Унда филолог олимлар, санъатшунослар, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Муҳокамада сўзга чиққанлар фильмнинг 18 йиллик консервациясидан сўнг қўшимча суратга олиш ишлари олиб бориб, тақдим этилаётгани – ноёб ҳолатлигини қайд этиб, бу картинага ўзгача руҳ бергани айтилди. Жадид шахсини очиб берилганлиги, фалсафий ва чуқур мушоҳадага чорловчи диалоглари, халқ маорифи учун кураш ҳаққоний ёритилгани, актёрлар жамоасининг маҳорати Беҳбудийшунос олимлар томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, картинадаги айрим эпизодларни англаш, тушуниш учун чуқур билим талаб қилиниши, Беҳбудий ҳаётининг баъзи жиҳатларига камроқ эътибор берилганлиги каби танқидий фикрлар ҳам билдирилди. Фильмни кенг омма бирдай ҳазм қила олиши учун айрим эпизодларни халқчилроқ қилиш, сериал шаклига келтириш каби тавсиялар берилди.
Кинокартинада большевикларнинг, Бухоро Амирининг Маҳмудхўжа Беҳбудийга бўлган муносабати очиб берилган. Шунингдек, шу кунгача деярли фильм қилинмаган Дукчи Эшон қўзғолони, мухториятнинг йўқ қилиниши, мардикорлар қўзғолони ҳам ҳаққоний ёритилганлиги айтилди.
Санъатшунос олимлар, Беҳбудий шахсининг визуал мукаммаллиги, айрим майда камчиликларни ҳисобга олмаганда, фильмнинг экрандаги талқини ўзига хос колоритни топганлиги, жадиднинг ижодий фаолиятидаги ёндашувлар ёрқин тарзда акс эттирилганлиги таъкидланди. Айниқса, ёшлар тарбиясидаги ўрни, жадидлар яшаган даврдаги сиёсий ва ижтимоий мафкуранинг бадиий талқини борасида илиқ фикрлар айтилди.
Бақо Содиқовнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми ўзбек миллий кинематографиясида воқелик бўлди. Киномедиа клуб аъзолари томонидан фильмнинг Миллий телевизион намойишини ўтказиш тавсия қилинди. Бу аҳолининг жадидлар бўйича билимларини мустаҳкамлаш, улуғ маърифатпарварларни англаш ва улуғлашда хизмат қилишига ишонч билдирилди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати