Мазкур ташаббус ўтган йилнинг 28-29 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Самарқандда бўлиб ўтган учрашувида илгари сурилиб, икки давлат ўртасидаги илм-фан, таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналиши сифатида белгиланган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Италиянинг Тушиа университети ўртасида расмий келишув имзоланди. Бугун ушбу ташаббус амалда.
Келишувга кўра, институтимизда икки бакалавриат ва икки магистратура йўналишида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди. Жумладан, бакалавриат босқичида агрономия, озиқ-овқат технологияси таълим йўналишлари, магистратура босқичида эса органик деҳқончилик ва биоиқтисодиёт (циркуляр иқтисодиёт) мутахассисликлари ташкил этилди.
Ривожланган мамлакатларнинг олий таълим тизимида қўшма кампус лойиҳаси ҳам мавжуд. Республикамизда эса хорижий олий таълим муассасасининг қўшма кампуси илк бор йўлга қўйилди. Хорижий олий таълим муассасаси филиалидан қўшма кампуснинг фарқли жиҳати шундаки, у юридик шахс мақомида бўлмайди. Аммо ҳамкор муассаса билан биргаликда келишув асосида кадрлар тайёрлаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширади.
Қўшма таълим дастури халқаро стандартлар, икки томонлама ўқув режалари ва ўқитиш методикалари асосида кечади. Талабалар ўқиш жараёнида икки давлатдаги таълим муассасаларида навбатма-навбат таҳсил олиши, ўқув дастури якунига кўра эса ҳар икки олий таълим муассасаси томонидан тан олинадиган диплом берилиши белгиланган. Қўшма кампус Ўзбекистон аграр таълим тизими ривожида янги босқични бошлаб бериб, мамлакатимиз ёшларига дунё даражасида билим олиш ва халқаро тажрибага эга бўлиш имкониятини тақдим этади. Шунингдек, талабаларга Италияда амалиёт ўташ, халқаро илмий тадқиқотларда иштирок этиш ва академик тажриба алмашишга шароит яратади.
Ушбу кампусда таҳсил олаётган талабаларга дарслар маҳаллий ўқитувчилар қаторида италиялик профессор-ўқитувчилар томонидан тўғридан тўғри ҳамда онлайн тарзда ўтилади. Қолаверса, институтимиз Италиянинг бошқа олий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Масалан, жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Рим шаҳрида Италия — Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорларининг II форуми бўлиб ўтди.
Форумда Италия Университетлар ва тадқиқотлар вазирлиги, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, CRUI — Италия университетлари ректорлари конференцияси, шунингдек, икки давлатнинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Дастур доирасида ялпи мажлис, қўшма илмий танлов натижаларини тақдим этиш, ғолиб лойиҳаларни эълон қилиш ҳамда икки томонлама келишувларни имзолаш маросимлари ўтказилди.
Шунингдек, форум доирасида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда Италиянинг Тушиа, Пиза ва Падуа университетлари билан истиқболли ҳамкорлик ўрнатилди. Жумладан, Тушиа университети билан “GREEN-ESG: Strengthening ESG & Sustainability Reporting Capacities for Smart and Resilient Agro-Industries” мавзусидаги лойиҳа, томонлар ўртасидаги институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Erasmus+, Horizon Europe, PRIMA ва бошқа халқаро молиялаштириш дастурлари доирасида қўшма лойиҳа-таклифларни ишлаб чиқиш, тизимли илмий тадқиқот ҳамда қўшма илмий ташаббусларни йўлга қўйишга келишиб олинди. Талабалар, профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларнинг академик мобиллигини, қўшма кампус доирасида таълим дастурларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат тизимлари, инновация, рақамли трансформацияни илгари суриш каби мақсадларни қамраб олган битим имзоланди. Бундан ташқари, институтимиздаги қўшма кампусда грант асосида “Sendvich PhD” курси ташкил этиладиган бўлди.
Пиза университети билан “Farm2App — даладан дастурхонгача: барқарор озиқ-овқат таъминоти занжирини такомиллаштириш ва ўқитиш учун ўйинга асосланган рақамли ёндашувлар ҳамда инновацион экотизим” мавзусидаги грант лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳа икки давлат томонидан молиялаштирилади.
Падуа университети ҳамда Италия миллий тадқиқотлар маркази билан муайян лойиҳани грантга қайта тақдим этиш ва қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Форум доирасида институтимиз битирувчиларининг Тушиа университетидаги ўқиш жараёни, илмий фаолияти ва яшаш шароити билан танишдик. Ҳозир мазкур университетнинг магистратура босқичида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гранти асосида 5 битирувчимиз таҳсил олмоқда.
Сафар давомида Тушиа университетида қўшма кампус доирасида янги таълим йўналишларини очиш, қўшма PhD дастурини йўлга қўйиш, Erasmus+, Horizon Europe ва бошқа халқаро дастурлар доирасида қўшма лойиҳалар тайёрлаш, академик мобилликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида 2026 йил март ойида қўшма таълим йўналишларига қабул эълон қилиш, 2026 йил якунига қадар қўшма докторлик дастурини ишга тушириш, профессор-ўқитувчилар мобиллиги борасида янги келишув имзолаш ва илмий лойиҳалар бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди.
Шавкат ҲАСАНОВ,
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар
институти ректори, профессор