У ҳам бўлса, миллатга берилган улуғ неъмат — тилдир. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Аждодларимизнинг миллий ўзлигимизнинг бош мезони ҳисобланган тилга бўлган бу даражадаги куюнчаклигини ўша даврдаги сиёсий-ижтимоий талотумлар тақозоси сифатида қарашимиз табиий. Аммо улар билдирган хавотирлар ҳар қайси давр учун ҳам долзарбдир.

Таъкидлаш жоиз, халқимиз орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг 1989 йил
21 октябрда қабул қилиниши мустақиллик ва мамлакат суверенитети сари ­қўйилган дастлабки, шу билан бирга, жасоратли қадам эди. Ушбу тарихий ҳужжат туфайли ўзбек тили юксак мақомга эга бўлди.

Орадан ўттиз йил ўтиб, ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини оширишга қаратилган яна бир муҳим ҳужжат имзоланди. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Мазкур ҳужжат билан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонланадиган бўлди.

Куни кеча эса Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти қатор мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” республика танловини эълон қилди. Учинчи марта ташкиллаштирилаётган танловдан мақсад ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, энг муҳими, давлат тилига оид муаммоларни ҳал қилишда илмий-амалий ёндашувни ривожлантиришдан иборат.

Тилга бўлган ҳурмат, унга берилаётган эътибор фақат ҳужжатлару қоғозларда эмас, балки амалда кўзга ташлана бошлади. Ўзбек тили жаҳоннинг юксак минбарларидан янгради. Ўзбекис­тон Президенти 2020 йил
23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқишида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили — ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат. Ҳозирда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда.

Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз барча миллатларнинг тили ва маданиятини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратган.

Маълумотларда таъкидланишича, ер юзида 5621 та тил ва шева мавжуд. Ҳозиргача улардан 500 тасигина ўрганилган, холос. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви йўқ, фақат оғзаки нутқ шаклига эга.

Дунёда оғзаки нутқ шаклидаги тиллардан ташқари имо-ишоралар тили ҳам бор. Масалан, яқинда Жанубий Африка Республикасида мамлакат парламенти конституцияга киритган ўзгартиш­ларни тасдиқлади, унга кўра, жанубий африкаликларнинг имо-ишоралар тили давлат тили мақомига эга бўлди.

Айни пайтда сайёрамизда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб
50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бири эканини намоён қилади. Бугун ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётда кенг қўлланилиб, уни ўрганиш ва тадқиқ этишга бўлган қизиқиш нафақат юртимизда балки хорижий мамлакатларда ҳам кучайиб бормоқда.

Аммо тан олиб айтиш лозим, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Тилимиз билан боғлиқ айрим масалаларда қайси қоидаларга таяниш кераклиги юзасидан бир тўхтам йўқ. Албатта, бу жараёнда Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Ахмад Югнакий каби буюк аждодларимиздан қолган бой маънавий меросга ­мурожаат қилиш ўринли.

Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит-турк” асари туркий халқларнинг тилшунослигига ҳамда маданиятига улкан ҳисса қўшган. У ҳар бир туркий қабила тилига хос бўлган диалектал хусусиятларни аниқлаган. Қошғарий турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарлари, қишлоқ ва яйловларини кезиб луғатларини тўплаган. Турли сўз хусусиятларини аниқлаган ва тартибга солган. Асарда 6 мингдан ортиқ туркий сўзларга атрофлича изоҳ берилган бўлиб, бу жуда катта қамровдир.

Ўзбек адабий тилининг шаклланиш даврини кўрсатувчи асарлар сирасига Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарини киритиш мумкин. Подшо Кунтуғди, доно вазир Ойтўлди, Ойтўлдининг ўғли Ўгдилмиш ўртасидаги суҳбатдан иборат асар шеърий панднома бўлиб, XI аср қабила тилларини бирлаштиришга ва у тилни ривожлантиришга катта ҳисса бўлиб қўшилди. Шунинг учун бу асар тилида ўзбек, уйғур, қирғиз каби туркий тилларга хос бўлган хусусиятлар ўз аксини топган.

“Ҳибатул ҳақойиқ”. Улуғ адиб Аҳмад Югнакийнинг мазкур асари бадиий сўз санъати ва ўзбек адабий тилининг жуда қимматли ёдгорлигидир. Туркий тиллар, жумладан, ўзбек тили тарихини илмий равишда чуқур ўрганишда “Ҳибатул ҳақойиқ” асари энг муҳим манбалардан бири ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, ҳар учала асар ҳам ҳозирги туркий тилларни ўрганишда ва уларнинг қиёсий тарихий грамматикасини яратишда қимматли манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирги глобаллашув ҳар қандай ҳалқ ва давлатни ўзининг миллий маданияти, қадриятлари, анъаналарини ва айниқса, тилини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириб боришни тақозо этмоқда. Шундай экан, ўзбек тилининг обрў-эътиборини ошириш, мамлакатимизда давлат тилининг тўлақонли жорий этилишини таъминлаш ҳар бир миллатдошимизнинг муқаддас бурчи бўлмоғи лозим.

Ҳожиакбар ТЎЛАГАНОВ,

ЎзагросуғуртаАЖ бошқарув раисининг маслаҳатчиси