“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасида саноат ипотекаси тизимини жорий этиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилиш, унда тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш механизмларини, саноат ипотекасини амалиётга жорий этиш ҳамда уларнинг асосий шартлари ва йўналишларини инобатга олиш назарда тутилмоқда. Шу ўринда саноат ипотекаси нима, деган савол туғилиши табиий.
Саноат ипотекаси, деганда тижорат банклари томонидан тадбиркорларга “Тайёр бизнес” шаклида бино-иншоотларни узоқ муддатли кредит асосида сотиб олиш таклифи ўша бинонинг ўзини гаровга олган ҳолда тақдим этилиши тушунилади. Бу тизим саноатни ривожлантириш билан бир қаторда тадбиркорлик фаолиятини фаол рағбатлантиришга хизмат қилади.
Саноат ипотекасини йўлга қўйиш ташаббусини давлатимиз раҳбари 2022 йил 7 ноябрда маҳаллий саноатни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда илгари сурган эди. Шу мақсадда мутасаддилар олдига қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун бу йўналишда дастур ишлаб чиқиш, биринчи босқичда 7 йилдан кам бўлмаган муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 50 миллион АҚШ доллари йўналтириш, шунингдек, Нукус, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё ва Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналарини барпо этиш вазифаси қўйилган.
Алоҳида қайд этиш жоизки, фаолияти ишлаб чиқариш билан боғлиқ тадбиркорлар учун ўз ишини зарур инфратузилмага эга бино-иншоотларда йўлга қўйиш, айниқса, иқтисодий жиҳатдан жуда муҳим. Бундай имкониятга эга бўлмаганлар ишни тайёр бино-иншоотларни ижарага олган ҳолда бошлаши табиий. Бу маҳсулот таннархига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бундан ташқари, ўзгариб турадиган ижара харажатлари, ўзига тегишли бўлмаган бино-иншоот ва инфратузилма объектларини таъмирлаш мажбурияти ҳамда сақлаш харажатлари, қисқаси ижарага берувчининг барча талабларига кўниб ишлаш осон эмас. Акс ҳолда, тадбиркор олдида бошқа маъқул жой излаб топиш, ускуна ва жиҳозларни кўчириб қайтадан ўрнатиш, бу орада рақобатчиларга ўтиб кетган мижозлар ишончини қайта қозониш, ходимлар ўрнини тўлдириш каби янада мураккаб муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
Бу қийинчиларга учрамаслик мақсадида айрим тадбиркорлар ижарага берувчининг хуфёна шартларига ҳам рози бўлса, айрим тадбиркорлар бизнес-режасида қурилиш харажатлари назарда тутилмаган бўлса-да, ускуна ва жиҳозлар, хомашё сотиб олиш учун олинган кредит ҳисобидан қурилишни бошлаб юборади. Оқибатда ишлаб чиқариш кечикиши, лойиҳани қоплаш муддати чўзилиши, қарздорликлар пайдо бўлиши натижасида турли низоли вазиятлар юзага келади. Саноат ипотекаси юқорида келтирилган қатор масалаларнинг ечим топишига хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда мавжуд тижорат банкларининг аксарияти бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорида анча фаол бўлиб, унинг улуши асосан уй-жойлар ҳиссасига тўғри келади. Яъни узоқ муддатли ипотека кредитлари деярли фақат уй-жой сотиб олиш учун бериб келинган. Саноат ипотекаси йўлга қўйилиши билан ишлаб чиқариш бино-иншоотлари ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш ишларининг ортиши ҳисобига қурилиш бозори янада фаоллашади. Чунки тез ишга тушадиган лойиҳани юқори ликвидли тайёр бино-иншоотлар гарови эвазига молиялаштириш тижорат банклари учун ҳар томонлама манфаатли.
Бунда муайян саноат тармоқлари ёки ишлаб чиқариш лойиҳаларини имтиёзли молиялаштириш назарда тутилган ҳолларда берилаётган имтиёзлардан мақсадли фойдаланиш қатъий назоратга олиниши лозим. Масалан, битта лойиҳада иштирок этаётган, афилланган шахслардан, содда қилиб айтганда, “ўзидан ўзи” кўчмас мулк харид қилинишининг олди олиниши шарт.
Саноат ипотекаси институтининг кенг қўлланилиши тадбиркор ва сармоядорларни янги лойиҳаларни ишга туширишга рағбатлантириши билан мамлакат инвестиция муҳитини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бир қаторда, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, иқтисодиётда саноат улуши ва молия бозорида капиталлашувнинг ортиши, мулкдорлар сафи кўпайишига замин яратилади. Тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш, нарх ва сифат жиҳатдан рақобатбардошликни таъминлаш, доимий иш ўринларини кўпайтириш, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари ўсишига эришилади.
Ботир МАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати