Электр таъминоти етказиб берила бошлангач, жами 62 та табиий газ қазиб чиқариш конлари, шу жумладан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг йирик конлари, яъни «Зеварда», «Алан» ва «Помук» жами 27 та табиий газ қазиб чиқариш конлардаги барча қудуқлар ва бир қатор сиқув компрессор станциялари тўлиқ иш режимида иш бошлади.
Шунингдек, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги 11 та табиий газ конлари ҳамда технологик қурилмалар иш фаолияти тикланяпти.
Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида барча 23 та табиий газ қазиб чиқариш конлари, қурилмалар ва сиқув компрессор станцияси ишлаяпти.
Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассислари томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг «Жанубий Ўртабулоқ», «Сомонтепа» конларидаги қудуқлар ва сиқув компрессор станциялари, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг Газдан пропан-бутан олиш қурилмалари, 1- ва 2-сон сиқув компрессор станцияси, маҳсулот газини магистраль газ қувурларига етказиб бериш сиқув компрессор станцияси ҳамда «Шимолий Нишон» сиқув компрессор станциясида нормал иш режимини тиклаш бўйича ишлари олиб бориляпти.
«Шўртан газ кимё мажмуаси», «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» ва «Муборак газни қайта ишлаш заводи» ишга туширилган бўлиб, уларнинг ҳам тўлиқ қувватда фаолият юритишини таъминлаш чоралари кўриляпти.
Шунингдек, суюлтирилган газ, бензин ва дизель ёнилғисини Республиканинг барча турдаги истеъмолчилари, шу жумладан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига барқарор етказиб бериш ишлари тўлиқ назоратга олинди ҳамда узлуксиз етказиб берилиши таъминланяпти.
Таъкидлаш керакки, «Ўзтрансгаз» АЖ магистраль газ қувурларига табиий газ етказиб бериш босқичма-босқич тикланяпти. Ҳар бир вазият «Ўзбекнефтгаз» АЖда вақтинчалик тузилган Штаб аъзолари ва Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик департаменти мутахассислари томонидан мониторинг қилиб бориляпти, ҳолатлар юзасидан қўшимча расмий маълумотлар бериб борилади, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.