Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 13-мақсади айнан иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни қабул қилишга бағишланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши йўналишида давлатимизда қатор ишлар амалга ошириляпти.

Таъкидланганидек, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрда 841-сон қарори қабул қилинган ва ушбу қарорда 2030 йилгача бўлган даврда миллий мақсад ва миллий вазифалар, уларни амалга ошириш учун масъуллар аниқ белгилаб берилган.

Бунда тегишли вазирлик ва идораларга иқлим ўзгаришига акс-таъсир чораларини миллий даражада сиёсатга, стратегияга ва режалаштиришга киритиш, муассасалар, ташкилот ва корхоналарнинг иқлим ўзгариши оқибатларининг олдини олиш, уларга мослашиш ва хавфли иқлим ҳодисаларининг таваккалчилигидан эрта огоҳлантириш бўйича хабардорлиги, маълумотларнинг тарқатилишини ҳамда имкониятларини яхшилаш вазифа қилиб белгиланган.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган ишлар келгусида бажарилиши лозим бўлган масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек маҳаллий ва хорижий экспертлар «Марказий Осиё шароитларида иқлим ўзгаришига мослашиш», «Қурғоқ муҳитда иқлим ўзгариши: сабоқлар ва оқибатлар», «Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги: ҳамкорлик ва ечимлар», «Иқлим ўзгаришига қарши курашиш стратегияси», «Иқлим билан боғлиқ соҳани молиялаштириш», «Ўзбекистон шароитида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларининг олдини олиш» мавзулар билан иштирок этишди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.