Хусусан, 2021 йилда 4 та олий таълим муассасаси ("ТИҚХММИ" МТУ, ЎзМУ, СамДУ ва ТДТУ) халқаро эътироф этилган QS нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё – EECA минтақавий рейтингида 251-400 ўринларга кирганлиги илк натижа дейиш мумкин.

2022 йилда Ўзбекистон миллий университети мазкур ташкилотнинг "Предмет (фан) рейтинги"да "Математика" бўйича дунёнинг энг кучли 500 та университети қаторидан жой олди.

Ушбу натижалар салмоғини янада ошириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Илм-фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ва QS (Quacquarelli Symonds) рейтинг агентлигининг Ўрта Осиё ва Шарқий Европа бўйича минтақавий директори Сергей Христолюбов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда мутахассислар томонидан республика олий таълим муассасаларининг жаҳон рейтингида ўрин эгаллаш имкониятлари ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ушбу йўналишдаги камчиликлар ва уларнинг ечимлари, рейтинг соҳасига масъул кадрларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш борасида ўзаро фикр алмашинилди. Бу борада тизимда учраётган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Ушбу ҳамкорликни давом эттириш мақсадида QS рейтинг агентлиги томонидан вазирлик билан янги шартномалар имзолаш истаги билдирилди.