Сайлов кодексида муддатидан илгари Президент сайлови тайинланган тақдирда сайлов икки ой ичида ўтказилиши белгиланган. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун сайлов кампанияси жорий йилнинг 10 май кунидан бошланиши белгиланиб, сайловни ўтказиш календарь режаси тасдиқланди. Сайлов кодексига кўра, сайловолди ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди.
Шу кунларда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти авж паллага кирган. Бу галги сайловда номзодларнинг ташвиқот жараёнлари жорий йилнинг 7 июнь куни бошланиб, 8 июлгача давом этади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида бундай ташвиқотга йўл қўйилмайди.
Сайловолди ташвиқотини ўтказиш тартиби 2021 йил 14 апрелда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом нормаларига мос ташкил этилишини ҳам қайд этиш ўринлидир.
Сайловолди ташвиқоти – номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўзига хос рақобат майдони
Сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, номзодлар сайловолди ташвиқотини юритиш борасида тенг ҳуқуқларга эга. Номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини ўтказиши мумкин. Сайловолди ташвиқоти доирасидаги тадбирларда номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури билан сўзга чиқиш ҳуқуқи берилади.
Сайловолди ташвиқоти сайлов жараёни қатнашчилари учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Президентликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўзига хос рақобат майдони ҳамдир. Ташвиқотнинг қандай ўтказилиши сиёсий партия электорати сони кўпайиши ёки камайишига, мавқеининг ошиши ёки тушишига олиб келиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ва бошқа қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини юритишга оид ҳуқуқлари кафолатлари назарда тутилган. Ушбу ҳужжатлардаги асосий талаблар миллий сайлов тизимимизга имплементация қилинган.
Қонунчиликка кўра, ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб юритиш, нотўғри ахборотни, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Президентликка номзодларнинг сайловолди дастури муайян талабларга жавоб бериши шарт. Хусусан, давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, уруш, миллий нафрат, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.
Сайловолди ташвиқотини Президентликка номзодлар номидан уларнинг ишончли вакиллари ҳам ўтказиши мумкин. Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақлидир. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Президентликка номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга тенг ҳуқуқли, соғлом рақобатга асосланган сайловолди ташвиқоти юритишда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши имконияти халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва стандартларига тўла мос бўлиб, адолат ва тенглик тамойилларидан келиб чиқади. Ушбу тенглик юқорида санаб ўтилган барча сайловолди ташвиқоти турларида бир хил таъминланади.
Сайловолди ташвиқоти юритиш тартиботи
Номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури билан сўзга чиқиш ҳуқуқи берилади. Бу дастурни номзоднинг розилигисиз таҳрир қилиш мумкин эмас. Шунингдек, босма ОАВда чоп этиш учун материаллар номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари уларни тақдим этган шахсларнинг розилигисиз таҳрир қилинмайди.
Ташвиқот номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, номзод тўғрисида ахборот тарқатиб, уни ёқлаб овоз беришга чақириш шаклида юритилади. Шунингдек, сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот анжуманлари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, ОАВларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Сайловолди ташвиқоти ОАВ, телекоммуникация, интернет ахборот тармоқларида, шунингдек, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади. Ташвиқот даврида уни юритишнинг Сайлов кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан фойдаланилиши мумкин.
ОАВ у ёки бу номзоднинг муваффақият қозониши ёхуд зарур овозлар миқдорини ололмаслигида муҳим роль ўйнайди. Чунки сайловолди учрашувлари ва йиғилишларида юзлаб сайловчилар иштирок этса, ОАВ орқали миллионлаб сайловчиларга маълумот етказиб берилади. Шу сабабли Президентликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг барчаси сайловолди ташвиқотлари юритиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эгалиги кафолатланган.
Бу жараёнда Президентликка номзодларга тенг имконият берилишини таъминлаш муҳимдир. Бинобарин, сайловолди ташвиқоти юритилаётганда номзодларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконият берилади. Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонунчиликка мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.
Сайловолди ташвиқотини юритиш мақсадида ОАВдан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Шунингдек, давлат телерадиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти, қоида тариқасида, энг кўп аудитория қамраб олинадиган вақтга (прайм-таймга) тўғри келиши керак. Бепул эфир вақтидан номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.
Сайловолди ташвиқоти доирасида телерадиоканалларда жойлаштиришга мўлжалланган материаллар тегишли каналлар билан ҳамкорликда номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар томонидан тайёрланади.
Президентликка номзодлар сайловолди ташвиқотини босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш орқали ўтказади. Мана шу масалада ҳам номзодларнинг тенглиги таъминланишининг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилган. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.
Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида буюртма берган ва тайёрлаган юридик шахслар номи, жойлашган манзили, адади, чиқарилган санаси ва материалга тегишли бошқа ахборотлар кўрсатилиши шарт.
Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин. Ҳайкалларга, ёдгорликларга, шунингдек, сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш тақиқланади.
Номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги ахборот материаллари (плакатлари) сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди. Шу боис, ушбу маълумотлар сайлов участкалари биносида ҳам мавжуд бўлишига йўл қўйилади.
Электорат билан жонли мулоқотнинг аҳамияти
Сайловолди ташвиқотида сайловчилар билан учрашувлар катта ўрин тутади. Чунки бу тадбирларда номзодлар, бир томондан, бевосита сайловчилар билан мулоқотга киришади, иккинчи томондан эса сайловчилар номзод билан жонли мулоқот асосида қизиқтирган саволларини бериб, номзод ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Шу боис, номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш борасида тенг имконият берилишини таъминлаш муҳим масаладир. Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади.
Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилиб, бу учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади. Номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш ва ўтказишда ёрдам кўрсатиш илтимоси билан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат бирлашмаларига, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилишга ҳақли.
Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
– номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул тақдим этиши;
– зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда номзодларга кўмаклашиши;
– сайловчиларни номзодлар билан учрашувлар ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиш масаласида номзодларга кўмаклашиши керак.
Номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали юритиш учун тенг шароитлар берилади.
Шу ўринда икки ёки ундан ортиқ номзод ёки уларнинг ишончли вакиллари биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақлими, деган савол туғилиши мумкин.
Қонунчиликка мувофиқ, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари бошқа номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли. Фикримизча, битта йиғилишда икки ва ундан ортиқ номзоднинг иштирок этиши сайловчиларда уларнинг дастурларини ва ўзларини бевосита солиштириш орқали муайян фикрга келиш имконини беради.
Сайловолди ташвиқотини юритиш борасидаги сайлов қонунчилигининг ўзига хос жиҳати шундаки, номзодларга ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини юритиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Уларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратилади. Айрим мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Польша ва бошқа давлатларда сайловолди ташвиқоти юритиш учун давлат маблағлари ажратилиши кўзда тутилмаган. Греция, Исроил ва Францияда эса оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда эфир вақти сиёсий партияларнинг парламентда тутган ўрни ва ижтимоий фаоллигига қараб ажратилади.
Италия, Франция, Россия ва бошқа давлатларда сайлов куни ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди. Францияда овоз бериш кунига 7 кун қолганида, Венгрияда 8 кун қолганида жамоат фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари прогнозлари ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотлар нашр этилмайди.
Мамлакатимизда сайловолди ташвиқоти жараёнида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Яъни номзодлар, сиёсий партиялар оммавий ахборот воситаларидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ ҳолда тенг фойдаланади. Бундан кўриниб турибдики, сайлов қонунчилигимиз сайловолди ташвиқоти юритишда айрим хорижий давлатлар қонунчилиги билан қиёс қилинганда ўзига хос афзалликларга эга.
Хулоса қилиб айтганда, сайловолди ташвиқоти сайлов жараёнининг муҳим қисми бўлиб, унда Президентликка номзодлар учун бир хил шарт-шароитлар таъминланади. Жумладан, номзодларга ва сиёсий партияларга сайловолди дастурларининг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, сайловчилар билан бевосита учрашувлар ўтказиш орқали таништиришда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилади. Ушбу ҳуқуқий кафолатлар, номзодлар ва сиёсий партияларга ўз дастурларини кенг тарғиб қилиш имконини беради ҳамда сайловчиларга номзодлар орасидан энг муносибини танлашга шароит яратади. Шунингдек, сайловнинг демократик мазмунини янада бойитишга хизмат қилади.
Хушвақт ҲАЙИТОВ,
юридик фанлар доктори, профессор