Бундан ташқари, у инсоннинг нафақат жисмоний, балки маънавий, маданий тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Меҳнат сабаб одам умрини маънан узайтириш, ҳаётини янада сермазмун қилиш, ҳар томонлама бойитиш учун узлуксиз интилиб келди. Турмуш тарзини мунтазам яхшилаш, такомиллаштиришга ҳаракат қилди. Пировардида меҳнат одамни ихтирочига, бунёдкорга айлантирди.

XXI асрда ўша меҳнат сунъий интеллектни реалликка айлантириб, ҳаётимизга олиб кирди. Бугун биз фойдаланаётган барча ижтимоий платформа, ёрдамчи чат-ботлар айнан сунъий тафаккур маҳсули. Уларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам махсус роботларнинг беминнат хизматидан фойдаланилди. Одатда, роботлар деганда, кўпчиликнинг тасаввурида инсонлардек гаплашиб, ҳаракатланадиган қиёфалар гавдаланади. Аслида, робот — нисбатан кенгроқ тушунча. Смартфонингиздаги иловалар, ­дастурлар, дейлик, google таржимон, луғатлар, турли ўйинлар ва ҳоказолар ҳам сунъий интеллектга яққол мисол бўла олади. Фақат уларнинг қамрови кичик бўлиб, муайян йўналишдагина сизга ёрдам бериши мумкин.

Ҳа, сунъий идрок тушунчаси шу қадар кенгайиб кетди. Дунёнинг у ёки бу бурчагида ҳар соатда қилинаётган оламшумул ишларнинг барчасидан шунчаки бохабар бўлишга ҳам улгурмаяпмиз.

Рақамлашган замон бутун дунёда эркаклар билан бирга хотин-қизларнинг ҳаётини ҳам яхшилаш учун янги ва мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очди. Бугун рақамли технологиялар ҳаётнинг барча жабҳасини, жумладан, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тизимларни жадал ўзгартирмоқда. Кўпдан буён бир чеккада қолган аёл-қизлар ўзини ўнглаб олиши учун янгидан янги таянч нуқталари, устунларини вужудга келтирмоқда.

Айни пайтда аёлларнинг илмий-технологик фаолиятда нуфузи ва аҳамиятини янада ошириш, жумладан, олималарга ва ғоя муаллифларига ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга кўмаклашиш, тадқиқотлар, стартапларни амалга ошириш учун ташкилий имкониятлар яратиш, илмий фаолиятда гендер дискриминация муаммосига тўлиқ барҳам бериш, ижодкор, ихтирочи аёл-қизлар учун нуфузли мукофотлар таъсис этиш, тадқиқот грантлари, хорижий стажировка дастурларини кенгайтириш, академик мобиллигини ошириш, инновацион ғояларини тижорийлаштириш, қисқаси, илм-фанни ижтимоий тараққиётнинг драйвери ва генераторига айлантириш мамлакатнинг кейинги ривожида самарали ечим эканини давлат ҳам, жамият ҳам аллақачон англаган.

Шу боис, Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат маркази билан ҳамкорликда шу йил 24-29 апрель кунлари “Ренессанс” соғломлаштириш оромгоҳида навбатдаги “Рақамли авлод қизлари — 2025” республика танлови ўтказилди.

Рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасига қизиқувчи иқтидорли ўқувчи ва талабалар орасидан энг муносибларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган, 2021 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган танлов қисқа муддатда қизларнинг ахборот технологиялари, инновациялар ва стартап фаолиятига қизиқишини оширди. Таълим ва иқтисодиётнинг рақамли трансформациясида уларнинг фаол иштирокини кенгайтириб, лойиҳа асосида ишлаш, креатив ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантирди. Таълим, “яшил иқтисодиёт”, сунъий интеллект ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги стартап ғояларни ­қўллаб-қувватлаш, рақамли таълим ва гендер тенглик соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадларини амалга оширишда давом этмоқда.

“Рақамли авлод қизлари — 2025” танлови рақамли даврда аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим қадам бўлди ва бугун инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш бўйича миллий стратегияларга амалий ҳисса қўшмоқда. Қизлардан иборат миллий рақамли авлод клубини ташкил этиш иқтидорли ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш ва эртага мамлакат трансформациясида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Сунъий интеллект, “яшил иқтисодиёт” ва иқлим ўзгариши — лойиҳанинг бош йўналишлари

— Шарқ мамлакатларида яратилган бадиий асарларга назар ташласак, ижтимоий ҳаётга хос ҳамма гўзаллик, жумладан, табиатга хос кўркамлик ҳам аёллар тасвири орқали акс эттирилганини кўрамиз. Алломаларимиз, мутафаккиру мусаввирларимиз асарларида ҳам аёлларга хос назокат, сабр-қаноат билан бирга уларнинг оила олдидаги, умуман, одам ва олам олдидаги бурч ва масъулияти эҳтиром билан тараннум этилган, — дейди “Digital Generation Uzbekistan” лойиҳаси директори Азамат Жалолов. — Ўзбек аёлининг ҳақиқий қиёфасини тасаввур қилмоқ учун у босиб ўтган узоқ йўлга, аввало, унинг ўтмишига, сўнг эса кечаги ва бугунги кунига чуқур назар ташлаб, келажаги хусусида ўйлаш мумкин. Соҳибқироннинг суюкли рафиқаси Сароймулкхоним, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бувиси Эсон Давлатбегим каби момоларимиз жамият ҳаётида муайян мавқега эга бўлган. Алишер Навоий бобомизнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида таърифланган олима қизлар, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз Дилосо, мунажжим Гуландом, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари ҳам реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи Ҳазрат билан бир даврда яшаган закий момоларимиздир. Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган зукко опа-сингилларимизни қадрлаш бурчимиздир.

Халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринга эга Ўзбекистоннинг давлат ва жамият сифатидаги тараққиёти силсиласида аёлларнинг роли, унинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги глобаллашув жараёнида янги авлоднинг ҳар қандай шароитга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласида хотин-қизларнинг ўрни ҳар қачонгидан-да муҳим. Шу боис, ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ташаббуслар билан чиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга янги имкониятлар яратиб бериш мақсадида қонунчиликда қатор имтиёзлар назарда тутилган. Бу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан ҳам аёл-қизларнинг ахборот технологиялар соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда ишлаб чиқилган ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Бу йилги “Рақамли авлод қизлари” тадбирида маҳоратли менторлар иштирокида таълим, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда машғулотлар бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда MIT университети (АҚШ) халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Жулиа Рейнолдс, Marshall Cavendish Education (Сингапур) ташкилоти ҳудудий бошқаруви раиси ўринбосари Кҳаири Абдуллаҳ ва бошқа нуфузли спикерлар иштирок этди. Машғулотлар мусобақа тарзида ташкил этилди. Унда иштирокчи қизлар стартап лойиҳаларини ишлаб чиқди ҳамда тақдимот қилди. Шунингдек, тадбир давомида экспертлар билан рақамли иқтисодиёт мавзусида давра суҳбати ва беллашувлар ҳам ўтказилди. Ғолиблар тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

“Рақамли авлод қизлари” лойиҳасида нафақат ўзбекистонлик, балки соҳага қизиқувчи хорижлик ўқувчилар ҳам қатнашиб келмоқда. Хусусан, ўтган йилларда “Emirates National School” (БАА)нинг 30 ўқувчиси ва афғонистонлик 23 қиз лойиҳада билимини синаб кўрди. Ўтган даврда мазкур лойиҳа доирасида иштирокчилар томонидан 400 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди.

2024 йилда лойиҳада ғолиб бўлган 15 қиз БААда таълим саёҳатида бўлди. Жорий йилда ҳам ғолиблар хорижий давлатга таълим саёҳати йўлланмасини ютиб олди.

Битта қизни ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз

Ҳар қандай мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша юртдаги йигит-қизлар таълим-тарбияси ва келажагига эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Давлат ва жамият бошқарувида ҳам, сунъий интеллект ва робототехникада ҳам, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Сабаби улар жамият учун “янги қон” вазифасини ўтайди. Янгидан янги ташаббус ва ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда ана шу қатламнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади.

— Бугун жамиятимизнинг илмий-техникавий фаолиятида хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда. Олима аёллар томонидан илм-фан соҳасидаги изланишлар ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-сиёсий соҳалар ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Зеро, ўтмишга назар солсак, Ада Лавлейс тарихдаги биринчи дастурчи аёл. Ўнлаб диссертация ёзган олимлар эриша олмаган натижага Ада атиги эллик саҳифали мақоласи билан эришган, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги халқаро алоқалар бошқармаси масъул ходими, лойиҳа координатори Мухлиса Мамажонова. — Фикр эгаларидан бири бежиз “Битта қизни ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, демаган. Бунинг замирида ҳаётий ҳақиқат борлигини, албатта, ҳаммамиз яхши биламиз. Қизларнинг илмли бўлишини рағбатлантириш узоқни кўзлаб босилган муҳим қадамдир. Бугунги талаба қиз эртага ўз ­соҳасининг етук мутахассиси бўлиши билан бирга, илмли, интеллектуал салоҳиятли, кенг дунёқарашга эга фарзандни тарбиялайдиган она ҳам бўлади. Маърифатли аёл ўз соҳасида ҳам, оилада ҳам келажакка дахлдор тўғри қарор қабул қилинишига муносиб ҳисса қўшади. Бу йил “Рақамли авлод қизлари” лойиҳасининг бешинчи мавсуми ташкил этилди. Илк бор ўтказилганида унга иштирокчи сифатида қўшилганман.

Ўтган йилларда лойиҳанинг турли йўналишида иштирокчи, волонтёр, PR менежер бўлиб ишладим. Айни дамда эса лойиҳа координаторларидан бириман. Университетда — бакалавриат босқичининг илк йилларида бу лойиҳага кириб келган бўлсам, йиллар мобайнида у мени, умуман, унда иштирок этганларнинг савиясини ўстирди, тарбиялади, ривожлантирди. Жамоа билан ишлаш кўникмасини ҳосил қилишимизга ёрдам берди. Жамоатчилик олдида нутқимиз равон бўлишига сабабчи бўлди. Айнан шу лойиҳа жамоа таркибида қандай ишлаш, лойиҳаларни қандай юритиш бўйича битмас-туганмас тажрибалар тақдим этган катта мактаб вазифасини ўтади деб бемалол айта оламан.

Хорижда, масалан, етакчи университетларга ўқишга ҳужжат топширилаётганда номзоднинг нафақат ўртача баҳоси ёки тил билиш сертификати даражасига, балки мана шундай ижтимоий фаоллигига, волонтёрлик лойиҳаларидаги иштирокига, инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаши ёки қизлар таълимига ­эътибор беришига кўмаклашиш бўйича қилган ишларига алоҳида урғу берилади. Бунга ўзимни мисол қилишим мумкин. Мана шу лойиҳада орттирган тажрибам натижасида дунёнинг илғор ОТМлари 100 талиги рўйхатидан ўрин олган Глазго университети (Буюк Британия)га ўқишга қабул қилиндим. У ерда магистратурани муваффақиятли тамомлаб, бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида меҳнат қиляпман.

Очиғи, лойиҳадан мендек миннатдор одам бўлмаса керак. Сабаби ушбу тадбир туфайли Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори бўлдим, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибасига айландим. Ютуқларимнинг ҳар бирида мана шу стартапларда орттирган малакам, устозлардан олган билимларим, шубҳасиз, қўл келди. Ўйлайманки, “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидаги иқтидорли қизларни қамраб олишда, янги-янги юлдузларни кашф қилишда давом этади.

Лойиҳанинг жорий йилги мавсуми бошқа мавсумлардан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турди. Чунки бу йил Хитой, Озарбайжон ва Иорданиядан 30 дан ортиқ қизни юртимизга таклиф қилдик. Бу ерда уларнинг фикр алмашиши, тажрибаларни кўпроқ ўртоқлашиб, дўстона баҳслашиши, бир-бирининг камчиликларини тўлдириши учун қулай шароит яратиб бердик. Бундан, албатта, ўзбек қизлари кўпроқ манфаатдор бўлди. Боиси, улар халқаро майдондаги тенгдошларининг фикрларини тинглади, бу орқали хорижлик дўстлар орттирди, ўз йўналиши бўйича стартап лойиҳаларни реализация қилиш учун кучли ва заиф жиҳатларини биргаликда муҳокама қилди.

Ғурурланиб айтамиз: 2021 йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган “Рақамли авлод” маърифий лойиҳаси шу кунгача 7000 дан зиёд қизни кашф этди. Ундаги қанчадан қанча ғоя, стартаплар йирик лойиҳаларга айланди. Жорий йилда қизларимиз жуда фаол иштирок этди.

Технология соҳасида ўзбек қизининг қиёфаси бўлиши керак

— Аҳоли орасида ўтказилган кўплаб сўровномалар натижасига кўра, ҳали ҳам жамиятда техника фанлари қизлардан кўра ўғил болаларга хос деган фикрлар мавжуд экан. Бу каби қарашлар қанчадан қанча аёл-қизларнинг технологиядан тез “совиши” ва аёллар учун анъанавий соҳаларга кетишига олиб келади. Хотин-қизларнинг технология ва инновациялар соҳасига тўла жалб этилишига кўмаклашишдан ҳамма бирдек манфаат кўришини унутмаслигимиз зарур, — дейди “Digital Generation Uzbekistan” лойиҳасида фаолият юритаётган Муҳаммадкарим Тўхтабоев. — Олималар ва аёл технологлар умумбашарий муаммолар устида бош қотиришга киришса, ўша муаммоларга ечим топиш имконияти, табиийки, ортади.

Лойиҳада жуда кўп иқтидорли қизларни ўзим учун кашф этдим. Масалан, Чарос Абдусатторова деган қиз бор. “Янги Ўзбекистон” университетининг 4-курс талабаси. “Рақамли авлод қизлари” лойиҳасида уч йилдан буён иштирок этиб, икки марта ғолибликни қўлга киритган. Жорий йилда эса ментор сифатида қатнашди. Биринчи йилларда қуёш панелларини тозалаш сервиси ҳақидаги стартап лойиҳаси билан иштирок этганди. Бу лойиҳа қуёш панеллари самарадорлигини муайян маънода ошириб берувчи ажойиб лойиҳа бўлиб, 2-ўринга лойиқ кўрилганди. Ўтган йили эса у жамоаси билан бирга таълимни ривожлантириш технологияси лойиҳаси билан қатнашди. Ғолиблар қаторида Бирлашган Араб Амирликларига таълим саёҳатини ютиб олди.

“Рақамли авлод қизлари”да стартап йўналиши бўйича қизларимиз, аввало, режалаштирилган ўқув қўлланмалар асосида билим олади ва жамоавий тарзда муайян лойиҳа устида иш бошлайди. Стартап лойиҳаларни ишлаб чиқишда қизларимизга менторлар томонидан тавсия ва кўрсатмалар, албатта, бериб борилади.

Масалан, ҳафта давомида Буюк Британиянинг “Финтеч” компаниясида маҳсулот маркетинг менежери Гулнур Эсова бу йилги лойиҳа доирасидаги давра суҳбатларида иштирок этди. У халқаро лойиҳаларни тақдимот қилиш этикаси бўйича тажрибаси билан ўртоқлашди. Германиянинг RPTU Kayzerslautern-Landau университети “Machine Learning” илмий гуруҳининг ёрдамчи тадқиқотчиси Латофат Бобожонова ҳам давра суҳбатларида қатнашиб, катта компанияларда амалиёт ўташ ва академик карьера қилиш бўйича маслаҳатларини аямади.

“Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси юртимиздаги иштиёқи баланд, иқтидорли барча қизни бир жойда тўплаб, ўзаро тажриба алмашиш учун ўзига хос ғоялар майдони вазифасини ўтаяпти. У орқали бугун қизларнинг рақамли ва тадбиркорлик кўникмалари ошди, STEM (фан, технология, муҳандислик, математика) соҳаларида фаоллашди, танлов ғолиблари учун АҚШга ўқув сафари ташкил этилди, барқарор рақамли қизлар ҳамжамияти шакллантирилди.

Ўтмишни асраган ҳолда келажакни бунёд этиш лойиҳаси

— “Рақамли авлод” қизлари танлови мен учун янги оламни очди. Юзлаб иқтидорли қизни кўриб, улар билан фикр алмашиб, катта салоҳиятли авлод етишиб келаётганини ҳис қилдим. Ҳар бир қизнинг лойиҳаси пухта ўйланган, жамиятга фойдаси тегишига қаратилган, — дейди “Янги Ўзбекистон” университетининг ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси, мавсум ғолибларидан бири Нигора Асқаралиева. — Мен ва ўқувчим ушбу танловга Чиғатой.ai номли лойиҳамиз билан қатнашдик. Шогирдим Шабнам Ихтиёрова Абдулла Қодирий ижод мактаби ўқувчиси. Матншунослик фани ўқитилгани учун унинг эски ўзбек ёзувидан хабари бор. 2023/2024 ўқув йилида шу мактабда ишлаганимда у билан танишгандим. Тўгарагимнинг фаол аъзоларидан эди. Матншунослик фанларига кирганимда асосий ёрдамчим бўлган.

Мутахассислигим ўзбек филологияси бўлишига қарамай, ахборот технологияларига қизиқишим Tahrirchi.ai (ҳозирги Tilmoch.ai) лойиҳасида ишлаганимда бошланган. Ушбу лойиҳада 1,5 йил ишлаб, cтартапнинг нолдан кўтарилишига, қийинчиликларига, таваккалчиликларига гувоҳ бўлгандим. Tilmoch.ai устида ишлаётганимизда сунъий интеллект моделига ўзбек тилини ўргатиш учун таржима асарлар базасини йиғиш менга топширилганди. Ўшанда эски ўзбек ёзувидаги маълумотларни ҳам йиғиб, ўргатиб бўлармикан деган фикр хаёлимдан ўтган.

“Рақамли авлод қизлари”нинг 2025 йилги мавсумига шу ғоя билан чиқдик. Чиғатой.ai аҳоли қўлидаги қўлёзмаларни йиғиш, реставрация қилиш, каталоглаштириш ва сунъий интеллект ёрдамида ўқиб, ҳозирги лотин алифбосига транслитерация қилиш лойиҳасидир. Лойиҳамиз шиори — тарихни асраган ҳолда келажакни барпо этиш.

Стартап ҳақида ўйлаганимизда, албатта, унинг чет элдаги муқобилларини кўриб чиқдик. Европада Transkribus, Туркияда Translyet.com, qalam.ai, Станфорд университетида Arabic OCR каби моделлар, платформалар бор экан. Биз Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарини шу платформаларда синаб кўрдик. Энг аниқ ўқиган платформа қардошларимизнинг Transleyt.com платформаси бўлиб, фақат у матнни туркчага таржима қилди. Мисол учун, “яхши китоб” жумласини киритсак, “iyi kitap” деб чиқарди. Шунингдек, бошқа 28 тилга таржима қила олиши бизни қойил қолдирди. Ана шундан кейин бу ғояни амалга оширса бўларкан деган ишонч бизни янада руҳлантирди.

Ушбу танловнинг асосий ютуғи бошқалар учун АҚШга таълим саёҳати бўлса, биз учун янги лойиҳанинг туғилиши ва уни оммага тақдим этишдир. Айниқса, ахборот технология соҳасида янги бўлган биз учун. Агар бу лойиҳа чиндан амалга ошса, лойиҳа раҳбари Азамат Жалолов айтганидек, мозийга исмларимиз муҳрланиши мумкин.

Жамиятнинг демократик ўзгаришлар йўлидан нечоғлиқ илгарилаб кетгани унинг аёлларга муносабати, бу борадаги маданий-маънавий савияси билан белгиланади. Зеро, оқила, гўзал аёллар ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оилалардаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб туради.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири