Бугун спорт ёки санъат орқали довруқ қозонаётган юртимиз илм-фан билан ҳам дунёга чиқаётир. Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди – ёшлар дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда, тажриба орттирмоқда, илмий ва амалий ишлари, ихтиролари билан ном қозонмоқда.
Ўтган йил қиш фасли бошида Туркиянинг Йилдиз техника университетида “Янги Ў збекистон — янги ғоялар!” шиори остида “ Ўзбекистон ёшлари форуми — Туркия” тадбири ўтказилган эди. Унда ёш олим Саидбек Болтабоев “Учинчи Ренессанс” йўналишидаги лойиҳалари тақдимотини қилганди. Орадан кўп ўтмай, “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан ёш олимнинг китоби чоп этилди. Айни пайтда Саидбек Болтабоев Туркиянинг Карабук давлат университети профессоридир. Унинг бугунга қадар босиб ўтган йўли юртимиз ёшлари учун ибратга арзийди, деб ўйлаймиз.
Мумтоз филологияни ўрганишга иштиёқимни устозим уйғотган
1988 йили Андижон вилоятида туғилганман. Ўрта таълимни қишлоғимизда, сўнг тилларга ихтисослашган мактаб-интернатнинг инглиз тили чуқурлаштириб ўтиладиган синфида давом эттирдим. Бу мактабда инглиз тилини пухта ўргандим. Болалигимдан “Катта бўлсам, дипломат бўламан, давлатимизни чет элда машҳур қиламан”, деган орзу билан улғайдим. Бу орзу қатъий мақсадга айлангач, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси бўлдим.
Бир куни устоз, профессор Қосимжон Содиқов дарсга кирди:
— Орангизда андижонлик борми? — сўраб қолди домла.
— Мен, — жавоб бердим.
Ўқитувчимиз Андижоннинг Лўмбитепасидан бир ёдгорлик топилганини, у ердан кўзага ёзилган кўктурк ёзуви чиққанини айтиб берди. Табиийки, бундан хабарим йўқ эди.
— Бу ёдгорликда битилган ёзувни қандай ўқишимиз мумкин? — деб сўрадим қизиқишим ортиб.
Устозимиз бунинг учун кўктурк ёзувини ўрганиш кераклигини айтди. Шундан бошлаб устознинг “этаги”ни қўйиб юбормадим. Профессор Қосимжон Содиқовнинг маҳорати шунда эдики, нима қилсам экан, деган ўйда юрган ҳар бир талабани тарихга қизиқтирди, фаннинг сирли ва сеҳрли оламига бошлаб кирди. Мени лаборант сифатида ишга қабул қилди. Кейин кўктурк ёзувини, устозимнинг ёрдами билан уйғур ёзувини ўргандим. Араб ёзувини қисман билганим бу бўйича билимимни такомиллаштиришимга кўмак берди.
Таълимнинг кейинги босқичини қаерда ўқиш ҳақида кўп ўйладим. Устозим тавсияси билан магистратурада ўқишни Истанбул университетида бошладим.
“Ўзбек йигит” деб аташларидан ғурурланаман
Туркияга келгач, бир йил давомида турк тилини ўргандим. Сўнг Истанбул университетига магистратура босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Магистрлик диссертациясини ёздим. Ундан кейин докторантурада таҳсил олдим. Докторантурада ўқиш мобайнида таржима билан шуғулландим. Машҳур тадқиқотчилар билан 25 минг сўзни ўз ичига олган ўзбек-турк луғатини туздик. Айнан шу луғат ҳозиргача бу тилларда яратилган энг катта луғатдир. Қувонарлиси, айни пайтда Туркия университетларида ундан кенг фойдаланилади. Бир вақтнинг ўзида ҳам луғат тузиш ишларида, ҳам ўзбек адабий тили билан боғлиқ бир неча лойиҳаларда қатнашдим. Лойиҳалар орқали Туркиядаги ўзбек сифатида танилдим.
2018 йилдан бугунга қадар 60 минг талабадан иборат Карабук университетида турк тили ва адабиёти йўналишида дарс ўтаман. Она Ватаним, юртимиз олимлари билан мунтазам алоқадамиз. Карабук ва юртимиздаги 30 га яқин университет билан халқаро шартномалар имзоланди. Шартнома бандларига мувофиқ, ўзбекистонлик ўқитувчиларимиз Туркияга келиб тажриба орттирмоқда. Қадимий туркий тилнинг келиб чиқиши билан боғлиқ билимларини мустаҳкамламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг хориждаги биз каби ватандошларни ўйлаб кўрсатган қатор ташаббуслари уларнинг салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш борасида катта қадам бўлди. Хайрли ишларга васила сифатида ҳаётимизга енгиллик, янгилик олиб кирди.
Бунинг акс этишини менинг тақдиримда кўринг: “Ватандошлар” жамоат фондига китобимни нашр этиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Улар бу ташаббусимни қўллаб-қувватлади. Китоб баҳор фасли арафасида “Алишер Навоий девонларининг дебочалари” номи билан нашр этилди. Жорий йилнинг 6 март куни Туркияда “Мовароуннаҳр — 2022, маърифатга бахшида умр” номли илмий-амалий анжуман доирасида мазкур асар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Туркияда таълим олаётган ёшлар, илмий тадқиқотчилар ва ватандошлар иштирок этди. Тақдимот доирасида йиғилганларнинг асар тўғрисида фикр ва мулоҳазалари тингланди, тадбир сўнгида иштирокчилар ҳамда ватандошларга “Алишер Навоий девонларининг дебочалари” совға сифатида тақдим этилди. Бу ёшлигимдаги орзум — юртимни дунёга танитаман, деган мақсаднинг амалиёти учун илк қадамлар эди. Айниқса, китоб муаллифи ким деб сўрашса, исмимни эмас, “ўзбек йигит” дейишганида, қалбимдан ўтадиган ифтихорни оддий жумлалар билан ифодалаб бера олмайман.
Ҳар жойда ўзлигимни намоён этишни канда қилмайман
Рафиқам ҳам ўзбек, ўз юртимдан. Миллий таомларимизни маромига етказиб тайёрлайди. Мен унга ҳар жойда, ҳатто қўни-қўшнилар билан мулоқотда ҳам ўзлигини, ўзбеклигини билдириб туришини, нутқига аҳамият беришини, маданиятида, одоб-ахлоқида ўзгачалиги сезилиб туришини такрор-такрор айтаман. Чунки бизга қараб миллатимизга баҳо беришади, бунинг масъулиятини унутмаслигимиз керак.
Албатта, бир кун келиб Ватанимизга қайтиб хизмат қилишни бурчимиз, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар, кун сайин очилаётган янги имкониятлар, янги ташаббуслар мени илмий ишларимни янада маромига етказиб, юртимга қайтишга ундамоқда. Мен спортчи эмасман, тадбиркор ҳам эмас, бироқ тилшуносман. Юртимнинг нуфузини шу жабҳада янада оширишга хизмат қилишим мумкин.
Баъзи тиллар фақат бир алифбода ривожланган. Араб тили қадимда ҳам, ҳозир ҳам бир алифбода. Арман ва хитой ёзуви ҳам. Лекин бизнинг тилимиз 1300 йиллик тарихда 13 хил алифбога эга бўлган. Охирги 100 йилда алифбомиз 3 марта ўзгарган. Бир тил учун бу жуда катта ҳодиса.
Халқни дунёга танитиш учун она тилининг нуфузини ошириш даркор. Бунинг учун эса ҳар бир миллат ўз тилини мукаммал билмоғи, бу туганмас хазинадан тўла-тўкис фойдалана олиши лозим. Ҳозирги ёшларга ҳам айтган бўлардим: тилимизнинг софлигини сақлашимиз керак. Унга бошқа тилларни қўшиб эмас, ўзлигича мулоқот қилишимиз, уни ўрганишдан тўхтамаслигимиз шарт. Шундагина бошқа халқлар ҳам тилимизга қизиқади, ибораларимиздан фойдаланишга ҳаракат қилади.
“Ватандошлар” жамоат фонди Ахборот хизмати раҳбари Уфора ҲАБИБУЛЛАЕВА ёзиб олди.