Вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, Самарқанд шаҳрида яшовчи Б.Ю. хонадонида ноқонуний равишда спиртни қайта ишлаш цехи ташкил этиб, истеъмолга яроқсиз бўлган спиртли ичимлик тайёрлаш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Тадбир давомида унинг хонадонидан ашёвий далил сифатида 2 турдаги 16 дона қўлбола усулда тайёрланган ароқ, 540 дона ароқ целлофан ғилофлари, 525 дона ароқ қопқоқлари, 3 дона шиша идишда 30 литр спирт ҳидли рангсиз суюқлик, 40 дона коньяк, 1850 литр ҳар хил идишларда сақланаётган вино, 42 дона ҳар хил турдаги бўш ароқ шишалари ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўлбола ускуна ҳамда ёрдамчи идишлар тегишли тартибда процессуал ҳужжатлаштирилган.

Шунингдек, Нарпай туманида яшовчи Ж.А. ва С.С. ларнинг хонадонларида қўлбола усулда тайёрланиб, сотишга мўлжалланган 0,5 литр ҳажмдаги 100 блок "Столичная" (1500 дона) ва 0,45 литр ҳажмдаги 150 блок "Парламент" номли (3600 дона), жами 5100 дона ароқ маҳсулотлари сақлаб келинаётганлиги аниқланган. Маҳсулот ва ашёлар тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Айни пайтда ушбу шахсларга нисбатан, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.