Ушбу касалликни келиб чиқиши ва ривожланишига ҳомиладор аёлларда кечадиган анемия, сурункали ёки ўткир инфекция, вирусли касалликлар, гормонал, нейрогуморал омиллар, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сабаб бўлиши мумкин.
Аммо, сардобалик Жасминада пайдо бўлган туғма юрак нуқсонига коронавирус инспекцияси, стресс ва камқонлик сабаб бўлди.
Қизнинг онаси Сардоба туманининг Бирлашган маҳалласида истиқомат қилаётган Каримахон Юлдашева ҳомиладорлик пайтида коронавирус инфекцияси билан касалланиб қолади. Шифокорлар назорати остида даволанади. Камқонлиги ва турли стресслар сабаб, COVID касаллиги унда оғир ўтди. Фарзанди туғма юрак нуқсони билан туғилди.
Хуллас, Каримахон жажжи қизалоғини олиб бир у, бир бу шифохонага югурди. Унга шифокорлар томонидан ёрдам кўрсатилди. Бироқ, бу кутилган натижани бермади. Энг охирги текширувдан сўнг, юрак-қон томиридаги тешик даметири 17 милиметрдан катта бўлиб кетганлиги учун мутахассислар тезда жарроҳлик амалиётини ўтказиш кераклигини айтишди.
Бироқ аёлнинг моддий имконияти етмасди, қолаверса унинг ногиронлиги бор, ишламайди, “Темир дафтар”да рўйхатида туради. Хуллас, яхши инсонларнинг, маҳалла фуқаролар йиғини ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ёрдами билан пойтахтга, Республика Болалар миллий тиббиёт марказига мурожаат қилди.
Малакали мутахассислар, Жасминани обдон текшириб, унда туғма юрак нуқсони билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди. Харажатлар эса “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, унинг Сардоба туман бўлинмаси ҳузурида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди. Операция муваффақиятли ўтказилди. 7 ойлик қизалоқ туғма юрак нуқсонидан халос бўлди. Қизалоқнинг аҳволи жуда яхши, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати.