Атрофимизни сунъий воситалар ўраб олган бугунги даврда инсонлар табиийликнинг қадрига кўпроқ ета бошлади. Бу барча жабҳаларда кўзга ташланяпти. Айниқса, тўқимачилик саноатида табиий бўёқларда бўялган матоларнинг қиймати янада ортиб, одамларнинг унга бўлган талаб ва қизиқиши кун сайин ўсиб бормоқда.
Барча замонларда алоҳида қадрланган табиий бўёқлар сифатли ва экологик тоза маҳсулот бўлгани учун ҳам одамлар эътиборини тортади ва ҳеч қачон урфдан қолмайди. Улар орасида қимматбаҳо индигофера ўсимлиги баргларидан олинадиган индиго ҳаворанг бўёғи алоҳида ажралиб туради. Лотин тилидаги маъноси — “ранглар қироли” номи билан донг таратган бўёқ етти иқлимга машҳур. Унинг номи, ҳатто тарихий манбааларда ҳам учрайди. Маълумотларга кўра, қадимги Миср фиръавни Тутанхамоннинг индиго билан бўялган бир либоси 3,5 минг йил мобайнида ўз ранги ва сифатини йўқотмай сақланиб қолган. Миллий тарихимизда ҳам бунга мисоллар кўп. Манбаларда ёзилишича, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг тўнига ҳам индиго бўёғида тус берилган экан.
Жаҳон бозорида табиий бўёқлар билан ранг берилган матоларнинг қиймати анча юқорилиги бежиз эмас. Боиси, улар кўп вақт мобайнида ўз сифатини йўқотмайди ва ўзгармай туради. Юртимизда ҳам бундай матоларга талаб бор. Аммо республикамизда табиий бўёқ олинадиган ўсимликлар деярли етиштирилмагани боис, улар шу кунга қадар хориждан қиммат нархларда импорт қилинган.
Маҳаллий эҳтиёжни қондириш мақсадида ўтган йили Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги “ТСТ Cluster” кўп тармоқли кластери илк бор индигофера ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасига қўл урди. Дастлабки йил корхона томонидан 80 гектар майдонга ўсимликнинг “Феруз-1” нави, асосан, уруғлик олиш мақсадида экилиб, парваришланди ва ундан бўёқ ҳамда сифатли уруғ олишга эришилди.
Табиий бўёқ манбаи
Индигофера ўсимлигининг ватани Ҳиндистон экани айтилса-да, у мўътадил иқлим шароитига эга Миср, Япония, Европанинг жанубий минтақалари, Россия ва АҚШ ҳудудларида ҳам яхши ўсган. Одамларнинг ундан хабардорлиги олис минг йилликларга бориб тақалади. Узоқ вақтлардан буён ушбу мўъжизакор ўсимликдан бир неча йўналишларда кенг фойдаланилади. У қишлоқ хўжалигида ерларнинг унумдорлигини оширишга ёрдам берса, полиз экинлари, мевали дарахтзорлар, чой ва қаҳва плантациялари ҳамда токзорлар учун азот манбаи ҳисобланади. Тибет ва Ҳинд-Хитой халқ табобати, фармацевтика саноатида антибактериал ва замбуруққа қарши восита сифатида алоҳида қадрланади. Ўсимлик номини кўплаб дори воситалари таркибида учратиш мумкин. Осиё ва Европа тўқимачилик саноатида эса индигоферага жун, ипак, пахта ип ва матоларни бўяш учун олинадиган қимматбаҳо индиго табиий бўёғи (кўк рангдан то тўқ қизил ранггача) манбаи сифатида қаралади.
Бўйи одатда 1-1,5 метрга борадиган индигофера ўсимлиги иссиқ иқлимга эга тропик ўлкаларда яхши ўсади. Барглари узунчоқ, тоқ патсимон кўриниши билан ёдда қолади. Дуккаклилар оиласига мансуб бу ўсимликни ёввойи турлар қаторига киритиб бўлмайди, шунинг учун у фақат маданийлаштирилган шаклда ўстирилади.
Индигофера авваллари республикамизнинг тупроқ-иқлим шароитида саноат мақсадларида экилмаган. Тарихий манбаларда ҳам Марказий Осиёда уни саноат мақсадлари ва табиий бўёқ олиш учун экиш билан боғлиқ маълумотлар учрамайди. Бу борадаги тадқиқотларни ўтказиш ЮНЕСКО илм-фан бўлимининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг ташаббуси билан 2005-2007 йилларда “Ўзиндиго” лойиҳаси доирасида бошланган. Олимлар Орололди ерларининг табиий шўрланган шароитларида бир қанча тажрибалар ўтказди. Аммо бу қишлоқ хўжалигига доир тадқиқотлар эди.
Кластерда саноат занжири тўлиқ ўзлаштирилмоқда
“ТСТ Cluster”нинг ўтган йил апрель ойида йўлга қўйган лойиҳаси эса ўсимликдан саноат мақсадларида фойдаланишга оид илк йирик амалий қадамлардан бири бўлди. Ноёб индиго бўёғини олиш мақсадида кластернинг “Абай” ва “Юлдуз” ҳудудларида биринчи марта индигофера ўсимлигининг хориждан олиб келинган уруғлари экилди. Қоидасига кўра, ўсимлик бўёқ ишлаб чиқариш хусусиятларини йўқотмаслиги учун экилгандан сўнг 60-65 кун оралиғида йиғиб олинди. Кластерда уруғ сифатида териб олинган ҳосил жорий йилда қайта ерга қадалади. Мутахассислар битта майдондан мавсум давомида камида 2 марта ҳосил олишни кўзлаган.
— “ТСТ Cluster”нинг 80 гектар майдонида парваришланган индигоферанинг “Феруз-1” нави Қуйичирчиқ тупроқ-иқлимига тўлиқ мослашди, — дейди лойиҳа инвестори, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Биринчи йилнинг ўзида импорт ўрнини босувчи табиий пигментли бўёқ олишга муваффақ бўлдик. 1 гектар майдондан ўртача 18 тонна кўк масса, 36 килограмм пигмент олинди. Жами майдоннинг 20 гектаридан тажриба сифатида бўёқ олинган бўлса, қолган ерларда жорий йилда экиш учун сара уруғлик етиштирилди. 2021 йилда 200 гектар ерга индигофера ўсимлигини қадаб, ҳар гектар майдондан ўртача 40-60 килограмм, жами 8-12 тонна табиий бўёқ олишни мўлжаллаяпмиз.
Индигофера етиштириш бошқа дуккакли маҳсулотларни парваришлашга кетадиган харажатларга тенг бўлса-да, ундан табиий бўёқ моддаси оддий усулда, катта маблағ сарфланмасдан олинади. Фақат зарур агротехнологик тадбирлар тўғри олиб борилиб, ўсимлик етарли сув билан таъминланса бўлгани.
Ташаббускорлар шу йилнинг апрель ойида бўёқ олиш цехини тўлиқ ишга тушириш ҳаракатида. Бугунга қадар ҳовуз ва бошқа зарур иншоотларни қуриш, ускуна ва жиҳозларни монтаж қилиш ишлари якунланди. Ушбу цехнинг йиллик қуввати ҳозирча 20 тонна бўёқ олишга мўлжалланган. Келгусида унинг фаолияти кенгайтирилиб, ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш кўзда тутилган. Бу эса Ўзбекистонда илк бор индигофера ўсимлигидан саноат усулида сифатли табиий бўёқ олиш бошланганидан далолат беради.
Маълумотларга кўра, жинси матоси бўяладиган индиго кукунининг ҳар килограмми 80 АҚШ долларидан 240 долларгача баҳоланмоқда. Бўёқни маҳаллий шароитда олиш эса унинг нархини 50 долларгача арзонлаштириши мумкин. “ТСТ Cluster” ушбу бўёқни республикамиздаги тўқимачилик корхоналарига асосий етказиб берувчига айланиши кутиляпти. Ҳозирча унинг биринчи буюртмачиси Бухоро вилоятидаги “ВСТ Cluster”дир.
Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб тузилган мазкур кластер давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Бухоро вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Бу ерда пахта етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик жараёнлар занжир усулида амалга оширилади. Бу занжир Ромитан туманидаги 8 минг гектар майдонда етиштириладиган пахта толасидан ип йигириш, калавани бўяш, жинси матоси тўқиш ва жинси либослари тикиш тарзида бир-бирига боғланиб кетади.
“Bukhara Cotton Textile” корхонаси ушбу ишлаб чиқариш занжирининг охирги ҳалқаси. 65 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция маблағлари йўналтирилган мазкур корхона Германия, АҚШ, Бельгия ва Франциядан олиб келинган илғор технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган.
Бу ерда, асосан, жинси матосидан тайёрланган кийимлар ишлаб чиқарилади. Бунинг учун дастлаб 8 450 тонна калава ип йигирилади. Кейинги босқичда 15 миллион погон метр жинси матолар тўқилади. Учинчи-тўртинчи босқичларда эса улар қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотга айлантирилади. Мазкур тўқимачилик корхонасида 1500 нафар, кластер билан қўшиб ҳисоблаганда 6 000 нафар киши доимий иш билан банд қилинган.
Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида корхонага ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирар экан, “Жинси матолар ва маҳсулотлар чиқариш бўйича энг илғор давлатлар билан рақобат қилиш мумкин. Чунки еримиз, сувимиз, пахтамиз ўзимизники. Ишлайман деган ёшларимиз кўп. Таннархни яна пасайтирса бўлади. Лекин сифати халқаро даражада бўлса, дунёда, албатта, ўз ўрнини топади”, дея таъкидлади.
Бугунги кунда корхонада йилига ўртача 12,5 миллион дона “деним классик” ва “деним стретч” шимлари тайёрланиб, харидорларга етказилмоқда. Улар индигофера ўсимлигидан олинган табиий рангда бўялади. Шу боис, мазкур бўёқ ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш орқали импорт ўрнини босиш ҳамда маҳсулот таннархини арзонлаштириш кўзда тутилган.
Ўтган йили чет давлатларга 8,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Улар маҳаллий ва жаҳон бозорларига “B Jeans” бренди остида чиқарилди. Кластернинг ўз маҳсулотларини сотишга мўлжалланган савдо дўконлари ҳам бор. 2020 йилда Бухоро, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида очилган ана шундай дўконлардан харидорлар ўз дидига мос, дунё брендларидан қолишмайдиган жинси шимларни харид қилмоқда. Келгусида мамлакатимиз бўйлаб шундай дўконлар сонини 50 тага етказиш, шунингдек, хорижда 100 та савдо нуқтасини ташкил этиш мўлжалланган. Уларнинг дастлабкиси яқинда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида иш бошлади.
“Bukhara Cotton Textile” корхонасида ишлаб чиқарилаётган жинси матолари рангининг табиийлиги билан ички ва ташқи бозорда устунликка эга. Эндиликда “ТСТ Cluster” кўп тармоқли кластерида тайёрланадиган индиго табиий бўёғи келгусида нафақат “B Jeans” бренди, балки юртимиздаги бошқа кўплаб тўқимачилик фабрикаларида ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ўзгача сифат ва жило бериб, уларнинг жаҳондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири