Шулардан энг афзали ва дунё кўчатчилигида машҳури ин-витро усулидир. Мазкур атама “шиша ичида” маъносини англатишидан маълумки, ўсимликлар махсус идишларда етиштирилади. Унинг анъанавий кўчатчиликдан фарқи нимада? Келинг, дастлаб ушбу саволга жавоб излаб кўрамиз.

Анъанавий кўчатчиликда йилнинг муайян давридагина кўчат тайёрлаш мумкин. Шу билан бирга, уруғ экиш, унинг униб чиқишию ҳосилга кириши учун анчагина вақт талаб этилади. Бунинг устига, ўсимлик уруғ олинган асос билан бир хил ҳосил бермаслиги мумкин. Ин-витро лабораторияларида эса йилнинг исталган вақтида ҳосилдорлиги кафолатланган ўсимликни парваришласа бўлади. Бу биотехнологиялар йўналишида катта ютуқ. Шу жиҳатдан мазкур усулнинг имкониятлари юқори ва бу борада юртимизда муайян ишлар қилинмоқда.

Битта шохчадан 10 мингтагача кўчат...

Инновацион ҳудуд сифатида танлаб олинган Марҳамат туманида илм-фан ютуқлари ҳамда маҳаллий олимларнинг янги ишланма ва ташаббуслари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани яхши самара бермоқда. Хусусан, “Ипак кўчат кластер” фермер хўжалиги базасида республикамизда ягона бўлган тутчилик йўналишидаги ин-витро лабораторияси ишга туширилган.

Ипак қурти озуқа базасини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, шу орқали юқори ҳосил етиштиришини кўзда тутувчи лойиҳа натижасида янги тут нави маҳаллий ипак қурти боқувчиларга етказиб берилмоқда.

— Замонавий биотехнологиялар ёрдамида 1 та шохчадан бир ой давомида 10 мингтагача кўчат етиштириш мумкин, —  дейди лойиҳа раҳбари Абдупатто Мусурмонқулов. — Бунда ўсимлик ва ҳужайраларнинг муҳим формалари ажратиб олинади. Натижада кўчат етиштириш жараёни тезлашади. Ин-витро лабораториялари замонавий геномика ва биоинформатика, биотехнология усулларидан фойдаланиб, қимматли генлар ҳамда оқсиллар тузилишини ўрганиш, илмий изланиш қилиш имконини беради. Анъанавий йўллар билан қийин кўпаядиган ўсимлик кўчатини тайёрлаш нисбатан осонлашади.

“Ипак кўчат кластер” лабораториясида етиштирилган кўчатлар хорижникига нисбатан бир неча баробар арзон. Яна бир жиҳати, четдан олиб келинадиган тут кўчати фақат дурагай бўлиб, униб кетиши кафолатланмаган. Кластер ҳузурида кўчатнинг илдиз олиши, тупроқ шароитига мослашиши учун махсус иссиқхона барпо этилгани бу борадаги ишончни янада оширади.

Ҳосил 1,5-2 баробар кўпаяди

— Зарур шароитлар яратилган лабораторияда ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан нав тозалиги кафолатланади, — дейди А.Мусурмонқулов. — Шу омиллар туфайли “Ўзбекистон дурагайи”, “Hybrid Uzbekistan”, “Марҳамат —1” каби серҳосил тут навлари яратилди. Бугунги кунда мамлакатимиз ипакчилиги озуқа базаси, асосан, ўртача ҳосил берувчи, эркин чангланган дурагай тутлардан иборат, яхши навли тут нисбатан оз. Мазкур лабораторияда эса 6 ойда 100 мингдан 130 минг тупгача шундай тут кўчати тайёрлаш имконияти мавжуд. Бир гектар тутзордан олинадиган барг ҳосили хашаки ва дурагай тутларникига нисбатан 1,5-2 баробар юқори бўлади. Муҳими, давлат реестрига киритилган, турли ҳудудларда кўпайтиришга мўлжалланган навдор ва касалликлардан холи кўчат ўзимизда етиштириляпти. Тайёр кўчат юртимизда ипак қурти озуқа базаси сифатини яхшилаш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Аслида лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам шу эди.

Кўчатчилик кластери қўшни давлатларга маҳсулот экспорт қилишни бошлаган. Хусусан, ўтган  йилда  “Hybrid Uzbekistan” навли тут кўчатлари Қозоғистонга етказиб берилган эди. Жорий йил куз фаслида яна 300 минг долларлик маҳсулотга буюртма олинган. 

Яна бир эътиборли жиҳати, ин-витро усули учун катта майдон шарт эмас. Мева-сабзавотларнинг ҳам, гулларнинг ҳам, катта дарахтларнинг ҳам кўчати дастлаб кичик шишаларда тайёрланади.

Президентимизнинг 2020 йил 25 ноябрдаги қарорига мувофиқ, 2020 — 2024 йилларда биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани бу борадаги ишларни янада жадаллаштирмоқда.

Кафолатланган нав қандай яратилади?

Хоразм вилояти Урганч инновацион туманида ташкил этилган “Bene Fruits” МЧЖда ҳам интенсив усулда кўчат етиштириш йўлга қўйилган. Ҳозир лабораторияда, асосан, шафтоли, олхўри, ўрик ва нок илдизпоялари, узум, ёнғоқ, писта, киви ва манзарали ўсимликлар кўчатлари тайёрланяпти. Ўсимлик етиштиришнинг барча турлари клонал тарзда амалга оширилмоқда. Йилига 5 миллион дона кўчат тайёрлаш қувватига эга корхонада 65 киши иш билан таъминланган.

— Хоразм вилояти мевали боғлар барпо этиш учун жуда катта имкониятга эга, — дейди Инновацион ривожланиш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ойбек Отамуродов. — Эҳтиёж хориждан олиб келинган кўчатлар ҳисобига қопланса, ўз-ўзидан қатор муаммолар юзага келади. Чунки бунда кўчатлар билан бирга касаллик ва зараркунандалар кириб келиши, йўлда яроқсиз бўлиб қолиш эҳтимоли юқори бўлади. Маҳаллий лаборатория мана шундай муаммоларга ечим бўлди.

 “Bene Fruits” МЧЖ жамоаси “Нукус ёшлар технопарки” МЧЖ билан “Орол денгизининг мелиоратив ҳолати ва ўстириладиган ўсимликлар популяциясини аниқлаш” лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда. Яъни Орол денгизининг қуриган тубига экиладиган шўрга чидамли капари, мененгис, лаванда, гледиция, пальма каби ўсимликлар уруғлари лабораторияда ундирилиб, кўчат ҳолида етказиб берилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда дунё бозорида биотехнологиялар соҳасидаги хизматлар қиймати 859,94 миллиард АҚШ долларига баҳоланган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1,7 триллион долларга етиши кутилмоқда. Англанадики, соҳа — сердаромад. Унинг ривожи учун амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермай қолмайди.

Феруза ЖЎРАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири