Сенат Раиси Танзила Нарбаева расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кирадиган Қонуннинг муҳим жиҳатларига аҳамият қаратди.

– Қонунда қатор ҳаволаки нормалар мавжуд, уларни ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юкланган, – деди у. – Хусусан, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоялаш ва одам савдосидан жабрланганларни қайта йўналтириш тартиби кабилар. Вазирлар Маҳкамасига кўрсатмамиз шу бўладики, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутассадди идораларни жалб қилиб кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни Қонун тўлақонли ишлаш учун қисқа муддат ичида қабул қилиш лозим. Бу масалага жиддий ёндашиш зарур, чунки бизда бу борада муаммолар бор. Масалан, ўтган йил сентябрдан кучга кирган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ҳимоя ордерини ишлаш механизмини акс эттирувчи тегишли низомлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўрт ой ўтгач, яъни 2020 йилнинг январида қабул қилинди.

Ўз ўрнида Қонун қабул қилинадиган бўлса, унинг тарғиботига ҳам жиддий киришиш керак.  Одамларимиз билсин, Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларини у қаерда бўлмасин ҳуқуқий ҳимоя қилади. Бунга ҳеч қанақа шубҳа бўлиши керак эмас.

Одам савдоси жабрдийдалари бўлган фукароларни кафолатли ҳимоя қилиш нафақат халқаро майдонда давлатимиз нуфузини оширишга ёрдам беради, балки хорижда юрган ҳар бир юртдошимиз қалбида “ортимда Ватаним, давлатим турибди” деган ишонч ҳиссини пайдо қилади.