Буни сўнгги йилларда ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Уларга асосан, юздан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 30 дан ортиқ фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди.

Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 баравар қисқартирилди. Нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Шу йил 1 ноябрдан ҳар қандай текширишлар фақат ва фақат бизнес-омбудсманда янги электрон платформа орқали амалга оширилиши, барча турдаги текширувлар бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши белгиланди.

Президентимизнинг 2022 йил 9 ноябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур фармон тадбиркорлик фаолиятига қўйилган талабларни соддалаштириш ҳамда бизнес учун тартибга солиш юкини камайтириш, тартибга солишнинг аниқ мақсад ва чегараларини белгилаш орқали уларга қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Ҳужжатга кўра, тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда аниқ воситалари белгиланмоқда. 2023 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорликка оид бюрократик тўсиқлар ва ортиқча қоғозбозликка сабаб бўлаётган қатор тартиблар, яъни тадбиркорлик ривожи йўлига ғов бўлаётган талаблар олиб ташланмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик субъектининг устав фонди (устав капитали)ни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш, янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши тартиби бекор қилиняпти.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш амалиётидан воз кечилади. Шу кунга қадар тадбиркор аудит ва сайёр солиқ текширувлари натижаларидан норози бўлган тақдирда судга шикоят қилишдан олдин тегишли юқори турувчи солиқ органига мурожаат қилиши лозим эди. 2023 йил 1 мартдан эса тадбиркорларга тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Фармонда бугунги кундаги илғор технологиялар, жумладан, рақамлаштириш имкониятларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада тадбиркорларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўз хизматларини кўрсатишга рухсат бериляпти. Ҳозир Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан 2,5 миллиондан ортиқ фуқаро ва тадбиркор фойдаланаётганини ҳисобга олсак, энди тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулот ва хизматларини кенг миқёсда таклиф этиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, давлат харидларида рақобатни қўллаб-қувватлаш мақсадида қиймати 1 миллиард сўмдан юқори бўлган харидлар бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш тақиқланмоқда. Бундай талаб қўйилиши тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат юзага келишига хизмат қилади, шунингдек, уларнинг маҳсулот ва хизматлари сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан янги маҳсулот ва хизмат турларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали тартибга солиш юкини камайтириш мақсадида “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий қилинмоқда. Дунёнинг 60 дан ортиқ давлатида мавжуд ушбу амалиёт тадбиркорларга замонавий технологиялар ва янги хизмат турларини жорий қилишда қулай муҳит яратади. 2023 йил 1 январдан бошлаб мазкур режим тадбиркорликнинг 5 та йўналиши, жумладан, электрон тижорат, транспорт, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида жорий этилади. Синов натижалари муваффақиятли деб топилганда, янги технология (хизмат)ни тўлиқ жорий қилиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритилади.

Фармон билан, шунингдек, тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби белгиланмоқда. Бу жараён икки босқичда амалга оширилиб, 1-босқич  (2023 йил) кўплаб тадбиркорлар учун долзарб бўлган 5 та соҳа, хусусан, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, таълим ва транспорт,  2024–2025 йилларни қамраб олувчи 2-босқич эса барча соҳаларга тегишлидир. Эътиборли жиҳати, реестрни шакллантиришда мажбурий талаблар баҳоланиб, долзарб бўлмаган, ортиқча харажатга олиб келаётган талаблар қисқартирилади. Реестр 2025 йил 1 июлдан тўлиқ ишга туширилиб, унга киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланади.

Тадбиркорларимиз учун яратилаётган бундай енгилликлар Ўзбекистонда бизнес муҳити янада яхшиланиши ва тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши орқали иқтисодий тараққиётнинг жадал ривожланишига  кенг йўл очади.

Дилмурод ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний

манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил