Бу ҳақда қуйи палата мажлисида Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов маълум қилди.

Ишчи гуруҳлардаги сейсмолог, қурувчи, конструктор, архитектор ва муҳандислар томонидан 10 минг 705 та (90 фоиз) кўп квартирали уй-жойлар ҳужжатли ва визуал ўрганиб чиқилди.

Шундан 3 минг 107 та уй-жой хусусий экспертизадан ўтказилган, 1 минг 434 таси рўйхатдан ўтмаган ва 185 тасида ноқонуний равишда қават қўшилгани аниқланди.

Ўрганиш натижасида 9 минг 397 та (88 фоиз) уй-жой мустаҳкамлиги талабга жавоб бериши ва 1 минг 308 та (12 фоиз) уй-жойда инструментал-техник текширувдан ўтказиш лозимлиги аниқланиб, шундан 417 та (31 фоиз) уй-жойда текширув якунланди.

Текширув натижалари 339 та уй-жой сейсмик мустаҳкамлигини, 77 тасини қўшимча мустаҳкамлаш талаб этилишини ва 1 таси сейсмик заифлигини кўрсатди.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 июлдан ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтказиш тўхтатилган бўлсада, ноқонуний қурилишлар сони 213 тага ошганлиги аниқланди.

Кўрилган чоралар натижасида 85 та қоидабузар лойиҳа ташкилотининг фаолиятини тўхтатиш ёки лицензиясини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган, 8 тасининг лицензияси бекор қилинган. 115 та бино белгиланган тартибда буздирилди, 98 та жиноят иши қўзғатилди.