Давлатимиз раҳбари Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Бугун ҳаётимизнинг қайси соҳа ва тармоғини олмайлик, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилиб, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани, бунинг яққол далилидир” дея алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, ана шу яратилган имконият ва имтиёзлар мен каби ўнлаб ёшларнинг тадбиркорлик ғояларига қанот бағишламоқда.

Хорижий тилларни ўқитадиган “Global Education in Karshi” нодавлат таълим муассасасига асос солганман. Сўнгги олти йил давомида ўқув марказимиз 6 мингдан ортиқ ўқувчини инглиз тили имтиҳонларига тайёрлади ва олий таълим даргоҳларига ёруғ юз билан кузатди.

Ўтган йили Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган, соврин жамғармаси 100 минг долларлик “mGovAward” энг яхши давлат мобил иловасини ишлаб чиқиш танловида бизнинг масофавий таълим учун ишлаб чиққан Roboteach мобил иловамиз ғолиб бўлди ҳамда 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотни қўлга киритдик. Маблағни лойиҳамизга қайта инвестиция қилган ҳолда ўқув курсларини кўпайтирдик. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари очилишига сабаб бўлди. Биринчи иш бошлаган пайтимизда фақат инглиз тили курслари бор эди. Энди рус, корейс тиллари, дастурлаш бўйича ҳам машғулотлар олиб борилмоқда.

Roboteach масофавий таълим лойиҳаси инглиз тилидаги дарсларни электрон тарзда етказиб беришга мўлжалланган. Унда мавзу бўйича ташкил этилган барча машғулотлар тасвирга олинган. Дарслар луғатли карточкалар, аудио тарзидаги намуналар мисолида олиб борилади. Ўқувчиларнинг инглиз тилини тезроқ ўрганишига ёрдам беради. Бунинг афзаллиги шуки, ўқувчиларнинг йўлкира сарфлаб ўқув курсларига боришига зарурат қолмайди. Хоҳлаган вақтда, саҳар пайти бўладими ёки тушдами, мобил иловани очиб, бемалол дарсни ўрганиши мумкин.

Арзимаган хизматим юқори баҳоланиб, мукофотга лойиқ кўрилганим зиммамга катта масъулият юклайди. Қашқадарё вилояти ёшларининг жаҳон андозалари даражасида билим олишига кўмаклашиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш орқали уларни дунё меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида тайёрлаш олдимизга қўйилган устувор вазифалардан биридир. Президентимиз Ёшлар кунига бағишланган йиғилишда “Бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши керак. Бу ҳамма жойда ўзгармас қоидага айланиши зарур”, дея мурожаат қилди. Шу нуқтаи назардан фаолиятимизни янада кенгайтириб, кўплаб йигит-қизларни ўқитиш, касбга тайёрлаш ниятидамиз.

Зеро, давлатимиз томонидан ёшларга яратилган шарт-шароит, ишонч ва эътибор маҳсули ўлароқ, хориждан келадиган инвесторлар, меҳмонлар билан эркин мулоқот қила оладиган, улар билан катта-катта қўшма лойиҳалар имзолаб, мамлакатимизнинг юксак салоҳиятини кўрсатиб бера оладиган ёшлар етишиб чиқмоқда. Ана шундай салоҳиятли ёшлар билан бирга ишлаётганим, эътибор ва эътирофга сазовор бўлганимдан жуда бахтиёрман.

Сардор СОДИҚОВ,

“Global Education in Karshi”

нодавлат таълим муассасаси директори