Дунёга кўз очган гўдак учун она бағри – Ватан, оқ сути – ризқ. Демак, биз Ватанни илк бор волидамиз чеҳрасида кўрамиз. Юрт тафтини унинг бағрида ҳис қиламиз. Ғоз-ғоз юра бошлаганимизда эса бу оламда ер борлигини англай бошлаймиз. Ўйлаб кўрсак, мурғак тасаввуримиздаги ватан – биз учун Она! Шунинг учун ҳам ватан сўзига она сўзининг эш бўлиши тандаги қон билан жон каби мутаносибдир...
Инсон оламни танишни ўзини, ўзлигини, ўз хаққини танишдан бошлайди. Таниш бахтига муяссар бўлган одам учун ватан энди тандаги жонга, томирдаги қонга айланади. У қайси эл, қай диёрга бормасин, бамисоли ватан муҳаббати унга эргашиб юради. Агар у том маънода ватанпарвар бўлса, Ватан уни бир нафас ҳам тарк этмайди. Айтган сўзида, босган қадамида, очган кўзида ўз юртини, халқини кўради. Ўзга юртлар қанчалар муаззам бўлмасин, киндик қони томган муқаддас гўша соғинчи уни энтиктираверади. Чунки бу соғинч аслида она, ёру биродар, азиз қон-қариндошлар соғинчи! Фарзандини соғинган она, онасини соғинган фарзанд, агар таъбир жоиз бўлса, бундай тотли соғинч – барча соғинчларнинг аълоси дейиш мумкин. Бу борадаги сўзимизни мухтасар қилсак, ватанни таниш ана шундай бошланади.
Озарбайжон орази
Камина ўзимни ижодкор сифатида англай бошлаганимдан буён, рости, Озарбайжонга боришни орзу қилардим. Чунки бу бетимсол юрт адабиёт оламига ҳазрат Алишер Навоийдек зотни ҳайратга солган Низомий Ганжавийдек шеърият даҳосини берган-да! Шу боис ҳам бобокалонимиз тилидан бол томиб ёзган:
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.
Керак шер олдида ҳам шер жанги,
Агар шер ўлмаса, боре, паланги, – деб...
Яна Имомиддин Насимий нидоси, у билан боғлиқ воқеалар асрлар оша Озарбайжондан адолат садоси ўлароқ, бутун туркий оламга таралиб турибди. Аслида уни “товонидан сўйган”лар элнинг қарғиш тиғи билан ўзларининг ҳалқумидан тилгандилар... Насимий эса тилларда, дилларда Озарбайжон бўлиб яшаяпти. Ўлмас сўз бўлиб яшаб келмоқда:
Эй Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол,
Қўй, терингни сўйса, сўйсун бу палид қассоблар.
Фақатгина озарлар эмас, бутун туркий дунёдаги ишқ аҳли Муҳаммад Фузулийни ўзининг пири комили деб ҳисоблашади. Унинг “Лайли ва Мажнун” достони XVII асрдан бошлаб Туркистон мадрасаларида ўқув қўлланмаси вазифасини ўтганиёқ кўп нарсаларни англатади. Айни дамда Фузулий ўзбек халқининг ҳам энг севимли шоирларидан бири бўлган. Шу боис ўтган аср аввалларида юртимизда “фузулийхонлик” кечалари анча оммалашган. Ўз навбатида, Фузулий Алишер Навоийни алоҳида қадрлаган:
Ўлмишди Навоий сухандон,
Манзури шаҳаншоҳи Хуросон.
Бизнинг бу қисқа ифтихоримиздан мақсад – шу буюк қалам соҳиблари улғайган табаррук заминга – Озарбайжонга қадамимиз етгани шукронасини айтиш. Ва у ерда бўлиб ўтган нафис мажлислар ҳақида ҳикоя қилмоқдир.
***
Хабарингиз бор, шу йил 31 июлдан то 4 августга қадар Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Худди шундай анжуман бундан 44 йил илгари ўтказилганини эсласак, орадаги соғинч йиллар талай экани аён бўлади, албатта. Туркий халқларининг буюк аждодлари ҳамиша бир-бирига елка тутган, қўлини қўлига бериб, неча тамаддунларни биргаликда бошлаб берган. Бу ҳақида зукко тарихчиларимиз жуда чиройли сўзлаб беради. Аммо кейинги олти-етти йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев томонидан истиқболни кўзлаб, якдилликда амалга оширилаётган хайрли ишларнинг кўлами ниҳоятда улуғ бўлмоқда. Мазкур “маданият кунлари” ҳам икки давлат раҳбарлари азму шижоатининг бир маҳсулидир.
***
Маданият кунлари иштирокчилари учун Озарбайжондан юборилган махсус самолёт айни чошгоҳда Тошкент аэропортидан парвоз қила бошлади. Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, халқ артисти Озодбек Назарбеков раҳбарлигидаги иштирокчиларнинг умумий сони 200 дан зиёд. Ардоқли халқ артистлари, устоз санъаткорлар, эстрада хонандалари, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр жамоаси, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, мутасаддилар, шунингдек, қалам соҳибларидан – адабиётшунос олим, профессор Баҳодир Карим, истеъдодли шоир Салим Ашур, Абдулла Қодирий бобомизнинг набираси, адиб номидаги уй-музей директори Хондамир Қодирий билан бирга каминага ҳам шундай тарихий имконият насиб қилди.
Самолётимиз Ҳайдар Алиев номидаги Боку халқаро аэропортига оҳиста қўнди. Қўлларида атиргул тутган Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги масъуллари ҳамда ёшлар бизни очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Манзилимизга қадар ярим соатча йўл юрдик. Чор-атрофга боқиб, Боку табиати, латофати, улуғворлигига лол бўлдик. Биз учун ажратилган “беш юлдузли” “Marriott” меҳмонхонасига жойлашдик.
Бу азим бино ҳам ниҳоятда салобатли, айни пайтда Каспий денгизи бўйига қурилгани билан янада виқорли кўринаркан. Мен қўним топган хонадан соҳиллари тоғларга, осмону булутларга туташиб кетган Каспий кафтдагидек намоён. Денгизни ёнидан кам кўрган одам учун, агар у ижодкор бўлса, бу унутилмас дийдор эди. Бироқ ўз денгизи билан ифтихор қиладиган Озарбайжон аҳли ҳузурига биз қалбимиздаги меҳр-муҳаббат денгизи билан келган эдик. Мен ўзбегимнинг юрагида денгизи бор халқ деб биламан-да. Боиси дунё аҳли ҳавас қиладиган дарёдил, очиққўл, меҳмондўст бўлиш учун халқнинг юрагида денгизгина эмас, балки уммон бўлмоғи лозим. Шукрким, ўзбеклар ана шундай фазилатли халқдир...
Меҳмонхонада ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида эътиборимни тортгани, бир ёшгина аёл бўлди. У ўз хатти-ҳаракати билан бир каминанигина эмас, ҳатто хорижлик сайёҳлар эътиборини ҳам тортганига шубҳам йўқ. Гап шундаки, бу келинчакнинг бир ўрим сочи узун кўйлагининг этагидан ҳам узун эди. Қўлидаги чамаси икки ёшли боласига ҳам Марғилон дўпписини кийдириб қўйибди. Болакай шу қадар ёқимтойки, гўё шу жойларда олдин ҳам бўлгандек бемалол чопқиллаб юрар, гоҳида онасига ҳам тутқич бермасди... Шу тобда момоларимиз иффатини сақлаган, сочини ҳаё чашмаси билан ўстирган шу аёл билан суҳбатлашгим келди.
Маржона Абдураҳмонова 5 йилдан буён Муқимий театри актрисаси. Маданият кунлари дастурида театр жамоаси ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари асосида саҳналаштирилган спектаклда айнан Кумушбиби ролини, Озарбайжон драматурги Мажит Шамхалов асари асосидаги “Қайнона” спектаклида келин ролини ўйнаши керак экан. Бош роллар ижрочиси бўлгани учун келмасликнинг иложи йўқ. Шу боис маъмурият ҳали фарзанди ёш бўлишига қарамай, актрисани озарлар юртига олиб келиш ҳамда шароит яратиб беришга аҳд қилибди. Аввалдан бўлса ҳам айтмоқ жоизки, биз ижодкорлар жамоаси Озарбайжон давлат мусиқали академик театрида актёрларимиз ижросини мириқиб томоша қилдик.
Маданият кунлари Озарбайжон халқининг қалбида абадул-абад яшаб қолган миллат улуғларининг зиёратидан бошланди.
Боку шаҳрининг Парламент проспектидаги Фахрий хиёбонда Озарбайжон халқининг буюк фарзандлари – давлат арбоблари, шунингдек, ўнлаб соҳа вакиллари – Ҳайдар Алиев, Самад Вурғун, Муслим Магамаев, Абдураим Ақбердиев каби эл-юрт қадрлаган, ўз миллатининг ардоқли сиймолари дафн этилган. Уларнинг қабрлари пойига гулдасталар қўйилди, қуръон тиловат қилинди. Шаҳидлар ҳиёбонида ҳам шу эҳтиром такрорланди.
1 август куни “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг очилиш тантанаси Ҳайдар Алиев номидаги санъат саройида бўлиб ўтди. Икки минг кишилик ҳашаматли зал одам билан лиқ тўла. Шодиёна Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Озарбайжон Республикаси маданият вазири Одил Керемлининг кириш сўзлари билан очилди. Бизни қувонтиргани эса Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаевага Озарбайжон Президенти И.Алиев фармонига биноан Озарбайжон халқ артисти унвони берилгани, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Абдухошим Исмоилов ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестри бош дерижёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоевга “Дўстлик” ордени топширилгани бўлди.
Шуни ишонч билан айтаманки, “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларининг очилиш маросимига бағишланган концерт дастури таассуротининг ўзи бир мақола бўлади. Санъаткорларимизнинг бирор чиқиши маҳаллий томошабинлар томонидан эътиборсиз қолдирилгани йўқ. Давомли қарсаклар, бутун зал тикка туриб олқишлаши, концерт якунигача 2 минг кишини катта ҳаяжон билан ўтиргани, бир сўз билан айтганда, Озарбайжон халқининг қардош халқлар санъатига, умуман, сара санъат намуналарига бўлган муносабатидан, одобу маданияти, самимиятидан ўрнак олиш керак экан. Очиғи, ҳам концертдан, ҳам томошабинларнинг ўзини тутишидан мириқдим, завқландим, ҳавасландим!
Кичик сарлавҳамизни “Озарбайжон орази” деб қўйганимда, сўзимни Боку шаҳрининг батамом кўрку жамолининг таърифларидан бошламоқчи эдим. Аммо Озарбайжон халқининг, Боку аҳли қалб оламининг гўзаллиги ундан устунроқ келди. Энди ўзингиз айтинг, шундай гўзал кўнгил эгалари ёмон бино қуриши мумкинми? Бинолари бир-бирини такрорламайди, борди-ю, такрорлаган бўлса, худди ака-ука, опа-сингилдек ўзаро уйғун.
Биноларнинг ташқи кўринишидан мазмун ёғилиб турса, ранглар бир-бирига мутаносиб бўлса, кўҳна обидаларнинг ёнида янги қурилган иншоотлар узукка кўз қўйгандек жилмайиб боқса, кўзингиз қувнайди-да.
Бу Озарбайжоннинг, бу Бокунинг орази. Ниятимиз шу гўзал оразнинг бошидан офтоб, бағридан майин еллар, тупроғидан қут-барака аримасин.
Қодирий қадридан қувондик
2 август куни Озарбайжон Республикаси миллий кутубхонасида озар тилида Бокуда чоп этилган улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур анжуман доирасида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” бурчагининг очилиш тантанаси ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Келинг, шу аснода Миллий кутубхона ҳақида бир оғиз сўз айтсам. Қўлдан қўлга ўтса, қадри ошадиган, дилдан дилга ўтса талабгори кўпаядиган, умрга мазмун, ҳаётга иштиёқ, муҳаббат ва умид уйғотадиган ёғду — бу китоб, яхши асарлар. Шу боис миллий кутубхонаси бой давлатлар алоҳида қадрланади. Уларни йўқлаб борувчилар ҳам кўп бўлади.
Миллий кутубхона директори, профессор Керим Тоҳиров илму маърифат аҳли ўртасида ўз нуфузига эга инсон экан. Китоб тақдимотидан бир кун олдин бизни ўз кабинетида қабул қилиб, кутубхона фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берганди. Унинг айтишича, кутубхона 1961 йили қурилган.
Кутубхонанинг қурилиш тарихи ҳам ўзига хос. Унинг ташаббускори ва илк меъмори Сулаймон Раимов ўз пайтида Озарбайжон давлатининг маданият қўмитаси раиси бўлиб ишлаган. 1947 йилда архитектор Мичал Усейинов билан бирга бино тарҳини тайёрлаб, рухсат олиш учун Москвага олиб боришган. Жавоб битта бўлган: “Ҳали Ленин номидаги ўзимизнинг кутубхона битказилгани йўқ-ку, сизларга йўл бўлсин!” 1955 йили ўша битмаган кутубхона ишга тушади. Аммо шунда ҳам Сулаймон Раимов кутубхона қуришни бошлашга ижозат сўраб, Москвага 6 марта боради. Ниҳоят, 1961 йилда катта қисқартиришлар, кичрайтириш, “тежаш” амалиётлари билан рухсат берилади.
Сулаймон Раимовнинг фарзандлари бўлмагани боис “Мана шу кутубхонани бир амаллаб ишга тушириб олсам, унинг ҳар бир зали менинг бир фарзандим бўлади”, дея айтар, шу ният йўлида азму шижоат кўрсатган экан...
Маънавият маскани ниҳоятда улуғвор, салобатли, кенг, ёруғ, шинам ва мухтасар айтганда – мафтункор иншоот бўлган. Тўрт миллион олти юз минг дона китоб фондига эга. Муассаса қошида алоҳида – “Очиқ кутубхона” ташкил этилган бўлиб, ҳаво очиқ кунлари китобхонлар бино ичида эмас, балки соя-салқин жойларда, азим дарахтлар тагида ўтириб, табиат билан вобаста ҳолда мутолаа билан машғул бўладилар. Ёғингарчилик кунлари эса хоналарда мириқиб китоб ўқиш мумкин, албатта. Ушбу очиқ кутубхонадаги бир жавон пештоқига “Мен ўқидим, сен ҳам ўқи!” деган чиройли чорлов битилган экан. Гап шундаки, китобхонлар бу жавонга ўзлари сотиб олган ва завқу шавқ билан ўқиган сара китобларни беғараз қўяди. Ўрнига бошқа китобни олиб кетиб ўқиши мумкин. Бу алмашув мунтазам кузатилади. Бундай самимий амалиётни дунёнинг кўплаб китобхон мамлакатларида кузатиш мумкин.
Тақдимот бошланишидан аввал Керим Тоҳировнинг хонасида Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов билан ҳам кўришдик. “Ўткан кунлар” романи бевосита элчихона маъмурияти ташаббуси ва кўмагида, 1928–1929 йилларда Холид Саид Хўжаев қилган таржима Озарбайжон Миллий илмлар академияси бўлим мудири, профессор Олмос Улви Биннатова муҳаррирлигида қайта нашр этилди.
Китоб тақдимотида ҳам икки давлатнинг маданият вазирлари иштирок этди. Кечани кутубхона мезбони Керим Тоҳиров бошқарди. Дастлабки сўз Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси Анар муаллимга берилди.
Туркий халқларнинг ардоқли адиби Анар муаллим икки давлат ўртасидаги мустаҳкам, илдизлари олис ўтмишларга бориб тақалувчи, бугун янада жипслашаётган дўстлик ҳақида илиқ фикрларини билдирди. Бугунгидек қутлуғ анжуманлар ўтказилишига асос бўлаётган адабий алоқаларнинг жонланиши, мунтазамлилик касб этаётганини мамнуният билан тилга олди. У ўз сўзида: “Мени Ўзбекистон давлати раҳбари юксак мукофот – “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Бундан чексиз миннатдорман”, дея давлатимиз раҳбарига такрор-такрор ўз ташаккурини изҳор қилди.
Анжуманда юздан зиёд олиму уламо, ижодкорлар, сиёсатшунослар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда халқаро Турк маданияти ва мероси фонди президенти Гунай Афандиева, Низомий Ганжавий номидаги Миллий адабиёт музейи директори, Миллий Мажлис аъзоси, академик Рафаил Ҳусайинов, профессор Олмос Улви Биннатова, профессор Баҳодир Карим, атоқли таржимон Рамиз Асқар, шоир Акбар Қўшали, Хондамир Қодирий ва бошқалар ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди.
“Ўткан кунлар” — аслида Қодирийнинг сўзидаги нур. Тақдимотда ўзбекнинг ўзидаги нур бўлиб порлади. Шундай саодатманд ёзувчиси бор халқ ҳамиша эъзозу эҳтиромга муносиблиги баралла таъкидланди. Адабий дўстлик – абадий дўстлик экани шу куни бот-бот айтилди. Бир сўзда ифодаласак, Қодирий бобомиз шарафланди, миллатимиз шарафланди. Биз эса Қодирий яна бир туркий мамлакатда қадрланганидан, ҳамиша қадрлаб келинганидан қувонибгина қолмай, ифтихор қилдик. Ўзбек адабиётига муҳаббати учун қардош Озарбайжон халқига, ижод аҳлига, олиму фозилларига ташаккурларимизни билдирдик.
Ганжа – Озарбайжон ганжи
Ўзини миллат адабиёти, маърифати, маънавияти учун дахлдор билган, айниқса, қўлига қалам олган инсон борки, Озарбайжонга борса, Ганжа шаҳрини, аниқроғи, дунё адабиётида биринчи бўлиб “Хамса” яратган Низомий Ганжавий хилхонасини зиёрат қилишни орзу қилади. Яратганга беҳисоб шукурки, бизга ҳам ана шу бахт насиб этди. Боку шаҳридан Ганжа шаҳригача 380 километрлик масофа бор. Бизга ажратилган “Мерседес-Бенс” микроавтобусида тонгда йўлга чиқдик. Озарбайжон маданият вазирлиги масъули Канан исмли йигит ва ҳайдовчимиз Вейсал ҳамроҳлик қилди. Ишонинг, Ганжа шаҳригача бирор жойда таъмиртаълаб йўл кўрганимиз йўқ. Йўллар ниҳоятда равонлигидан лол қолдик. Шаҳардан чиқишда йўлимизнинг ўнг тарафида Бокунинг улуғворлигига хос иншоотлар, турар жойлар, ҳатто тартиб билан қурилган бир қаватли хонадонлар ҳам гўзал, қияликда бир-бирига елка тутиб, бир-бирини суяб тургандек. Чап томон эса бепоён Каспий денгизи! Яна йўлнинг икки томонида, айрим жойларда бир маромда ишлаб турган нефть қазиш қурилмаларига кўзингиз тушади...
Чамаси 70–80 км йўл босгандан кейин Каспий ортда қолди. Қатор қишлоқлар оралаб ўзимизнинг Жиззах, Сирдарё чўлларига ўхшаш кенгликлардан, янги бунёд этилаётган интенсив боғзорлардан ўтдик. Шу жараёнда Озарбайжон аҳлидаги ватанпарварлик туйғуси, рости, бизни ром этди. Қайси дарахт ёки ўт-ўлан ҳақида сўрасангиз, албатта “Бу Озарбайжонники!” деган сўзни қўшиб қўяди! Кетаётиб қамишзорга кўзимиз тушди. “Булар ҳам бизнинг жойларга ўхшар экан”, дейишим билан, ҳайдовчи Вейсал “Бу қамиш – Озарбайжон қамиши!”, дея жилмайди. Қаранг, ҳатто ботқоқда қаровсиз ўсиб ётган қамишини ҳам бегона қилгиси йўқ!
Ниҳоят, тўрт соатдан зиёд йўл босиб, Ганжа шаҳрининг ўта салобатли рамзий дарвозасига етиб келдик. Бизни бўсағада Ганжа шаҳар маданият бошқармаси бошлиғи Парвин Газимов кутиб олди. Хаёлан тасаввур қилган, кўришни орзулаганимиз Низомий Ганжавийнинг зиёратгоҳи Ганжа шаҳрига кираверишда экан. Қаршимизда ўта шинам ва гўзал, маҳобатли мақбара турибди. Унга кенг, улуғвор мармар йўлакдан борилади. Ушбу мақбаранинг қаршисида эса Илҳом Алиевнинг умр йўлдоши Меҳрибон хонум ташаббуси билан Низомий Ганжавий музейи бунёд этилибди. Бизни мақбарада хизматда турган аёллар қўлларида атиргуллар билан кутиб олди. Уларнинг гулларини ҳазрат қабри устига қўйдик. Қуръон тиловат қилдик.
Ҳамрохимиз бизни тушдан сўнг аввал Ҳайдар Алиев номидаги “Чинор” истироҳат боғига олиб борди. Бу боғнинг умумий майдони 460гектар бўлиб, улканлиги жиҳатидан дунёда бешинчи ўринда тураркан. Боғ марказида қад ростлаган уч қаватли, ҳашаматли Ҳайдар Алиев марказини зиёрат қилдик.
Кейинги манзилимиз Махсатий Ганжавий музейига бўлди. ХII асрда яшаб ижод қилган бу оташқалб аёл – юзлаб рубоийлар битган. Унинг сатрлари давр азоби садоси, умр фалсафаси, қалб гўзаллигининг тараннуми.
Номурод айлади мени бу замон,
Қўлидан келгани – заҳмату зиён.
Тилагинг шу эрса, чирпират мени,
Тошингдек айлантир, эй чархи даврон!
Биз кун поёнига яқинлашаётганида, очиқдил мезбонларимиздан қайтиш учун ижозат сўрадик. Аммо Ганжага келган меҳмон бутун Кавказ олами учун гўзаллик ва ҳайрат тимсоли бўлган – 13 минг гектарлик тоғлар бағрида ястаниб ётган Миллий боғни кўрмай кетмаслигини айтди. Бу боғ Ганжа шаҳридан 28 км узоқликда экан. Бу масофанинг деярли тенг ярмини тоғлар бағрига ўрмалаб чиқувчи, кескин бурилишларга бой йўллар орқали босиб ўтиш керак экан.
Бир туп ниҳолни дарахтга айлантиргунча қанча машаққат, қанча йиллар керак. Минглаб гектар тоғлар кўксида тагига тангадек офтоб тушмайдиган қалин ўрмонзорларни гуркиратиб қўйган Тангрига тасанно, демай илож йўқ. Тоғлар бағрида улкан Жўй кўли, яъни Кўккўл ястаниб ётибди. Унинг теграсида турли манзилларда яна олтита кўл борлиги, ҳар бир ўз номига эгалигини айтишди. Миллий боғ тафсилоти ҳам алоҳида мақолага арзигулик, албатта...
Дилимиздан ўтгани шу бўлдики, Бокуга келганлар Ганжани кўрмаса, демак, Озарбайжон ни кўрмайди, Ганжага келганлар Миллий боғни кўрмаса, Кавказ дунёсини кўрмабди. Шукр, биз буларнинг барини кўрдик! Муҳими, маънавияти, маданияти, адабиёти, маърифати вобаста, ҳамкор, ҳамфикр қардошларимизнинг меҳрли муносабатларидан худди ўз диёримизда юргандек, яйрадик.
Биз уларга миллатимиз, халқимизнинг меҳрга йўғрилган қайноқ саломини, дилдошлик муҳаббатини олиб борган эдик. Улар ҳам бизни шу эзгу туйғулар оғушида кузатиб қолишди. “Ўзбекистон маданияти кунлари” иштирокчилари бир овоздан, баралла “Тошкентда кўришгунча!” – дея хуштаклифни такаллуф ила қўлини кўксига қўйиб айтдилар. Мезбонлар бажонидил қабул қилди. Ҳа, азизларим, яқин кунларда Тошкентимизда “Озарбайжон маданияти кунлари”га сатарт берилса, ажаб эмас!
Эй менинг қадрдон, қардош озарим,
Каспийнинг бағрида товланган зарим,
Низомий сўзида шамсу қамарим,
Қардошлик қондандир, жондошлик жондан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Хуш кўрдинг, хушвақтмиз, тасанно сенга,
Соғинчим садоси хушнаво менга,
Навоий руҳидан хушдуо сенга,
Меҳринг иси келур сен тутган нондан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Гўзал Озарбайжон ! Номингда нур бор,
Тоғларинг тегрангда қалқон пурвиқор,
Ўзбек-озар деса, қилгай ифтихор,
Булбуллар аримас олтин ошёндан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Навоий назмида Низомий мадҳи,
Дилига чўғ солган “Хамса”нинг аҳди.
Уларга буюрди шеърият тахти,
Мақсуд Шайҳзодадек қўшбахт ўғлондан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Шонинг шарафласам, шеърим шарбатдир,
Буюк аждодларнинг умри ибратдир.
Ширинтил мезбоним, меҳмонинг марддир,
Келдим Мангуберди келган макондан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Санъат саодатдан гар берса таълим,
Сўзининг султони Анар муаллим,
Фузулийга абад қилгаймиз таъзим,
Олам ором олар олов девондан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Тинчлик тилагида жумлаи жаҳон,
Милат ажратмайди муродбахш инсон,
Дўстлик ўлкасидир ҳур Озарбайжон ,
Бахтлар аримасин бундай бўстондан,
Сенга салом бўлсин Ўзбекистондан!
Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири
Тошкент — Боку — Ганжа — Боку — Тошкент.
31 июль—4 август, 2023 й.