Кеча, 26 май Нукусда – Орол бўйи ҳудудида оналар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигига қиймати бир миллион АҚШ доллари бўлган замонавий тиббиёт ускуналари топширилди.
Ушбу ёрдам Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирликлари, ЮНИСЕФ ва ЮНФПА томонидан тадбиқ қилинаётган "Энг ёрдамга муҳтож оналар ва янги туғилган чақалоқларга перинатал ёрдам хизматининг сифатини ошириш" қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Мазкур ҳамкорлик оналар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлиги муҳофазаси соҳасида катта ютуқларга эришишга ўз ҳиссасини қўшди.
Лойиҳа бошланганидан бери Қорақалпоғистондаги барча оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг 21 фоизи (12000 дан ортиқ оналар ва 12000 дан ортиқ янги туғилган чақалоқлар) Қўнғирот ва Беруний районлари ҳамда Нукус шаҳридаги перинатал марказларда такомиллаштирилган замонавий инфратузилма ва тиббий хизмат сифатининг яхшиланишидан баҳраманд бўлишди. Уччала тиббиёт муассасасида ҳам эрта неонатал ўлим кўрсаткичи сезиларли даражада пасайиб, ўртача 22 фоизга камайди.
"Лойиҳа тиббий хизматлар сифатини, хусусан чекка қишлоқ ҳудудларида, яхшилаш учун соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукумат ва ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Бу она ва бола саломатлиги ҳамда репродуктив саломатлик хизматларини кўрсатиш борасида маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг техник ва институционал салоҳиятини оширишга ҳамда эрта ташхис қўйиш бўйича ишларни ривожлантиришга кўмак беради," - деди ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю Ю.
Лойиҳани татбиқ қилиш давомида ЮНИСЕФ ва ЮНФПА ҳукуматнинг Қўнғирот ва Беруний туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги перинатал хизматлар сифатини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларига катта ҳисса қўшдилар.
600 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ходимлари оналар ва янги туғилган чақалоқларни омон қолишига ёрдам бериш амалиёти бўйича ўқув курсларида ўқидилар. Янги туғилган чақалоқларни парваришлаш ҳамда ҳомиладор аёллар учун маслаҳатлар сифатини яхшилаш орқали перинатал марказлардаги тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди. COVID-19 вазияти билан боғлиқ карантин чекловлари шароитида ЮНИСЕФ ва ЮНФПА масофадан ўқиш учун ахборот коммуникация воситаларини етказиб беришди.
Қорақалпоғистон шароитини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган лойиҳа Орол денгизи ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оналар ва янги туғилган чақалоқлар учун сифатли перинатал тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашни мақсад қилган эди. Бу борада сезиларли прогрессга эришилди.
"Энди Қорақалпоғистон аҳолисининг 50 фоизидан кўпроғи ушбу туғруқхоналарда ихтисослашган перинатал ёрдамдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади," - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. "Ушбу лойиҳадан кўплаб сабоқлар олинди ва янги услублар ишлаб чиқилди. Умид қиламизки, ҳукумат ушбу тажрибани қўллаб-қувватлаб, уни бошқа туманлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам тадбиқ этади," - дея таъкидлади у.
Бугунги тадбирда Қорақалпоғистон Республикасига янги туғилган чақалоқлар интенсив терапияси бўлимлари ва операция хоналари учун 300 та тиббиёт ускуналари топширилди. Жарроҳлик асбоблари, электрокардиография жиҳозлари, ультратовуш ташхиси аппаратлари, доимий ижобий мусбат ҳаво босими аппаратлари ва бошқа муҳим ускуналар шулар жумласига киради.
2019 йил август ойидан буён амалга оширилаётган лойиҳа Ўзбекистондаги Орол денгизи минтақасида одамлар хавфсизлиги бўйича БМТнинг кўп ҳамкорлик траст фонди томонидан ажратилган 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилган бўлиб, Ўзбекистон, Норвегия, Финляндия, Корея Республикаси ҳукуматлари ва Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган, дея хабар беради Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.