Тиббиёт масканининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосарлари С.Исақулов, А.Деҳқонов, ҳокимлик масъуллари, Савдо-саноат палатаси Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази ходимлари иштирок этди.

Икки қаватли бинода жойлашган хусусий тиббиёт муассасасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида барча шароитлар яратилган. 

-Клиникамизда Германиядан келтирилган 100 минг долларлик замонавий лаборатория, диагностика, COVID-19 инфекциясини аниқловчи ПЦР, ИФА ускуналари ўрнатилган, - дейди муассаса раҳбари Азизхон Искандаров. - Ой сўнгига қадар яна 100 млн сўмлик тиббий жиҳозлар келтирилиши кутилмоқда.

Тиббиёт марказида айни вақтда 12 нафар ходим иш билан таъминланди. Муассаса фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиши натижасида жами 25 та янги иш ўринлари яратилади. Клиникада беморлар амбулатор ва кундузги стационар шароитда даволанишлари мумкин. Умумий қуввати 50 ўринга мўлжалланган хусусий шифохонада оддий, ўрта ва люкс хоналар ташкил этилиши мулжалланмокда. Хар бир хонада телевизор, бепул Wi Fi ўрнатилади.

Айни вақтда ўз соҳасининг 6 нафар тажрибали мутахассислари - кардиолог, эндокринолог, УЗИ диагност, гинеколог, отоларинголог сингари юқори малакали шифокорлар иш олиб бормоқда.

Бутун дунёда инсон саломатлиги энг биринчи ўринга кўтарилган ва аҳолининг тиббий хизматга эҳтиёжи тобора ортаётган бир вақтда бу каби хусусий тиббиёт муассасалари сони ортиши аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутади.