Аҳолини касаллик ва юқори тиббий ха­ражатлардан молиявий жиҳатдан ҳимоя қи­ладиган ва кафолатланган тиббий хизматни кўзда тутувчи бу тизим даставвал 2021 йил­да Сирдарё вилоятида йўлга қўйилган эди. Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрда­ги “Давлат тиббий суғуртаси механизмла­рини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур тизимни янада кенг ёйишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қа­рор билан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда давлат тиббий суғуртаси механизмларини бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш вазифа­лари белгиланди. Шу йил охиригача юрти­мизнинг барча ҳудудида бу тизим йўлга қўйилади. Натижада аҳолининг барча қатлами кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми билан тўлиқ қамраб олинади.

Кафолатланган тиббий хизмат ҳажми давлат маблағлари ҳисобидан кафолатланган текин тиббий хизматлар рўйхати бўлиб, унга шошилинч тиббий ёрдам, биринчи босқич шифокорлик хизматлари, баъзи таҳлил ва диагностика ишлари, стационар даволаниш кабилар киради.

Ўтган йиллар давомида давлат тиббий суғуртаси тизими Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида жорий этилди. Хусусан, 2025 йилда 768 та тиббиёт муассасаси Давлат тиб­бий суғуртаси жамғармаси билан шартнома асосида фаолият юритди. Мазкур тиббиёт муассасалари “аҳоли жон бошига” ва “ҳар бир даволанган ҳолат” тамойили асосида молиялаштирилиб, бунинг учун 20,1 трил­лион сўм йўналтирилди. Бу маблағ шифо­корлар меҳнатини қадрлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар манфаати устуворлигини таъминлади.

Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга электрон йўлланма асосида кўрсатиладиган тиббий хизмат харажатларини қоплаш мақ­садида Давлат тиббий суғуртаси жамғарма­си 2025 йил учун 155 та тиббиёт ташкилоти билан 1 триллион 232,1 миллиард сўмлик шартнома имзолади.

2025 йилда бу муассасаларда электрон йўлланма асосида даволанган, имтиёзли тоифага кирувчи 101 минг 623 кишига кўр­сатилган тиббий хизматлар учун 1 трил­лион 231,79 миллиард сўм тўлов амалга оширилди.

Имтиёзли тоифадаги фуқароларга кўрса­тилаётган тиббий ёрдам шунчаки ижтимоий хизмат эмас, балки давлатнинг инсон ҳа­ёти, халқ саломатлиги ва адолатли жамият қуришга қаратилган оқилона сиёсатининг амалдаги ифодасидир.

— 18 йил суяк емирилиши касаллиги би­лан яшадим, — дейди наманганлик Сожида Насриддинова. — Даволаниш учун маблағ тополмай, йиллар давомида азият чекдим. Шифохона эшикларида сарсон бўлдим. Бор­маган шифокору табибим қолмади.

Давлат тиббий суғуртаси орқали Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт мар­казининг Наманган филиалида операция қилиндим. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Касаллик ортда қолди. Бугун бемалол юра оляпман.

Бундай тақдирлар, мисолларни кўп кел­тириш мумкин.

Жамғарма фаолиятидаги очиқлик, ҳисоб­дорлик ва рақамлаштириш халқ ишончи ва давлат сиёсати самарадорлигини таъмин­лашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Кўрсатилган тиббий ёрдам ҳажми ва кўлами ортиши бу — фақат рақам эмас, балки минглаб инсон ҳаёти, уларнинг соғлом ва фаро­вон келажагидир. Бугун давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматларга ишонч ортиб бораётгани янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор эканини яна бир бор тас­диқлайди.

Бу борадаги ислоҳотлар давомий, ти­зимли ва халқ манфаатига хизмат қилувчи жараён бўлиб, улар келгусида ҳам ҳудуд­ларда тиббий хизматларни яқинлаштириш, манзилли ёрдамни кенгайтириш ва ҳар бир фуқарога тенг имконият яратишга йўналти­рилади.

— Ўтган йилнинг биринчи кунидан тобим бўлмади, — дейди андижонлик Рустамжон Мамасолиев. — Андижондаги шифохонада даволандим. Лекин фойдасини сезмадим. Сентябрь ойига келиб, менга сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилди ва диализ олишим тавсия қилинди. Ўтган вақт давомида касаллик мени ҳолдан тойдирган эди. Диализ олиш жуда оғир кечди.

Шифокорлар операция зарурлигини айтгач, Тошкентга йўл олдик. Ўғлим мендан берухсат донор бўлибди. Бу хабарни опера­циядан чиққандан сўнг эшитдим.

Миллий тиббиёт марказида ўтказилган операция ва барча даволаш харажатлари дав­лат тиббий суғуртаси томонидан қопланди. Агар бу тизим бўлмаганида, мен оёққа тур­масдим.

Давлат тиббий суғуртаси тизими фақат молиявий қўллаб-қувватлаш эмас, балки давлатнинг инсон ҳаётига, соғлиғига ва ижтимоий адолатга бўлган масъулиятидир. Йил давомида тизим орқали амалга оширил­ган ишлар шундан далолат берадики, Пре­зидентимиз ташаббуси ва сиёсий иродаси натижасида минглаб инсонлар ҳаётида сези­ларли ўзгаришлар юз берди.

Реимбурсация дастури нима?

Давлат тиббий суғуртаси жорий этилаёт­ган ҳудудларда аҳолига кафолатланган ҳажм доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш, жумладан, сурункали беморларни бепул дори-дармон билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.

