Президентимизнинг жорий йил 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида Қоровулбозор туманини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, “Маҳалламизни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирамиз” шиори остидаги ишлар янада кенг қулоч ёймоқда.
Туманда жорий йилда 4 мингдан ортиқ та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган, унинг 918 таси тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 18 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган.
— Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида сектор раҳбарлари билан ўтган йили амалга оширган ишлари ҳамда жорий йилги режалари бўйича бирма-бир суҳбатлашди, — дейди Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов. — Мазкур учрашувда мен ҳам ўзимнинг ҳисоботимни тақдим этдим ва 2023 йили туманимизда саноат йўналишида яратиладиган янги иш ўринлари бўйича таклифларимни айтдим. Президентимиз туманимизни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги режалар асосидаги йўналиш, вазифа ва топшириқларни аниқ белгилаб берди.
Шу йилнинг ўзида катта-кичик 133 та корхонани ишга туширишни режалаштирганмиз. Туман аҳлига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари билан бирга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш соҳасини ривожлантириш учун зарур инфратузилма яратилмоқда. Агар аҳоли бандлигини таъминлашга, соғлигини мустаҳкамлашга, яшаш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга астойдил ҳаракат қилсак, фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортади.
Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Халқимиз кечагидан кўра бугун яхши яшашни истайди. Йўлининг асфальтланишини, хонадонига тоза ичимлик сув киришини, табиий газ, узлуксиз электр таъминотини, ҳар бир қишлоқда мактаб ва боғча бўлишини хоҳлайди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 июндаги “Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туман келажагида муҳим аҳамият касб этади. Электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилиш, аҳолининг ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда бу қарор муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.
Туманда 100 гектар майдонда эркин иқтисодий зона ташкил этилган. Мазкур ҳудудга қарашли “Бўзачи” маҳалласида “Бухоро Евро цемент” МЧЖ томонидан умумий қиймати 29 миллион АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига йилига 750 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушди. Йил охирига қадар 250 дан ортиқ янги иш ўрни ҳам яратилади.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишидаги “Профткомплект Бухара” МЧЖ томонидан сим ишлаб чиқариш корхонаси 2024 йилда ишга туширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион АҚШ доллари. Унинг 3,5 миллион доллари банк кредити, қолгани тадбиркорнинг маблағи. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 200 тонна маҳсулот қайта ишланади ва 100 та одам ишли бўлади.
“Бухара реал мото” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган юк мотоцикллари нафақат юртимизга, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинаётгани туманнинг инвестиция салоҳиятини янада оширмоқда. Корхона 2017 йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг дона. Корхонада бугунги кунда 300 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланган.
“Петрочем Бухара” МЧЖ томонидан нефтни қайта ишлаш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион доллар. Корхона туфайли бугун 100 дан зиёд фуқаро иш билан банд.
Туманда йил якунига қадар яна бир йирик корхона ишга туширилади. “Sulphotech” МЧЖ томонидан қиймати 8 миллион доллар бўлган, таркиби азот, фосфор ҳамда калий компонентлари ва микроэлементларидан ташкил топган комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасининг ишга тушиши натижасида 120 та янги иш ўрни яратилади.
Кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда
Туманнинг “Чўлқувар” маҳалласидаги 5 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этиш ишларига жорий йил бошидан киришилган. Бу кичик саноат зонасида ташаббускорлар томонидан умумий қиймати 40 миллиард сўмлик 8 та лойиҳа амалга оширилиши мақсад қилинган. Ҳозир бу ерда “Ака-ука СИТИ” МЧЖ томонидан нефть маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш, газ конденсатини қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилган. Муҳими, бу ерда 45 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланяпти.
Шунингдек, яқин кунларда “Анваржон металл сервис 2020” МЧЖ томонидан қиймати 3,5 миллиард сўмга тенг бўлган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади.
Хорижликлар билан мақсадли ҳамкорлик
— Туманда наслли қорамолчиликни ривожлантириш истиқболлари ҳам инвестиция лойиҳалари асосида кенгаймоқда. Жумладан, “Buxoro Agroklaster Chorva” МЧЖда наслли қорамол зотларини кўпайтириш, халқимиз дастурхонини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Дилмурод Юсупов.
2021 йилда ишга туширилган мазкур чорвачилик комплекси замон талаблари асосида жиҳозланган бўлиб, вилоятдаги шундай энг йирик корхоналардан бири. 2023 йилда мажмуа навбатдаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга киришди. Германиянинг наслли қора моллар, уруғ ва эмбрионлар соҳасига ихтисослашган “Zve Zuchtvieh-Export GmbH” корхонаси билан тузилган шартномага кўра, швед, симментал ва қизил дания зотли 489 бош қорамол сотиб олинди. Ҳозир ушбу наслли қорамоллар чуқур билим, тажриба ва малакага эга мутахассислар, зоотехниклар назоратида парваришланмоқда.
Паррандачилик истиқболлари
Айни кунда ҳудудда аҳоли талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб паррандачилик тармоғи, парҳезбоп гўшт ва тухум етиштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Туман 1-секторига қарашли ҳудудда “Парранда экспорт савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 700 минг доллар бўлган паррандачилик комплекси ишга туширилгани фикримиз далилидир. Ҳозир корхонада 100 минг бройлер товуқ парваришланяпти. Яқинда яна 50 минг товуққа мўлжалланган паррандачилик фабрикаси иш бошлайди.
— Корхонамизда 20 нафар ишчи меҳнат қилади. 2024 йилнинг охирига қадар 1 миллион товуқ боқишга мўлжалланган лойиҳани амалга оширамиз, — дейди корхона таъсисчиси Фаррух Бекмирзаев.
Бундан ташқари, паррандачилик соҳасининг тухум йўналишида “Vigour export” МЧЖ фаолият олиб бормоқда. Бу ерда 45 минг товуқ парваришлаш учун умумий қиймати 1,2 миллион АҚШ долларилик маблағ киритилиб, 15 та иш ўрни яратилган. Бу маблағнинг 700 минг доллари ташаббускор тадбиркорнинг ўз маблағи бўлса, 500 минг доллари тижорат банки улушидир. Корхона томонидан Хитойдан 1000 та тухум сиғимига эга инкубатор ҳамда 180 товуққа мўлжалланган катаклар олиб келиниб, хонадонларга тарқатиляпти.
“Ҳаётимдаги энг ёрқин воқеа”
Мамлакатимизда ҳунармандлик, тадбиркорлик йўналишларида иш бошлаганлар сони ҳам ортмоқда. Ҳунармандлар орасида Президентимизнинг вилоятга ташрифли чоғида шахсан учрашган Шаҳноза Тўхтаева ҳам бор. Ишбилармон аёл махсус совундан турфа хил гуллар ҳамда тақинчоқлар ясаш билан шуғулланиб, ўз оиласига яхшигина даромад келтирмоқда.
— Давлатимиз раҳбари билан учрашув ҳаётимдаги энг ёрқин воқеа бўлди. Бу менга куч, шижоат ва рағбат бериб, ўзимга ишончимни мустаҳкамлади, янада кўпроқ мотивация олдим, — дейди Шаҳноза Тўхтаева. — Иш фаолиятимни бошлаганимга яқинда бир йил бўлади. Ижтимоий тармоқларда кўриб, бу ҳунарга қизиқишим ортди ва онлайн тарзда ўрганишга киришдим. Натижада ўз ишимни ҳам йўлга қўйиб олдим. Ҳозирги кунда бу ҳунарни шогирдларга ўргатиб, уларнинг бандлигини ҳам таъминлаб келяпман. Қолипларни буюртма асосида Хитойдан сотиб олишга тўғри келарди. Айни пайтда уларни ўзимизнинг цехда ишлаб чиқаришни бошладик. Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ.
Янгиланишлар хусусида тўхталмай бўлмас
Туман марказидан 15 километр узоқликда, қўшни Қашқадарё вилоятига яқин ҳудудда жойлашган “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Тошқудуқ ва Қўриқтепа қишлоқларида айни кунда 2 минг 900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Чўлқуварлар ҳудуди йил сайин чирой очиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечимига эътибор қаратилаётгани кўпларни хурсанд этяпти. 2019 йилда мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган икки қаватли 3-умумтаълим мактаби 416 нафар ўқувчини ўз бағрига олган. Таълим даргоҳига муқобил энергия таъминоти учун қуёш панели ўрнатилган.
— Халқимизнинг талаб ва мурожаатларидан сўнг ўтган йили икки қишлоғимизнинг ҳар бирида 5 километр масофадаги ички йўл асфальтланиб берилгани, кўчамизга 2,5 километр узунликда пиёдалар йўлаги барпо этилгани зўр иш бўлди, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нодир Воҳидов.
Ҳозир 154 нафар болажон қатнаётган 8-мактабгача таълим муассасаси ҳамда “Дўстлик” оилавий шифокорлик пункти томига ҳам қуёш панели ўрнатилди. Дўстлик ва Маърифат кўчаларида яшовчи аҳоли номидан ҳудуд тунги чироқларини янгилаш талаби юзасидан иш олиб борилиб, кўчанинг қарийб 1 километр қисми тунги ёритиш тармоғига эга бўлди.
“Беш ташаббус” маркази иш бошлади
“Навбаҳор” маҳалласида “Беш ташаббус маркази” фойдаланишга топширилгани эртамиз эгалари истеъдодини юзага чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
— Вилоят ҳокимлиги эътибори ва рағбати билан аввалги “Дўстлик” хўжалигининг эски маданият клуби танланиб, қарийб ярим гектар майдонда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳомийлигида қайта қуриш, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди, — дейди “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Илҳом Сафаров. — Замонавий, кўркам қиёфага кирган икки қаватли иншоотда спортнинг бадиий гимнастика, миллий кураш, шахмат-шашка, стол тенниси, бадминтон, киберспорт, шунингдек, ахборот технологиялари, компьютер саводхонлиги, инглиз тили, рангли қоғозлардан гул ясаш, мусиқа ва миллий чолғу асбоблари, тикувчилик каби тўгараклар фаолият юритмоқда. Марказда китобсевар ёшлар учун кутубхона, қолаверса, фитнес ва тренажёр зали ҳам бор.
Дарвоқе, бу янги марказ фаолияти нафақат ёшлар, балки 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барчага хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Маҳаллада 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони 1,5 минг нафардан кам эмас. Демак, уларни касб-корга йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, китобхонликка ва санъатга, мусиқага ошно қилишда мазкур “Беш ташаббус” марказининг ўрни ва аҳамияти янада ошади.
Йўллар ва йўлсозлар
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш бўйича Қоровулбозор туманида жами 8 километрга яқин йўлни асфальтлаш дастурга киритилган бўлиб, айни дамда бу лойиҳа деярли якунланмоқда.
Чунончи, йўлсозлар жонбозлиги билан “Жарқоқ” маҳалласида 1,8 километр йўл асфальтланган бўлса, “Бўзачи” маҳалласи аҳлининг мурожаатидан келиб чиқиб, Муродобод, Аҳиллик, Барҳаёт ҳамда Навбаҳор кўчаларининг 3,2 километр қисми таъмирдан чиқарилди ва асфальт ётқизилди.
Жорий йил биринчи ярмида туман йўлларида 5,1 милллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиб, узунлиги 58 километрдан зиёд қисми асфальтланди. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлининг 50 километрида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари, шунингдек, ички хўжалик йўлининг 8,2 километрида жорий таъмирлаш ишлари тўла-тўкис якунланди.
Шу йил якунига қадар ҳудуддаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш мақсадида қиймати 10 миллиард сўмдан зиёд сармоя ўзлаштирилмоқда. Бу умумий фойдаланишдаги 7 километр, ички хўжалик йўлидан деярли 11 километрда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади, деганидир.
Шунингдек, Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу йўналишидаги А-380 йўли босқичма-босқич цемент-бетон билан қопланади. Мазкур лойиҳани амалга оширишда Хитойнинг “China Road and Bridge Engineering” компанияси пудратчи ташкилот сифатида иш олиб боради.
Қоровулбозор туманидан ўтувчи мазкур магистрал йўлнинг 150–188 километригача қисмида қурилиш ишлари бошланмоқда. Қиймати 126 миллион доллар бўлган қурилиш ишлари 2025 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.
Канализация тармоғи тубдан янгиланади
Қоровулбозорда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳамкорлик асосида Туркиянинг “TUMAS-SEURECA” консорциуми томонидан туманда ичимлик сув тизимини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлари олиб бориляпти. Унинг асосида “Навбаҳор”, “Бўзачи” ҳамда “Жарқоқ” маҳаллаларидаги 3 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинади ва 68,3 километр масофага ичимлик сув тармоқлари қуриш белгиланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа бўйича 3,3 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади.
Яна бир лойиҳага асосан, туманнинг канализация тармоғи тубдан янгиланади. 5 та канализация насос станцияси қурилиб, 49 километрлик канализация тармоғи тортилади. Бундан ташқари, бир кеча кундузлик қуввати 2,1 минг куб метр бўлган канализация тозалаш иншооти қуриш режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга оширишга 10 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Қоровулбозор сардобаси
Қоровулбозорда сайёҳларни ўзига жалб қиладиган тарихий бинолар, обидалар кўп. Шулардан бири Қоровулбозор сардобасидир. У XVI асрга мансуб бўлиб, шаҳар марказига кираверишда жойлашган. Ҳовузининг диаметри 16 метрдан зиёд, гумбазининг баландлиги эса 6,5 метр. Сардоба деворларининг қалинлиги 1,5 метргача. Иншоот пишиқ ғишт билан ганч қоришмасидан қурилган.
Ғиштлар устидан саксовулдан тайёрланган кўмир қатлами тўшалиб, устидан туя жунидан тайёрланган 3 қават кигиз, сўнг пардозланган 3 қават мол териси ёпилган ва унинг устидан ғишт терилган ва ганч билан сувалган. Саксовул сувни тузлардан тозалашда фильтр вазифасини бажарган бўлса, ганч, пишиқ ғишт ва мол териси сувнинг ерга ортиқча шимилиб кетишидан ҳимоя қилган. Умуман, Қоровулбозор туманида маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш учун барча имкониятлар бор.
Обод қишлоқ – ораста қишлоқ
Дарҳақиқат, Қоровулбозор туманида муҳандислик-коммуникация тармоқлари шайлиги, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали одамлар бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни даромадли қилишга эътибор қаратилаётгани туфайли юқоридаги ютуқларга эришилмоқда.
Жумладан, 2022 йилги “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ, туман марказидаги Имом Бухорий маҳалласида алоҳида маҳалла гузари барпо этилди. Умумий қиймати 1 миллиард сўмлик мазкур лойиҳага мувофиқ, ўнга яқин алоҳида хоналардан таркиб топган иншоотда новвойхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, гўзаллик салони, сартарошхона, пишириқ цехи, фитнес клуб, тикув цехи ташкил этилиши мақсад қилинган. Гузарда бирламчи муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳозирланган бўлиб, бино ва ундаги хоналар маҳаллий тадбиркорларга “E-auksion” платформаси орқали ижарага берилди. Бу билан иншоотда йигирмадан ортиқ кишини иш билан таъминлаш мақсад қилинган.
Дарҳақиқат, саҳро бағридаги туманда кечаётган ислоҳотларнинг барчаси бугун инсон қадри учун хизмат қилмоқда. Аҳоли бандлиги таъминланса, соғлиги муҳофазаланса ва унинг учун керакли шароитлар яратилса, албатта, ўша жойда эртанги кунга ишонч ортади, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юқори бўлади. Қоровулбозордаги ҳар бир ҳаракат айни шу жиҳатларга уйғун кечмоқда.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири