Мамлакатимиз барча соҳада катта ривожланиш йўлига кирганини ҳамма айтяпти. Унинг самарасини ҳамқишлоқларим, синфдошларим, яқинларим, ҳатто ўзим ҳам кўриб, гувоҳи бўлиб турибман.
Чуст туманининг Ахча шаҳарчасида оддий оилада вояга етдим. Бошланғич синфни ҳам шу ерда ўқидим. Илмга қизиқишим, ота-онамнинг рағбатлантириши билан таълимни Чуст туманидаги 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида давом эттирдим. 9-синфни тугатган пайтимда вилоятимизда Президент мактаби очилди. Имтиҳонларда муваффақиятли ўтиб, иқтидорли ўқувчилар сафига қабул қилиндим.
Мутлақо замонавий, барча шарт-шароитга эга, инновацион таълим масканида ўқиб, яхши натижаларга эришдим. Жорий йилнинг 8–12 январь кунлари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида масофавий тарзда математика, физика ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан ташкил этилган 17-Халқаро Жаутиков олимпиадасида бронза медаль билан тақдирландим. 22-23 май кунлари асосий фан олимпиадасининг республика босқичида қатнашиб, информатика ва ахборот технологиялари фанидан 1-ўринни эгалладим. Ноутбук ва диплом билан тақдирландим. Шунингдек, менга Ўзбекистон-Корея халқаро университетига 12 минг 800 АҚШ доллари миқдоридаги грант тақдим этилди.
Мен бу гапларни нега айтяпман? Сабаби, айрим одамлар Президент мактабида ўқиш учун ё зўринг, ё заринг бўлиши керак, қабилида фикрлайди. Оддий оиланинг фарзанди бўлатуриб бу мактабга кирганимдан кейин кўпчиликнинг фикри ўзгарди. Ўзим ўсган шаҳарчага борганимда яқинларим, маҳалла-кўй фарзандларига ўқиган одам Президент мактабига киришини айтиб, бунга мени мисол қилиб кўрсатишади. Устозларим мен билан фахрланади.
Президент мактабига кириб, орзуларим юксалди. Илгари мактабда ўқиган пайтимда вилоятимиздаги университетлардан бирига ўқишга кирсам дердим. Ҳозир эса мақсадим чет элнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирида ўқиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшиш. Чунки бунга билимим етишига ишонаман. Чет тилини пухта эгаллаганман. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман!
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг биз, битирувчи ёшларга йўллаган табригини ўқиб, янада руҳландим. Айниқса, “Мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди”, деган сўзларини ўқиб, шундай руҳландимки, бу ғамхўрликка, албатта, муносиб бўлишга сўз бердим. Насиб этса, яқин 7-8 йилда бунинг самарасини амалий саъй-ҳаракатларим билан кўрсатаман.