2025 йилда республикада ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 15 412 та жиноят ва 1 956 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.
Тезкор тадбирлар натижасида 3 тонна 413 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилиб, истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинди.
Наркожиноятларнинг 53 фоизи Тошкент шаҳри (3 986 та), Фарғона (2 178 та) ва Тошкент (1 954 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
Гиёҳвандлик воситаларининг энг кўпини “гашиш” (48 фоиз ёки 1 тн 470 кг) ва “опий” (27 фоиз ёки 819 кг) моддалари ташкил этган.
14 та яширин нарколабораториялар аниқланиб, уларда сақланган жами 75 кг гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилинди.
Наркожиноят содир этган 11 049 нафар шахслар жавобгарликка тортилди. Ачинарлиси, жиноятчиларнинг 59 нафарини мактаб ўқувчилари, 124 нафарини талабалар ташкил этди.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Шу билан бирга, республикамизнинг барча вилоят, шаҳар-туманлари ҳокимликлари, тегишлилиги бўйича идора ва ташкилот ходимлари онлайн тарзда қатнашдилар.
Тадбир давомида масъуллар томонидан аҳолини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситаларини ўрни беқиёс эканлиги, шу боис келгусида ОАВлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигига таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, бу йил тезкор-профилактик ойликка расмий старт бериш маросими ўтган йиллардан фарқли ўлароқ ўзгача ташкил этилиб, тадбир доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ёшлар форуми” ўтказилди.
Форумни ёш ижодкорлар томонидан яратилган “Бадал” қисқа метражли фильми премьераси очиб берди. Премьерада муаллифлар лойиҳани яратишга туртки бўлган сабаблар, уни суратга олишда қўлланган креатив ёндашув, фильм орқали ёшларга етказмоқчи бўлган асосий ғоя ҳақидаги фикрларини баён қилишди.
Тадбир иштирокчиларига Шайхонтоҳур тумани “Жарариқ” маҳалласида ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва “Антинарко” ёшлар фронт офиси тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, форум давомида Ёшлар ишлари агентлиги фаоллари томонидан “Мини музей” ва “Блиц” қизиқарли савол-жавоб викториналари ташкил этилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.