“Харажатларни қоплаш” маъносини англатувчи “реимбурсация” сўзи истеъмолга кириб келганига унча кўп вақт бўлмади. Реимбурсация дастури доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида 28 турдаги дори-дармон амбулатор даволаниш учун текин тақдим этилмоқда. Дори хара­жатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғар­маси томонидан қоплаб бериляпти. Хусусан, айни пайтда дастурга артериал гипертония, юрак ишемик, қандли диабетнинг 2-тури, қандсиз диабет, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив ва меъда-ичак тизими хасталиклари каби 12 та касаллик гуруҳи ки­ритилган.

“Бепул дорилар кимларга берилади?” де­ган ҳақли савол туғилиши мумкин.

— Таҳлиллар Ўзбекистонда юрак-қон то­мир хасталиклари умумий ўлим сонининг 60 фоизини ташкил этишини кўрсат­моқда, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги­нинг Тиббий суғуртани ташкил этиш ва му­вофиқлаштириш бўлими бошлиғи Шуҳрат Алимардонов. — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, юқумли бўлма­ган касалликларнинг олдини олиш бўйича миллий клиник протокол ишлаб чиқилган. Агар бемор ҳаёти давомида ўз вақтида дори ичиб борса, касаллик асорат қолдирмайди. Қолаверса, давлат шифохоналарига бўлади­ган босимнинг олди олинади.

— Анча йиллардан буён ошқозон оғриғи ва қон босими ошишидан азият чекаман, — дейди Наргиза Мақсудова. — Чилонзор туманидаги 33-поликлиникада рўйхатда тураман. Шифокорлар электрон рецепт орқали дорихонага йўналтиради. Бе­пул дори оламан. Ҳар ой рецепт янгиланади. Тиббиёт ходимлари назоратида тайинлан­ган дориларни ўз вақтида қабул қилганим туфайли соғлиғим анча яхши. Бундан жуда хурсандман. Яхшиям шу тизим йўлга қўйил­ган, акс ҳолда, зарур дориларни сотиб олиш­га имкониятим етмасди, бу соғлиғим ёмон­лашишига сабаб бўлиши мумкин эди.

— Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-си­нов ҳудудида амалиётга киритилган “Элек­трон рецепт” тизими билан Реимбурсация дастури асосидаги электрон рецептни адаштирмаслик керак, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этув­чи директори ўринбосари Улуғбек Канди­мов. — Реимбурсация дастурида электрон рецепт асосида диспансер назоратида турув­чи беморларга дори бепул берилади. “Элек­трон рецепт” тизимида эса бемор дорини ўзи сотиб олади.

Мутахассислар фикрича, Реимбурсация дастури аҳолини сифатли ва кафолатланган дори–дармон билан таъминлаш, сурунка­ли касалликлар асоратларини камайтириш ҳамда тиббий хизматлар шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

— Ўтган йилда 1 миллион 300 мингдан ортиқ бемор текин дори-дармон билан таъминланиб, уларга 2,5 миллиондан ор­тиқ электрон рецепт расмийлаштирилди, дорихоналарга 90 миллиард сўмликка яқин дорининг қийматлари қоплаб берил­ди, — дейди У.Кандимов. — Реимбурсацияга режалаштирилган маблағлар жамғарма томонидан бошқариб, белгиланган лимит шакллантирилиб борилади. Электрон ре­цептлар расмийлаштирилиши мониторинги ва мақсадли сарфланиши доимий назорат­да. Реимбурсация дастурига кирувчи касалликларни янада кенгроқ қамраб олиш, дори турларини ҳам кўпайтиришни мақсад қилиб олганмиз.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, яъни аҳолининг барча қатламини қамраб олиш, уларни амбулатор шароитда даволашга эришиш, ка­салликларнинг олдини олиш, аҳолининг умр кўриш давомийлигини узайтириш энг катта мақсад.

Дорихоналарда нима гап?

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси би­лан шартнома тузган дорихоналар орқали су­рункали касалларга дори етказиб бериляпти.

— “Дори-дармон” акциядорлик компа­нияси ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли 481 та дорихона ва дорихона шо­хобчаси Реимбурсация дастурига уланган ва фаолият кўрсатиб келмоқда, — дейди “Дори-дармон” акциядорлик компанияси­нинг чакана савдони ривожлантириш ди­ректори Абдувоҳид Иноғомов. — 2025 йил давомида Реимбурсация дастурига уланган дорихона ва дорихона шохобчаларида, маъ­лумотларга кўра, 28 миллиард 300 миллион сўмлик дори электрон рецепт орқали бемор­ларга бепул берилган.

“Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибига кўра, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги 15 та туман ва шаҳардаги барча тиббиёт ташкилотларида тажриба-синов тариқасида дори-дармон­ни халқаро патентланмаган номи бўйича босқичма-босқич электрон рецепт асосида тайинлаш белгиланди. Биринчи босқичда антибиотиклар ва тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори ҳамда тизим­ли таъсир этувчи гормонал дори электрон рецепт орқали берилиши белгиланди.

Электрон рецепт модулининг моҳия­ти шундаки, тизим дориларнинг дозаси ва шаклини ҳисобга олган ҳолда халқаро патентланмаган номи билан электрон ре­цепт ёзишни таъминлайди. Рецепт асосида дорини маркировка қилинган ҳолда сотиш имконини беради. Барча жараёнлар автомат­лаштирилади, инсон омили камаяди. Бемор­лар мобил илова орқали ўз рецептларини ку­затиб бориш имкониятига эга бўлади.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири