Ҳаётга тадбиқ этилаётган манзилли дастур ва ислоҳотлар боис Ўзбекистон мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи давлатлардан бирига айланмоқда. Бугунги кунда 80 дан ортиқ мамлакатга 180 турдан зиёд сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилаётгани бунинг яққол далилидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда туманлар бўлимлари томонидан тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.
2021 йил ҳосили учун фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 23 минг 114 гектар асосий майдонларига сабзавот экинларини экиш юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Жумладан, 8 122 гектар ер майдонига картошка, 4 443 гектар помидор, 3 634 гектар ерда булғор қалампири, 3 920 гектарда ош лавлаги, 3 242 гектар ер майдонида пиёз, 2 745 гектар ерда сабзи, 1 186 гектар ер майдонида бодринг ва бошқа сабзавот экинлари экилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан сабзавот экинларини экиш юзасидан белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган таҳлилларга кўра, 2021 йил ҳосили учун Булунғур туманида 4 121 гектар, Жомбой туманида 3 892 гектар, Каттақўрғонда 1 941 гектар, Нарпай туманида 1 944 гектар, Оқдарё туманида 1 239 гектар ер майдонига сабзавот экинлари экиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
— Шунингдек, 2021 йил ҳосили учун вилоятдаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 62 минг 202 гектар, боғ ва токзорнинг 25 минг гектари қатор орасига сабзавот, полиз, дуккакли ва озуқа экинлари экилмоқда, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори Хушнуд Нурбеков. — Хусусан, Пастдарғом туманидаги 3 минг 78 гектар боғ ва токзорнинг 1 минг 177 гектарида, Иштихон туманидаги 5 минг 457 гектар боғ ва узумзор майдонининг 2 минг 20 гектарида, Пайариқ туманида 8 минг 405 гектар боғ ва токзорнинг 3 минг 38 гектарида, Самарқанд туманидаги 8 минг 225 гектар боғ ва ток майдонининг 3 минг 227 гектарида ва Ургут туманидаги 9 минг 320 гектар боғ-ток қатор орасининг 3 минг 348 гектарида сабзавот экинлари экилмоқда.
Самарқандлик кўпни кўрган, тажрибали деҳқонларнинг беминнат меҳнати, аҳолини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаши натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга эришилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати