Бунинг замирида фарзандларни ота-оналарининг масъулиятсиз хатти-ҳаракатини такрорлашдан асрашга бўлган катта ижтимоий-сиёсий ирода борлигини бу шаҳар-давлат ривожланиш йўлини таҳлилий ўрганган ҳар бир киши сезиши қийин эмас.
Бугунги Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсати замирида ҳам фуқароларни катта-катта мақсадлар сари руҳлантириш мақсади жамланган. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий асослар ҳозирланган ва бу жараён тизимли давом этмоқда. Жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми белгиланди. Бундан ташқари, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга асосий эътибор қаратилган.
Шу кунларда яна бир муҳим ривожланиш палласидамиз. Тегишли платформаларда Президентнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳалари муҳокамада бўлиб турибди.
Албатта, бу лойиҳаларга халқимиз алоҳида қизиқиш билан қарамоқда. Буни муҳокамага келиб тушаётган таклифлардан ҳам билиш мумкин. Чунки халқимизнинг ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари инобатга олинишига ишончи ортган.
Биз бугун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг биринчи – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, деб номланган ва 44 мақсадни ўз ичига олган йўналишда кўзда тутилган таълим тизими ислоҳотлари моҳияти ҳақида тўхталмоқчимиз. Зеро, бугунги глобаллашув даврида таълим масаласи барчамиз учун ниҳоятда муҳим ва аҳамиятлидир.
Мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш мақсадида 2030 йилгача болаларнинг мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш марраси кўзланмоқда.
Эътибор беринг, бу ерда 100 фоизлик кўрсаткич ҳақида гап кетмоқда. Яқин йилларгача биз шундай бўлиши мумкинлиги ҳақида ёруғ тасаввурга эга эмасдик. Чунки ҳаётдаги реал манзаралар ва мактабгача таълим тизимидаги ҳолат кўп нарсаларни орзу қилишга ҳам йўл қўймас эди.
Бу дунёда ота-она борки, фарзандини ҳар томонлама соғлом, ҳеч кимдан кам қилмасдан, эсли-ҳушли қилиб вояга етказишни орзу қилади. Шу орзунинг энг бошида эса фарзандини боғчага бериш масаласи туради. Энди бир ўйлаб кўринг, агар биз мактабгача ёшдаги барча фарзандларимизни боғча таълими билан қамраб олсак, юртимиздаги барча ота-оналарнинг катта бир орзуси рўёбга чиқишига эришамиз. Ва бу, ўз навбатида, жамиятда кўтаринки кайфият ва ҳаётдан розилик муҳитига асос бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, мамлакатимиз ёшларининг баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун мустаҳкам тамал тоши қўйган бўламиз.
“Ўзбекистон – 2030”да яна бир муҳим масала – умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш мақсади кўзда тутилмоқда.
Унга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватларни ташкил этиб бориш, ўқув ўринлари сонини 7,5 миллионгача етказиш, барча умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш, 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратиш мақсад қилинган.
Бу ислоҳотлар мактабгача таълим тизимидаги марраларнинг мантиқий ва узвий давоми сифатида аҳамиятлидир. Мактабларни тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлашнинг ўзиёқ соғлом авлод тарбиясида қанчалик муҳим эканини бугунги шароитда англашимиз ғоят муҳим. Чунки иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳитнинг бугунги таҳликали ҳолати таъсирида кейинги йилларда янги инфекциялар тарқалаётгани, давоси мушкул бўлган касалликлар энди ёшларда ҳам учраётган ҳеч кимга сир эмас.
Шундай вазиятда куннинг ярмини, баъзан асосий қисмини таълим муассасаларида ўтказадиган фарзандларимиз саломатлиги мактабда ҳам эътиборга олинишини давлатимизнинг ёш авлодга ниҳоятда катта ғамхўрлиги сифатида қабул қиламиз.
Яна бир муҳим мақсад – педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳам замон талаби сифатида кун тартибига қўйилмоқда.
Бунинг учун минг нафар тарбиячи ва ўқитувчини хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш, бошланғич синф ўқитувчиларининг ўқув юкламасини 16 соат, юқори синф ўқитувчиларига эса 18 соат этиб белгилаш, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари иш ҳақини 2 баробар ошириш, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг 500 минг ходими малакасини узлуксиз ошириб бориш режалаштирилмоқда.
Энди ўйлаб кўринг, хорижда малака ошириб қайтган, ўқув юкламаси камайган, иш ҳақи сезиларли ошган ўқитувчининг дунёқараши, ўз касбига, таълим тизимига, ўқувчиларига муносабати қанчалик ижобий томонга ўзгаради. Бу билан таълим сифати ва самарадорлиги ортиб бораверади.
Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси биринчи йўналишидаги 44 мақсадни амалга ошириш жамиятда юксак салоҳият формуласига асос бўлиши кутилмоқда. Бу формуланинг ҳаётийлиги шундаки, фарзанд туғилиши ва унинг ҳар томонлама соғлом вояга етиши билан шаклланган мукаммаллик муҳити жамиятимизнинг янги кўтаринки қиёфасига асос бўлади. Шу тариқа, биз кўзлаган Учинчи Ренессанс ҳодисасига ишончли ва асосли замин яратилади.
Лутфулла СУВОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири