2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури доирасида, шунингдек 30 июнь – Ўзбекистонда «Ёшлар куни» муносабати билан мамлакатимизнинг Бангкокдаги Бош консулхонаси томонидан Таиланднинг «Prince of Songkla University», «Fatoni University» олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари ва ёшлар ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ёш мутахассислари, шунингдек, Таиланд ҳудудидаги ёш ватандошлар иштирокида онлайн тренинг ташкил этилди.
Тадбирда ёшларга «Жануби-Шарқий Осиё минтақаси давлатларида ёшлар ташкилотлари бошқаруви» ҳамда «Таиландда ёшлар ташкилотларини бошқариш» мавзуларини қамраб олган тақдимот ўтказилди.
Шу тариқа ўзбекистонлик ёшлар нафақат Таиланд, балки бутун Жануби-Шарқий Осиё минтақасида ёшлар ташкилотларининг тузилиши, улардаги бошқарув шакллари тўғрисида батафсил маълумот олишга муваффақ бўлди, минтақадаги ёшлар ташкилотлари билан келажакдаги ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилаб олишлари учун имконият яратилди.
Таиланднинг Фатони университети халқаро алоқалар ва битирувчилар бўйича ректор ўринбосари профессор Сукри Лангпутеҳ Ўзбекистонда ёшларга давлатнинг энг катта бойлиги сифатида берилаётган эътибор ва имкониятларни юқори баҳолар экан, мамлакатимиз ёшлари ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда келажакда барча соҳаларда катта муваффақиятга эришишларини тилади. Шу билан бирга, Сукри Лангпутеҳ ўзбекистонлик ёшларни Таиландда малака ошириш учун Фатони университетига таклиф этди.
Мулоқот якунида томонлар ўртасида бундай учрашувларни мунтазам ўтказиб туриш юзасидан келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.