Японияда индукцияланган илдиз ҳужайраларига (iPS-ҳужайралари) асосланган Паркинсон касаллигини даволашга мўлжалланган дори воситаси фойдаланиш учун тасдиқ олди. Бу ҳақда Япония соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири Кенъитиро Уэно журналистларга маълум қилди.
“Иккита дори воситасини ишлаб чиқариш ва сотиш тасдиқланди”, деб таъкидлади у. Гап шундаки, Amshepuri дори воситаси iPS ҳужайраларидан ўстирилган нерв ҳужайралари ёрдамида ишлаб чиқилган ва Паркинсон касаллиги билан оғриган беморларга трансплантация қилиш учун мўлжалланган. У Киото университети қошидаги iPS ҳужайраларини тадқиқ қилиш ва қўллаш институти томонидан Sumitomo Pharma фармацевтика компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. 2025 йил апрель ойида Киото университети ушбу ҳужайраларни трансплантация қилгандан кейин баъзи беморларда ижобий ўзгаришларни кўрсатувчи клиник синовлар натижаларини эълон қилди. 2025 йил август ойида Sumitomo Pharma Amshepuri савдо номи остида маҳсулотни тасдиқлаш учун ариза берди, кўриб чиқиш махсус, тезлаштирилган тасдиқлаш жараёнидан ўтди.
Ишемик кардиомиопатия даволаш учун iPS ҳужайраларига асосланган Reheart дори воситаси ҳам тасдиқланди. Иккала дорининг ҳам бутун дунё бўйлаб муқобили йўқ.
Япониялик олим Синъя Яманака илдиз ҳужайралари бўйича тадқиқотлари учун 2012 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлганидан сўнг, бу мавзуга қизиқиш ҳам Япония жамияти, ҳам Япония ҳукумати орасида кўп карра ошди. Регенератив тиббиёт илмий ривожланиш учун устувор йўналиш деб эълон қилинган эди. iPS ҳужайралари, маълум кимёвий моддаларга дучор бўлганда, ҳар қандай ҳужайра турига айланиши мумкин, бу назарий жиҳатдан турли органлар учун тўқималарни ўстириш имконини беради, деб хабар берди tass.ru.