"Humo arena" муз саройи олдидан старт олган веломарафон иштирокчилари шаҳар бўйлаб 5 километр масофани босиб ўтди. Қайд этилишича, мазкур тадбирдан кўзланган мақсад велоспорт турини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шаҳар бўйлаб ташкил этилган марафон орқали сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш ҳисобланади.

– Шаҳарларимизда янги велосипед йўлаклари ташкил этилмоқда. Ўйлашимча,  аҳолини спортга тарғиб қилиш ҳам экологияга, ҳам одамлар саломатлигига фойдали. Бундан ташқари, велоспорт тарғиботи орқали кўчаларимиз ҳам кўркам бўлади. Ўзим ҳам ишдан бўш пайтларим велосипед ҳайдаб тураман. Бизга энг кераклиси – мураббийлар. Шунинг учун велоспорт учун хориждан ҳам мураббийлар жалб қиламиз. Халқаро турнирларни Ўзбекистонда ўтказиш нима беради? Биринчидан, ёш спортчиларимиз ушбу мусобақаларда қатнашиб, ўз рейтингини оширади. Иккинчидан, ёшларнинг жаҳон даражасидаги спортчилар билан бир мусобақада қатнашиши уларнинг тажрибаси ошишига кўмак беради, – деди Азиз Абдуҳакимов.