бухоро 8”, “Бухоро 102” ғўза навлари экиб келинади. Бу йил янги яратилган “Бухоро 10” навидан биринчи теримнинг ўзидаёқ 43 центнер ҳосил олинди.

— “TCT Cluster” кўп тармоқли кластери юртбошимизнинг ташаббуси билан 2018 йилда иш бошлаган бўлса, бугунга қадар етиштирилаётган маҳсулотлардан ортиғи билан ҳосил олишга эришяпмиз, — деди “ТСТ Agro Cluster” директори Матлуб Нўъмонов. — Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг асосий омили бўлган кластернинг афзалликларидан бири унда барча агротехника тадбирларига илмий асосланган ҳолда ёндашилиши ҳисобланади. Биз бу ерда ишни бошлашдан олдин 3 та муҳим жиҳат — ернинг мелиоратив ҳолати, техник таъминоти ҳамда ишчи кучини ўрганганмиз. Маҳсулотни ерга қадашдан олдин, албатта, ернинг таркиби, ҳудуддаги зарарли касаллик, ҳашаротлар тарихи ва пайдо бўлиши мумкин бўлган омиллар ўрганилади, ердаги ҳаракатчан элементларнинг ҳаракати кузатилади. Ҳосилдорлик юқори бўлиши учун эса суғориш, ўғитлаш, қатор орасига ишлов бериш каби тадбирларда адашмаслик керак. Шунингдек, жараёнга замонавий технологиялар, рақамли ускуналарни жорий қилмасдан туриб қишлоқ хўжалигини ривожлантира олмаймиз. Биргина фермер ёки деҳқонннинг ўзи буларнинг барини таъминлай олмайди, кластерда эса бунга имконият ва шароит яратилиши хисобига сифатли ҳамда мўл ҳосилдорликка эришилади.

Ҳақиқатан, кластер фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида Қуйи Чирчиқ туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўрсаткичи ва ҳосилдорлик йил сайин ортиб бормоқда. Бу йил пахтадан яхши ҳосил олиниб, ундан бўшаган ерлардан унумли фойдаланиш мақсадида мош, картошка, сабзавотларнинг турли хиллари экилди. 3,5 гектар майдонга қадалган мошни талаб юқори бўлган Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Бухородаги “BCT Cluster”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кластерлари раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор, сенатор Муртазо Раҳматовнинг айтишича, Қуйичирчиқ тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича республикада энг паст кўрсаткичларга эга ҳудудлардан бири бўлгани боис, уни ривожлантириш, аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида кластер шу ерда ташкил этилган. Таҳлилларга кўра, туманда охирги 10 йилда 10-11 сентенер пахта олинган, гуруч деярли омборларга кирмаган. Далалар, ер майдонларидан унумли фойдаланилмаган. Шунга қарамай, жамоа катта меҳнат эвазига кластер ташкил этиб, бу усул ҳудудлар ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг энг самарали йўли эканини исботлади.

— Кластер ташкил этишдан асосий мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, бозорга чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олишдан иборат, — деди Муртазо Раҳматов. — Фермер фақат маҳсулот етиштирса, кластер уни ҳам экади, ҳар теради, ҳам қайта ишлаб, юқори сифатли маҳсулотга айлантиради. Масалан, 1 килограмм пахта 1,5 долларга сотиладиган бўлса, кластер уни чуқур қайта ишлаб, 15-30 долларлик тайёр маҳсулот ҳолига келтиради. Бу эса нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, балки кўпроқ одамларни иш билан таъминлашга замин яратади. Биргина мисол, авваллари Қуйи Чирчиқ туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида 850 нафар киши ишлаган бўлса, ҳозир 8,5 мингта кластер тизимида меҳнат қиляпти. Ҳаммаси ишига яраша, ўз вақтида ойлик маош оляпти. Ишини 2 баробар бажарганларга ойлик ҳам 2 баробар тўланади. Асосийси, биз одамларни ер билан боғлаб, унга оғир меҳнат тури эмас, балки даромад манбаи сифатида қарашига замин яратяпмиз. Шу тариқа юртимизда қишлоқ хўжалигини саноатлаштирамиз, қишлоқларни обод қиламиз, қўшимча қиймат занжирини яратиб, соҳада ишчи кучи меҳнатини енгиллаштирамиз.

Ҳудудда яратилган иш ўрнидан одамлар ҳам мамнун. Ўтган йили кластердаги пахта теримида ишлаган 5,5 минг кишининг 3,5 минги турли вилоятлардан келган бўлса, бу йил Қуйичирчиқнинг ўзидан 5 минг одам ишга чиқди.

Айни кез кластер таркибидаги шолини қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши билан яна 80 кишини доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. “TCT Rice” кластери жамоаси ўз маҳсулотларини қайта ишлаб бўлгач, вилоятдаги бошқа фермер ва деҳқон хўжаликлари билан қайта ишлаб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида.

Дарвоқе, корхонада замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда қабул қилинаётган шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат остида.

Бир сўз билан айтганда, шолини даладан йиғиб олиб, то истеъмолга қулай шаклга келтиргунга қадар бўлган жараённи тўлиқ амалга ошираётган “TCT Rice” кластери халқимиз дастурхонига энг тоза ва сифатли гуруч маҳсулотларини етказиб беришни мақсад қилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири