Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда бугун барқарор ўсиш ва фаровонлик учун янги имкониятлар эшиги очилаётгани, минтақа жадал тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконига айланиб бораётганини таъкидлади.

Минтақамизнинг геосиёсий жойлашуви, Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим савдо йўлаги ҳамда йирик давлатлар ўртасидаги стратегик бу­фер ҳудуд сифатида хизмат қилиши Ўзбекистон­нинг минтақавий муносабатлар ва хавфсизлик масаласидаги мавқеини оширади.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатда минтақавий хавфсизликни глобал хавфсизлик билан узвий боғлиқ ҳолда кўради. Мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида очиқ мулоқот таъминлангани, чегара масалаларининг ҳал этилгани, сув, энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилга­ни айнан хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Марказий Осиё плюс” форматининг фаоллашуви, ягона позициянинг халқаро майдонда илгари сурилиши минтақанинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мавқеини кучайтирди. Айниқса, Озарбай­жоннинг Маслаҳат учрашувларига тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик кўприк ўрнатиб, хавфсизликнинг янги минтақавий контурларини шакллантиряпти. Бу эса глобал хавфсизлик тизими барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари халқаро хавфсиз­ликнинг институционал асосларини мус­таҳкамлаш зарурлигини алоҳида қайд этиб, Маслаҳат учрашувларини “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлан­тириш ғоясини илгари сурди. Бу ташаббус минтақада мувофиқлаштирилган қарорлар қабул қилиш, таҳдидларга биргаликда жа­воб бериш ва узоқ муддатли хавфсизлик стратегиясини шакллантириш имконини беради.

Хавфсизлик масалаларида Ўзбекистон ён­дашуви фақат ҳарбий-сиёсий жиҳатлар билан чекланмайди. Шу боис, терроризм, экстре­мизм, трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш, Афғонистондаги вазият, экология ва сув танқислигини юмшатиш масалалари ҳам биз учун жуда муҳим. Чунки минтақамиз­нинг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги бевоси­та минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари­мизга боғлиқ.

Афғонистон масаласида Ўзбекистон конструктив ва прагматик позицияни эгал­лаб, ушбу мамлакатни минтақадаги иқти­содий ва инфратузилмага оид лойиҳаларга интеграциялаш, бу орқали узоқ муддатли барқарорликка эришишни мақсад қилган. Бу ёндашув халқаро хавфсизлик архитектураси­да куч ишлатишдан кўра ривожланиш ва ҳам­корликка таяниш моделини илгари суради.

Марказий Осиёда сувдан оқилона фойда­ланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги ташаббуси янги Ўзбекистоннинг хавфсиз­ликни кенг қамровли, барқарор ривожланиш билан боғлиқ ҳолда кўраётганидан далолат беради.

Минтақадаги чегаралар билан боғлиқ низолар, сув танқислиги, терроризм ва экстремизм хавфи каби умумий муаммо­лар биргаликдаги ечимларни талаб этади. Шу боис, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида экология ва табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқило­на фойдаланиш, транспорт-коммуникация инфратузилмаларини янада ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш му­ҳим мақсад ва вазифа этиб белгиланган.

Шунингдек, Марказий Осиёда халқаро ҳу­қуқ ва минтақадаги барча давлатнинг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқ­чилик муносабатларини чуқурлаштириш, Марказий Осиё давлатлари ҳудудида фуқаро­ларнинг эркин ҳаракати, товарлар, хизматлар ва капиталнинг сунъий чекловларсиз айлани­шига босқичма-босқич эришиш, умумий сайёҳлик маконини шакллантириш ишларини давом эттириш ҳам жуда муҳим вазифа.

Бундан ташқари, Афғонистон билан кўп қиррали ва ўзаро фойдали муносабатларни ривожлантириш, унинг иқтисодий тиклани­шига яқиндан кўмаклашиш, транспорт-тран­зит салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳисса қўшишдан минтақадаги барча мамлакатлар манфаатдор.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ижобий йўналиш олди. Ушбу ҳамкорлик Марказий Осиё давлатлари раҳ­барларининг Маслаҳат учрашувлари дои­расида минтақавий механизмлар орқали муаммоларга тез ва конструктив ечим топи­лаётгани, МДҲ, ШҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик кенгайти­рилаётганида намоён бўлади.

Президентимиз “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласида минтақа чина­кам бирдамлик босқичига ўтаётганини таъ­кидлар экан, бу жараённинг тасодифий эмас, балки давлатлар раҳбарларининг сиёсий иро­даси ва узоқ муддатли масъулиятли танлови натижаси эканини алоҳида қайд этди.

Мазкур фикр мамлакатимиз ташқи сиё­сатининг асосий тамойилини ифодалайди: хавфсизлик мажбурлаш ёки қарама-қарши­лик эмас, балки ишонч ва ҳамкорлик билан таъминланади.

Янги Ўзбекистон халқаро хавфсизлик архитектурасига Марказий Осиёда ишонч муҳитини барпо этиш орқали кириб келмоқ­да. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари­нинг 2017 йилдан буён мунтазам ўтказиб ке­линаётган Маслаҳат учрашувлари минтақада ташқи воситачиларсиз мулоқот анъанасини шакллантирди. Бу жараён эса Президенти­мизнинг мақоласида янгича сиёсий тафаккур рамзи сифатида талқин қилинган.

Айнан шу мулоқот туфайли ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган че­гара масалалари узил-кесил ҳал этилди. 2025 йили Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикис­тон ўртасида уч давлат чегараларининг ту­таш нуқтаси бўйича келишувга эришилгани минтақавий хавфсизлик тарихида янги саҳи­фа очди.

Хавфсизликнинг иқтисодий мезони янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида марказий ўрин тутади. Президентимизнинг мазкур мақо­ласида келтирилган статистик маълумот­лар минтақавий барқарорликнинг моддий асослари мустаҳкамланаётганини яққол кўрсатади. Жумладан, сўнгги саккиз йил­да Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,5 баробар кўпа­йиб, 520 миллиард долларга етди. Ташқи савдо ҳажми эса 253 миллиард доллардан ошди. Ўзаро савдонинг икки баробар, ўзаро инвестицияларнинг 5,6 баробар кўпайгани минтақавий интеграция хавфсизликни мус­таҳкамловчи муҳим омилга айланганидан далолат беради. Айниқса, Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан савдоси ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етгани юрти­мизнинг минтақавий иқтисодий барқарор­ликдаги етакчи ролини кўрсатади.

Ўзбекистон хавфсизликни фақат ҳар­бий-сиёсий масала сифатида эмас, балки энергетика, сув ва экология билан узвий боғлиқ жараён сифатида талқин қилади. “Қамбарота 1” ГЭС лойиҳасининг уч дав­лат томонидан биргаликда амалга ошири­лиши, Амударё ва Зарафшон ҳавзаларида сув ресурсларидан келишилган тартибда фойдаланиш бўйича битимлар минтақавий хавфсизликнинг янги моделини — умумий ресурсларга адолатли ёндашувни шакллан­тирмоқда. Бу модель экологик хавфларни камайтириш билан бирга ижтимоий бар­қарорликни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мамлакатимизнинг халқаро хавфсизлик архитектурасидаги ўрни Афғонистон маса­ласидаги ёндашувида яққол намоён бўлади. Зеро, Афғонистон минтақанинг таркибий қисмидир. Трансафғон темир йўли лойиҳа­си Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлигини кучайтириш билан бирга Афғонистоннинг иқтисодий тиклани­ши учун реал пойдевор яратади. Бу эса мин­тақанинг жанубий сарҳадларида барқарор­ликни таъминлайди.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яна бир муҳим жиҳати, халқаро майдонда муво­фиқлаштирилган ёндашувларни илгари су­ришдир. “Марказий Осиё плюс” форматининг фаол ривожланиши минтақани глобал сиёсат­нинг мустақил субъекти сифатида шакллан­тирмоқда. Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Япония ва АҚШ билан минтақавий форматда­ги мулоқотлар Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.

2026 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида глобал ва минтақавий миқёсда кескинлашиб бораётган геосиёсий вазиятни алоҳида тилга олиб, турли ҳудуд­ларда қуролли можаролар кенгайиши, қу­ролланиш пойгаси жадаллашуви, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик механизм­ларнинг заифлашуви замонавий халқаро хавфсизлик тизимини издан чиқараётгани­ни таъкидлади.

Бу эса Ўзбекистонни ташқи кузатувчи сифатида эмас, балки фаол ва масъулиятли иштирокчи сифатида ҳаракат қилишга ун­дайди. Замонавий урушлар моҳиятан тубдан ўзгарган. Энди ҳарбий устунлик фақат сон ва анъанавий қурол-аслаҳага эмас, балки сунъий интеллект, рақамли бошқарув, кибер­хавфсизлик, робот технологиялари ва юқори аниқликдаги узоқ масофали зарба бериш им­кониятларига таянади.

