Одамларнинг қандай яшаётгани, уларни қийнаётган муаммолар, иш билан таъминлаш, боқувчисини йўқотган ёки кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, уй-жойини таъмирлаш каби масалаларда ҳам маҳалланинг кўмагига эҳтиёж бор. Бир сўз билан айтганда, маҳалла жамиятнинг “жон томири”га айланди. Маҳалла ҳаётининг барқарорлигида, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшашида маҳалла раисининг тажрибаси ва билими муҳимдир. Шу маънода, маҳалла раисини халқ ичидан сайлаш ҳар бир фуқаронинг вазифаси саналади. Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб халқимиз ҳаётидаги муҳим воқеа — маҳалла фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоли) сайлови қизғин давом этмоқда.

Лазиз ЮСУПОВ, Учтепа тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи:

— Туманимизда маҳалла раисларини сайлаш, муносиб номзодга овоз бериш тадбирлари уюшқоқлик билан кечмоқда. Айни пайтга қадар 14 маҳаллада сайлов ўтказилди. Туманимизда 60 та МФЙ мавжуд. Сайлов ўтказиш жараёнлари белгиланган тартибга кўра, ташкил этилмоқда. Аҳолидан муаммо ва эътирозлар тушмади. Маҳаллалар аҳолиси ҳар бир номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, маъқул номзодга овоз бермоқда. Сайланган раислар мамлакатимиздаги ислоҳотларга эш бўлса, халқ ичига кириб, уларнинг муам моларини ҳал этса, халқ розилиги учун астойдил меҳнат қилса, давлатимиз олдида ҳам, халқимиз олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Шу маънода номзодларнинг тажрибага эгалигига эътибор қаратилди. Раислар орасида аёллар салмоғи ортиб бораётгани қувонарли. Илк сайлов нафақат туманимизда, балки пойтахтимизда ҳам намунали, деб эътироф этилган маҳаллалардан бири — “Шарқ  юлдузи”да бошланди. “Гузар” МФЙда ҳам жараён яхши ўтмоқда, маҳалла аҳолиси фаол. Икки номзод кўрсатилган. Ҳар бири ўзига хос тажрибага эга.

Аҳоли орасида маънавий барқарорликни сақлаш, тадбиркорларга кўмаклашиш, ҳудуд ободлиги, оилалар тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, кексалар ва ногиронлар, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабардор бўлиш, қўйингки, барча масалаларда маҳалла раисининг салоҳиятига эҳтиёж бор. Раис жонкуяр бўлса, ўша маҳалла боғу бўстонга айланади. Аҳоли турмушига файзу барака киради. Тадбиркор ва ташаббускор одамлар сафи кенгаяди. Аҳолининг муносиб номзодга овоз бериши маҳалла ободлигига, фаровонлигига ҳисса қўшади.

— Салкам ўттиз йилдан буён “Гузар” МФЙда яшаймиз, — дейди маҳалла фаоли Умида Абдуллаева. — 4 фарзандимиз шу ерда туғилиб, камолга етди. Қиз узатдик, келин туширдик, қуда-андали, неварали бўлдик. Айни пайтда “Ravshan servis” бошқарув сервис компаниясида ишлайман. Маҳалламизда бўлаётган ҳар бир ўзгариш бизни бефарқ қолдирмайди. Маҳалла раиси сайловига эрта тонгдан етиб келдик. Иккала номзод ҳам маҳалламизнинг энг фаол фуқароларидан. Сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдик. Маҳалла раислигига сайланган маҳалладошимиздан кўп янгиликлар кутяпман. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларга қулай шароит яратиш, аёллар саломатлиги, иш билан бандлиги бўйича катта ишлар қилишидан умидворман. Иккала номзоднинг ҳам дастурида айнан шу масала мавжуд.

Сайлов жараёнида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, нуронийлар, қўйингки, барча-барча фаол иштирок этмоқда. Бу сафда ёшлар кўплиги кишини қувонтиради. Дилдора Исмоилова  29 ёшда. Тошкент кимё-технология  институтида таҳсил олган. Айни пайтда фарзанд тарбияси билан банд.

— Бугунги сайлов тақдиримизга бевосита таъсир кўрсатади. Маҳалламизда турли миллат вакиллари бир оиладек яшайди. Бу оиланинг фаровонлигида янги раисимизнинг ўзига хос ўрни бўлади, деб умид қиламан, — дейди у.

Сайлов натижасига кўра, Гулбаҳор Нуриева кўп овоз тўплаб, “Гузар” МФЙ раислигига сайланди. Унинг сайловолди дастурида иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, оилалар фаровонлигига эришиш, ёшлар ва болалар таълим-тарбиясида нуронийлар тажрибасидан фойдаланиш, маҳалла ободлигига ҳисса қўшиш, ҳудуддаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш каби масалалар ўрин олган.

— Халқ ишончи зиммамга катта масъ улият юклайди, — дейди Гулбаҳор Нуриева. — 1984 йилдан буён турли давлат ташкилотларида хизмат қилдим. Пенсияга чиққач, ўзимизнинг кўп қаватли уйга уйбоши сифатида сайлашди. Қўни-қўшни, уйимиздаги хонадонлар билан ишлаш жараёнида аста-секин маҳалла тузилмаси билан яқиндан танишдим. Маҳалламизнинг, аҳолининг муаммоларини ўргандим. Ўз фаолиятимда бу муаммоларни ҳал этишга, одамларнинг ўз ҳаётидан рози яшашига ҳаракат қиламан. Зеро, бугунги ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам аслида — шу.