27 сентябрда Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Б.Мусин билан учрашди.
Мазкур учрашувда Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда АКТ соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш телекоммуникация, почта ва радиочастота йўналишларидаги масалалар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги ўртасида «Ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим»ни 2022 йил 24-27 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган АКТ ҳафталиги доирасида имзолаш муҳокама этилди.
Учрашув давомида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, истиқболдаги режаларни амалга оширишда ҳар икки томон бир-бирини қўллаб-қувватлашга келишиб олинди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.