Ушбу тадбир БМТнинг 15 сентябр – “Халқаро демократия куни”га бағишланган бўлиб, БМТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), “Юксалиш” ҳаракати, Прогрессив ислоҳотлар маркази ва нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда Япония, Германия, Туркия, Швеция, Швейцария, Польша, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатлардан “ақл марказ” лари, тадқиқот институтлари, нодавлат ташкилотлари экспертлари ва Ўзбекистондаги давлат органлари, жамоат тузилмалари вакиллари, тадқиқотчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Фуқаролик жамиятининг ривожи ва ягона тизим

Анжуманда сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик назорати соҳасидаги роли ва таъсирини кучайтириш йўналишида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар эътироф этилди. Бунинг натижасида, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган янги тизим ишлаб чиқилди.

Қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база

Сўнгги йилларда қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролик жамияти институтларига эркин фаолият юритиш учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган. Янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқаролик жамиятига алоҳида боб ажратилиб, унга конституциявий мақом берилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида эркин фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш белгиланди.  

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

2024 йил 26 августдаги Президент фармони билан фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва рақобатга асосланган тизими, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди. Буни амалга ошириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни бериш жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилди.

Янги механизмлар ва қонунчилик

Жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган қонун билан амалдаги 10 та қонунга ўзгартиришлар киритилди, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий буюртмаларни бериш механизмлари такомиллаштирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятига давлат мансабдор шахсларининг ноқонуний аралашуви учун жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратига тегишли ташаббуси тўлиқ кафолатланиб, давлат органлари жамоатчилик назоратига оид якуний ҳужжатларини ўз вақтида кўриб чиқмаганлиги учун жавобгарлик белгиланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 30 мингга яқин фуқаролик жамияти институти фаолият юритмоқда ва уларда 150 мингдан ортиқ фуқаролар меҳнат қилмоқда.

Эътироф этиш зарурки, фуқаролик жамияти институтлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда, стратегик мақсадларга эришиш жараёнида давлат идоралари ва ташкилотларига чинакам кўмакдош бўлиб, жамият ва давлат ўртасида боғловчи ижтимоий кўприк вазифасини бажармоқда деди – Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбари, Азамат Пардаев .

Халқаро экспертларнинг фикрлари

Халқаро экспертлар фикрича, Ўзбекистоннинг демократик жараёнларни ривожлантиришдаги тажрибаси, айниқса, геосиёсий муаммоларнинг кучайган пайтида муҳим аҳамият касб этмоқда. Германиядаги “Ғарб–Шарқ учрашувлари” фонди бошқарув аъзоси Дирк Удо Фрике фуқаролик жамиятининг ижтимоий масъулиятини ҳар икки томонлама – давлат ва жамият томонидан кучайтиришни таъкидлади. Унинг фикрига кўра, фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббуслари демократиянинг ҳақиқий асосидир.

Европада истиқболлар ва хавфсизлик институти директори Эммануэль Дюпи эса замонавий дунёда киберманипуляциялар ва ахборот хуружларининг демократик жараёнларга таъсирига урғу берди. Унинг фикрича, ахборот шаффофлиги ва фуқароларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Янги Ўзбекистондаги тажриба ва халқаро моделлар

Тадбирда Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришдаги тажрибаси Германия, Швейцария, Япония, Туркия ва Озарбайжон каби мамлакатлар тажрибаси билан қиёсланди. Шунингдек, глобал миқёсда демократик қадриятларни ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистоннинг тажрибаси эътироф этилди ва илғор моделлардан бири сифатида қабул қилинди.

Хулоса сифатида шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, конференция маҳаллий ва халқаро экспертлар учун самарали мулоқот майдонига айланди ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашинувини фаоллаштириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Зулхумор АКБАРОВА