Тинчлик ва барқарорлик энг олий қад­рият сифатида эътироф этилган йиғилишда Президентимиз “проактив иш режими” ту­шунчасини илгари суриб, барча соҳа ва тар­моқлар хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларга жавоб қайтариш қобилиятига эга бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Бу ёндашув Ўзбекистоннинг минтақа­вий хавфсизликдаги ролини пассив мудофаа билан эмас, балки барқарорликни мустаҳ­камловчи, олдини олувчи сиёсат асосида ба­жараётганини англатади.

Ушбу йиғилишнинг муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, давлатимиз раҳбари янги Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурати ҳақида сўз юритди. Қайд этилишича, янги доктрина Ўзбекистоннинг ҳеч қайси ҳар­бий блокка қўшилмаслик сиёсатини сақлаб қолган ҳолда кўп томонлама дипломатияга таяниши, ҳарбий мустақиллик ва юқори тех­нологияларга асосланган стратегияни илгари суриши лозим. Бу позиция Ўзбекистонни минтақада мувозанатлаштирувчи ва барқа­рорликни таъминлашга интилувчи давлат си­фатида намоён этади.

Умуман олганда, Марказий Осиё мам­лакатлари ўртасидаги қатор муаммолар­нинг босқичма-босқич бартараф этилаёт­гани Ўзбекистоннинг бу борадаги фаол ва конструктив ўрни билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизнинг халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари қатор ташаббус ва тадбирлар жараёнида яққол кў­ринади. Жумладан, мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ри­вожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги Самарқанд конференцияси, Аф­ғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавф­сизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Тошкент конферен­цияси, “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуси­даги Тошкент халқаро конференцияси, “Мар­казий Осиёда ўзаро боғлиқлик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзусидаги халқаро ан­жуман шулар жумласидан.

Бундан ташқари, Самарқандда илк бор ўт­казилган Марказий Осиё ва Европа Иттифо­қи саммити, ЮНЕСКОнинг биринчи марта Самарқандда бўлиб ўтган йиғилиши, Пар­ламентлараро Иттифоқнинг 150 йиллиги му­носабати билан Тошкентда ташкил этилган тадбирлар, турли мавзу ва йўналишлардаги халқаро эксперт конференциялари, илмий- амалий учрашувлар ва дипломатик мулоқот­лар янги Ўзбекистоннинг ўзгариб бораётган халқаро хавфсизлик архитектурасида нафа­қат минтақавий, балки глобал миқёсда ўзаро ишонч ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ташаббускори эканидан дарак беради.

Ўзбекистоннинг халқаро сиёсат ва хавф­сизлик борасида мустақил позицияга эга бўлиши ҳар жиҳатдан муҳим. Бу, айниқса, бугунги халқаро хавфсизликка нисбатан салбий ёндашувлар, куч омили ортиб бо­раётган бир пайтда янада долзарб аҳамият касб этади. Чунки ўзгариб бораётган хал­қаро хавфсизлик архитектурасидаги анъа­навий ва ноанъанавий таҳдидларга қарши курашда Ўзбекистон учун иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик ҳамкорлик ало­қалари жуда зарур. Аслида, бугунга келиб халқаро хавфсизлик архитектураси Иккинчи жаҳон урушидан кейинги танаффусдан сўнг яна жиддий тусга кирмоқда.

Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган ўзаро қарама-қаршиликлар, қурол­ли тўқнашувлар, Афғонистоннинг келажа­гига доир ноаниқликлар, айрим жойларда сақланиб қолаётган зиддиятлар минтақавий можароларнинг глобал тусга айланиб кетиш хавфини кун сайин орттириб боряпти.

Шу боис, Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақа хавфсизлиги ва барқарорлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олишда давом этиши керак. Бунинг учун, шубҳасиз, мудо­фаа қобилиятини кучайтириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ҳамда мам­лакат ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш шарт. Кучли Ўзбекистон — барқарор ва ривожланган Марказий Осиё кафолати. Минтақа давлат­ларининг Ўзбекистонга нисбатан шубҳа ва гумонда бўлмаслиги учун улар билан доим мулоқот, ишончли ҳамкорлик ҳамда очиқ­ликни тарғиб қиладиган муносабатларни сақлаш зарур. Давлат ташкилотлари ҳамда халқ вакиллари билан самимий ҳамкорлик ва алоқалар минтақанинг бирлашувини ва хавфсиз келажагини таъминлайди.

Ҳабибулло САДИБАҚОСЕВ,

сиёсий фанлар доктори