Туманлар кесимида таҳлил қилинганда Қашқадарёда энг паст натижаларни Ғузор (2,1 фоиз) ва Деҳқонобод (2 фоиз) кўрсатган.
Қолаверса, молиялаштиришдаги муаммолар туфайли вилоятда 14 та лойиҳа тўлиқ якунланмаган.
"Ҳар тўртала ҳудуднинг айрим туманларида, айниқса, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг кўплаб аҳоли пунктларига ер ости ичимлик суви манбаси йўқлиги сабабли аҳолига ичимлик суви ташиб бериш йўли билан етказилади. Ичимлик сув ташувчи транспорт воситаларининг аксарият қисми эса санитария талабларига жавоб бермайди. Аҳоли ичимлик сувни санитария талабларига зид равишда ойлар давомида махсус идишларда ёки ҳовузларда сақлайди. Бу эса аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмайди", дея таъкидланади қўмита ахборотида.
Канализация объектлари лойиҳаларининг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида кечиктирилиши турли хавфларни янада кучайтираяпти.
Ўрганишлар жараёнида ҳар тўртала вилоятдаги аксарият аҳолига сув тайёрлаш ва узатиш пунктларида сувни зарарсизлантириш ускуналари мавжуд эмаслиги аниқланган. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили мавжуд ичимлик сув объектларидаги сув сифати санитария талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда.