Аграр тармоққа ихтисослашган аксарият давлатлар саноатлашган мамлакатларга нисбатан ривожланишда анча ортда қолгани яқин тарихдан яхши маълум. Жумладан, Ўзбекистон узоқ йиллар давом этган пахта яккаҳокимлиги ортидан жуда кўп, таъбир жоиз бўлса, мислсиз бойликдан мосуво бўлди. Аввало, мажбурий меҳнат – таълим тизими ва аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида катта, тузатиш кўп вақт ва маблағ талаб этадиган йўқотишларга олиб келди. Узоқни ўйламай қилинган чўлқуварлик эса, бугунги Орол фожиасига замин яратди.

Аммо бу тармоқнинг фойдасидан зарари кўп экан, деган хулосага келишга шошилманг. Биринчидан, иқлим ўзгаришлари, чўллашиш, сув танқислиги каби глобал муаммолар туфайли аксарият давлатларда озиқ-овқат танқислиги тобора кучайиб бормоқда. Бирламчи, бошқача айтганда, тириклигимиз учун зарур бўлган эҳтиёжларимизни таъминлаш эса қишлоқ хўжалиги соҳасисиз бўлмайди.

Иккинчидан, бугунги глобал иқтисодиёт шароитида рақобатда ютиш орқали жадал ривожланишга эришишнинг муҳим шарти – қўшилган қиймат занжирини яратиш ҳисобланади. Бу борада эса аграр тармоқ, шу жумладан, юртимиз қишлоқ хўжалиги катта потенциалга эга.

Модомики шундай экан, унда юқорида қайд этилган муаммо қандай пайдо бўлди дерсиз? Гап шундаки, юртимиз қишлоқ хўжалиги узоқ йиллар экстинсия ривожланди, яъни, қандай қилиб бўлмасин, кўпроқ пахта етиштириш орқасидан қувиб, бир жойда депсиниб қолди. Илмий ёндашув бўлмади. Қишлоқ хўжалиги сектори давлат томонидан энг кўп тартибга солинадиган, ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқлар чекланган ва ҳимояланмаган тармоққа айланди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу йўналишдаги самарадорлик пасайишига сабаб бўлди. Ана шундай бир шароитда соҳага тўлақонли бозор муносабатларини татбиқ этиш, хомашёни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, аграр тармоқни ислоҳ қилишга етарлича эътибор қаратилмади.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигининг юқори салоҳиятидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир улуши, шу жумладан, 2022 йил якунига кўра 25,1 фоизи айнан мазкур соҳага тўғри келади. Шу билан бирга, республика бўйича иш билан банд аҳолининг қарийб 25 фоизи қишлоқ хўжалиги тармоғида меҳнат қилмоқда.

Бу эса, нафақат иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалигининг ўрни ғоят муҳимлигини, балки бевосита соҳада амалга ошириладиган ислоҳотларга ҳам боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Айнан шу жиҳатдан ҳам мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга оид қатор ислоҳотлар олиб борилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш мақсадида қишлоқ ва сув хўжаликлари вазирликлари қайтадан ташкил этилиб, вазирликларнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. 2019 йилда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. 2020 йилдан пахта ва ғаллани етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини жорий этиш орқали давлат монополиясига барҳам берилди. 2021 йилда ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ялпи ишлаб чиқаришининг барқарор ўсиш суръатлари қайд этилди. Хусусан, 2017 йилда бу борадаги кўрсаткич 1 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 3,6 фоиз ўсишга эришилди.

Ўтган даврда соҳада олиб борилган ислоҳотларнинг ёрқин натижаларидан бири ўлароқ, халқаро бозорда ўзбек пахта ва тўқимачилик маҳсулотларига ўрнатилган бойкот бекор қилинди. Ўзбекистон Европа Иттифоқига тўқимачилик маҳсулотларини божсиз олиб киришни таъминлайдиган GSP+ савдо мақомини олди, натижада ушбу маҳсулот экспортини 2017 йилдаги 1,2 миллиард доллардан 2022 йилда 3,2 миллиард долларгача оширишга эришилди.

Шунингдек, сув ресурсларининг тобора камайиб бораётгани боис, мазкур соҳада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2017–2022 йилларда жами 1,4 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Мақсад битта – иқтисодий фойда кўриш билан бир қаторда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш.

Айниқса, юртимизда экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудлаштириш сиёсати, кластер тизими, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш, томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш қишлоқда аҳолининг турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Биргина кластер тизимининг иқтисодиёт ривожи ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги ўрни катта эканини кўришимиз мумкин.

Жумладан, Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб пахта-тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик кластерлари тизими жорий этила бошланди. Натижада 2017–2022 йилларда мамлакатда 506 та кластер шакллантирилди. Биргина 2022 йилда улар томонидан 28,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани эса тизим самарадорлигидан далолат беради, албатта.

2018–2022 йилларда ушбу кластерлар томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 32 баробар ортиб, бу кўрсаткич саноатнинг қайта ишлаш тармоғида 2,5 баробарни ташкил қилган. Кластерларга молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми эса 2018–2022 йилларда 7,6 триллион cўмни ташкил этган.

Кластер корхоналари тизимида фаолият юритаётганлар сони эса ушбу даврда 2,5 баробар ошган. Кластерларнинг жами саноат маҳсулотлари тури бўйича экспортдаги улуши 2019 йилда 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 11,4 фоизга етган. Кластерлар тизимда меҳнат унумдорлиги 2018–2022 йиллар оралиғида 12,9 баробар ортган. Бу кўрсаткич саноатнинг қайта ишлаш тармоғида 6,4 баробарни ташкил қилган. Демак, кластерлашувда меҳнат унумдорлиги тармоқдагига қараганда 2 баробар юқори бўлган.

Таҳлиллар меҳнат унумдорлиги билан бирга, йўналтирилган инвестицияларнинг даромадлилик даражаси ҳам кластерларда юқори эканини кўрсатмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2018–2022 йилларда кластерларга йўналтирилган инвестицияларнинг иқтисодий қайтими (даромадлилик даражаси) коэффициенти 1 дан 1,4 га ортган. Бу кластерлаштириш лойиҳалари жуда самарали эканидан далолат беради.

Шу каби чора-тадбирлар, эришилган ютуқлар, олдинда турган муаммо ва таҳдидлар ҳамда уларни ҳал этиш борасидаги келгуси режалар “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача қишлоқ хўжалигининг ривожланиш стратегияси: имкониятлар ва истиқболлар” мавзусидаги тадбирда ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ва унда белгиланган устувор йўналишлар доирасида амалга оширилаётган ишлар: озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, қулай агробизнес муҳити ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш, тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш каби йўналишдаги саъй-ҳаракатлар эътироф этилди.

Шунингдек, тадбирда қишлоқ хўжалигида давлат бошқарувини трансформация қилиш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни жаҳон тажрибаси асосида амалга ошириш бўйича халқаро экспертлар жалб қилингани алоҳида қайд этилди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг тўртдан бир қисмини ташкил этаётган ва қарийб 3,5 миллион аҳоли банд бўлган мазкур соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш, албатта, келгусида юртдошларимиз фаровонлигини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

Фурқат ЮНУСОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи