Маълумки, дунёда пандемия шароитида миллионлаб иш ўринлари йўқотилди. Миллиардлаб иқтисодий зарар кўриляпти. Лекин мамлакатимизда ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўрилаётганлиги боис, пандемиянинг зарари кам бўляпти. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда сезиларли ўзгаришларга эришиляпти.
Бу борада Қуйи Чирчиқ туманида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир. “Галаботир” маҳалласининг Кўкариқ кўчасида истиқомат қилувчи Беҳзод Ўринбоев ишсиз бўлган тенгдошлари билан маслаҳатлашиб, бир лойиҳани бошлашди. 15 нафар ёшлар билан биргаликда 10 қути ипак қурти боқишга қарор қилишди. Ҳозир ипак қурти охирги уйқуга кетган бўлиб, эрта-индин ҳосилни йиғиштириб олишга киришишади.
– Беш киши барг олиб келади, қолганлар шохларнинг баргларини қирқиб қуртларга бериш ва парвариш юмушлари билан банд, – дейди Беҳзод Ўринбоев. – Ишимиз ёмон эмас. Ҳозиргача ҳар бир қути учун 250 минг сўмдан аванс пули беришди. Ҳосил пишиб етилгач, ҳар қути учун яна 750 минг сўмдан беришади. “Кумуш тола”нинг килограммига 20 500 сўмдан тўлашади. Шунда ҳар биримиз мавсумда 2,5 миллион сўмдан пул оламиз. Бу кам пул эмас. Энг муҳими, ҳар биримизга бир йиллик иш стажи ёзилади.
“Мингчинор маҳалласида истиқомат қиладиган, 26 ёшлик Азимбек Тоштиров ҳам бир қути ипак қурти боқмоқда. Ота касби деҳқончилик бўлган Азимбекка бу иш қийинчилик туғдирмаяпти. Билмаганларини сўраб-суриштириб ўрганмоқда. Бугун туманда бундай ёшлар кўплаб топилади.
– Ипак қурти парвариш қилиш албатта, майда иш, – дейди Бегойим Мирзақулова. – Кўпчилик буни хоҳламайди. Лекин пулини эшитиб, дарҳол рози бўлишади. Пилла етиштиришдан олган даромадимизнинг бир қисмини “Ҳар ёшга – бир гектар” дастури асосида берилаётган ерга сарфлаймиз. Насиб қилса, ер яхшигина даромад беради. Шундай қилсак, чет давлатларга бориб ишлашга ҳам ҳожат қолмайди.
Шунингдек, туманда “Ҳар ёшга – бир гектар” дастури, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, ҳунармандчилик, тикувчилик ва касаначилик соҳаларида ҳам ёшларнинг бандлиги таъминланяпти. Доимий иш билан шуғулланиш фаровонлик манбаи деб бежиз айтилмаган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига Қуйи Чирчиқ туманида 18-32 ёшгача бўлган йигит-қизлар 26685 нафардан иборат бўлиб, уларнинг 1304 нафари ишсиз бўлган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 756 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Хусусан, тумандаги “TCT АГРОКАСТЕР” масъулияти чекланган жамиятига 546 нафар, пиллачиликка 52 нафар, “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури бўйтича 12 нафар, Бандлик жамғармаси орқали ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 25 нафар, касаначилик ва тикувчиликка 24 нафар, бошқа соҳалар бўйича эса 97 нафар ёш ишга жойлаштирилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, вилоятда пандемия шароитида ишсиз бўлган 68274 нафар фуқародан 38037 нафарининг бандлиги таъминланди. Бунда асосий эътибор эҳтиёжманд оилалар аъзолари ва карантин шароитида ишсиз қолган фуқаролар бандлигини таъминлашга қаратиляпти.