Мазкур ташаббус ўтган йилнинг 28-29 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Самарқандда бўлиб ўтган учрашувида илгари сурилиб, икки давлат ўртасидаги илм-фан, таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналиши сифатида белгиланган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Италиянинг Тушиа университети ўртасида расмий келишув имзоланди. Бугун ушбу ташаббус амалда.

Келишувга кўра, институтимизда икки бакалавриат ва икки магистратура йўнали­шида қўшма таълим дастурлари йўлга қў­йилди. Жумладан, бакалавриат босқичида агрономия, озиқ-овқат технологияси таълим йўналишлари, магистратура босқичида эса органик деҳқончилик ва биоиқтисодиёт (цир­куляр иқтисодиёт) мутахассисликлари таш­кил этилди.

Ривожланган мамлакатларнинг олий таъ­лим тизимида қўшма кампус лойиҳаси ҳам мавжуд. Республикамизда эса хорижий олий таълим муассасасининг қўшма кампуси илк бор йўлга қўйилди. Хорижий олий таълим муассасаси филиалидан қўшма кампуснинг фарқли жиҳати шундаки, у юридик шахс ма­қомида бўлмайди. Аммо ҳамкор муассаса би­лан биргаликда келишув асосида кадрлар тайёрлаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширади.

Қўшма таълим дастури халқаро стан­дартлар, икки томонлама ўқув режалари ва ўқитиш методикалари асосида кечади. Та­лабалар ўқиш жараёнида икки давлатдаги таълим муассасаларида навбатма-навбат таҳсил олиши, ўқув дастури якунига кўра эса ҳар икки олий таълим муассасаси то­монидан тан олинадиган диплом берилиши белгиланган. Қўшма кампус Ўзбекистон аг­рар таълим тизими ривожида янги босқични бошлаб бериб, мамлакатимиз ёшларига дунё даражасида билим олиш ва халқаро тажри­бага эга бўлиш имкониятини тақдим этади. Шунингдек, талабаларга Италияда амалиёт ўташ, халқаро илмий тадқиқотларда ишти­рок этиш ва академик тажриба алмашишга шароит яратади.

Ушбу кампусда таҳсил олаётган талаба­ларга дарслар маҳаллий ўқитувчилар қатори­да италиялик профессор-ўқитувчилар томо­нидан тўғридан тўғри ҳамда онлайн тарзда ўтилади. Қолаверса, институтимиз Италия­нинг бошқа олий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Маса­лан, жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Рим шаҳрида Италия — Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорларининг II фо­руми бўлиб ўтди.

Форумда Италия Университетлар ва тад­қиқотлар вазирлиги, Ўзбекистон Олий таъ­лим, фан ва инновациялар вазирлиги, CRUI — Италия университетлари ректорлари кон­ференцияси, шунингдек, икки давлатнинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Дастур доирасида ялпи мажлис, қўшма илмий танлов натижала­рини тақдим этиш, ғолиб лойиҳаларни эълон қилиш ҳамда икки томонлама келишувларни имзолаш маросимлари ўтказилди.

Шунингдек, форум доирасида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институ­ти ҳамда Италиянинг Тушиа, Пиза ва Падуа университетлари билан истиқболли ҳамкор­лик ўрнатилди. Жумладан, Тушиа универси­тети билан “GREEN-ESG: Strengthening ESG & Sustainability Reporting Capacities for Smart and Resilient Agro-Industries” мавзусидаги ло­йиҳа, томонлар ўртасидаги институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Erasmus+, Horizon Europe, PRIMA ва бошқа халқаро мо­лиялаштириш дастурлари доирасида қўшма лойиҳа-таклифларни ишлаб чиқиш, тизимли илмий тадқиқот ҳамда қўшма илмий ташаб­бусларни йўлга қўйишга келишиб олинди. Талабалар, профессор-ўқитувчилар ва маъ­мурий ходимларнинг академик мобиллигини, қўшма кампус доирасида таълим дастурлари­ни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-ов­қат тизимлари, инновация, рақамли транс­формацияни илгари суриш каби мақсадларни қамраб олган битим имзоланди. Бундан таш­қари, институтимиздаги қўшма кампусда грант асосида “Sendvich PhD” курси ташкил этиладиган бўлди.

Пиза университети билан “Farm2App — даладан дастурхонгача: барқарор озиқ-овқат таъминоти занжирини такомиллаштириш ва ўқитиш учун ўйинга асосланган рақамли ёндашувлар ҳамда инновацион экотизим” мавзусидаги грант лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳа икки давлат томонидан молиялаштирилади.

Падуа университети ҳамда Италия мил­лий тадқиқотлар маркази билан муайян ло­йиҳани грантга қайта тақдим этиш ва қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Форум доирасида институтимиз битирув­чиларининг Тушиа университетидаги ўқиш жараёни, илмий фаолияти ва яшаш шароити билан танишдик. Ҳозир мазкур университет­нинг магистратура босқичида Қишлоқ хўжа­лиги вазирлиги гранти асосида 5 битирувчи­миз таҳсил олмоқда.

Сафар давомида Тушиа университетида қўшма кампус доирасида янги таълим йў­налишларини очиш, қўшма PhD дастурини йўлга қўйиш, Erasmus+, Horizon Europe ва бошқа халқаро дастурлар доирасида қўш­ма лойиҳалар тайёрлаш, академик мобил­ликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида 2026 йил март ойида қўшма таълим йўналишларига қабул эълон қилиш, 2026 йил якунига қадар қўш­ма докторлик дастурини ишга тушириш, профессор-ўқитувчилар мобиллиги бораси­да янги келишув имзолаш ва илмий лойи­ҳалар бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

Шавкат ҲАСАНОВ,

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар

институти ректори, профессор