Мамлакатимизда автомобиль транспорти иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида катта ижтимоий аҳамиятга эга. У аҳоли учун энг қулай ва осон фойдаланиладиган ҳаракатланиш воситаси сифатида ҳаётимизда мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Шу муносабат билан, фуқаролар учун автомобиль хариди жараёнидаги муҳим қоидаларни билиш жуда зарур.

Вазирлар Маҳкамасининг 38-сон қарорига мувофиқ, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ олди-сотди ва бошқа битимлар умумий ҳолатда нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.

Қуйидаги ҳолатларда нотариал тасдиқ талаб этилмайди:

  • Автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналар, расмий дилерлар ва дистрибютор ташкилотлар орқали сотиб олинганда;
  • Лизинг шартномалари асосида хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (енгил авто воситалардан ташқари);
  • 2,0 млрд сўмдан кам бўлмаган устав капиталига эга кредит ёки лизинг компаниялари орқали;
  • “TRADE-IN” дастури орқали расмий дилерларга топширилганда;
  • Давлат ижрочилари томонидан онлайн-аукционлар орқали автомобиль сотилганда.

Чет элдан олиб кирилган автомашиналар:

  • Бошқа давлатлардан олиб келинган автомобиллар божхона ва ДЙҲХ органларида расмийлаштирилгандан сўнггина олди-сотди битими тузилиши мумкин.

Қатъиян тақиқланади:

  • Рўйхатдан ўтмаган автомототранспорт воситаларини бозорларда олди-сотди қилиш;
  • Биржалар орқали сотиш;
  • Транспорт воситаларини битимлар учун хатлаб қўйилган ёки бошқа шахсга бериш ҳуқуқи чекланган ҳолатда фойдаланиш.

Ёшга оид чекловлар:

  • Автотранспорт воситаларини 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • Мототранспорт воситаларини 16 ёшга тўлмаган шахсларга расмийлаштириш истисно тариқасида амалга оширилиб, гувоҳномада:
  • “Транспорт воситаси эгаси 18 (ёки 16) ёшга тўлгунга қадар васий ва ҳомийлар рухсатисиз битим тузиш тақиқланади” деган ёзув киритилади.

Битимдан сўнг:

  • Нотариус томонидан тасдиқланган битимлар тасдиқланган кундан бошлаб 10 кун ичида ДЙҲХ органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим.