Назорат тадбирлари давомида белгиланган талабларни жиддий равишда бузган объектлар фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти бевосита маскан раҳбарлари зиммасига юклатилган.

Шу боис, вазирлик мутасаддилардан эвакуация йўлларини шай ҳолатда сақлашни, ёнғин сигнализацияси ва техник ҳимоя воситаларининг созлигини доимий назорат қилишни ҳамда биноларни ёнғин ўчириш воситалари билан етарли даражада жиҳозлашни талаб қилмоқда.

Шунингдек, биноларни ижарага беришда ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя этиш мажбурияти шартномада аниқ кўрсатилиши зарур.

Бу каби қатъий чоралар Тошкент шаҳридаги “Aviator” савдо марказида юз берган ёнғин каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Ҳозирда республика бўйлаб ишчи гуруҳлар тузилиб, жойларда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Талабларни қўпол равишда бузган ва хавфсизликка беъэтибор бўлган масъул шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланиши эслатиб ўтилди.