Дил амри

Она юрт деймиз, она эл деймиз, она Ватан деймиз, дунёда неки муқаддас нарса бўлса, онанинг азиз номи билан қўшиб айтамиз. Она меҳрининг муқаддаслиги, беқиёслиги ҳам шундадир эҳтимол. Она юрт равнақи, фаровонлиги, она Ватан тараққиёти йўлида фидо­йилик кўрсатган инсонларнинг номларини эса халқ доимо ҳурмат ва эъзоз билан эслайди. Шароф Рашидов номини тилга олганда миллионлаб юртдошларимизнинг қалбидан тилига катта бир меҳр қалқиб чиқади. Бу самимий меҳр, самимий ёдномалар замирида фидойи раҳбар ва ҳассос ёзувчининг катта заҳмати, инсоний фазилатлари мужассамдир.

Бундан уч йил илгари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра “Халқимизнинг буюк фарзанди” номли хотира китобининг нашр қилингани, Жиззах вилоятининг Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани, ушбу туманда адиб номидаги мемориал уй-музейи ташкил этилгани, адибнинг “Сайланма” китоби кўп минг нусхада нашр этилгани давлат раҳбари олиб бораётган адолатли, халқчил сиёсатнинг ифодаси бўлди.

Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини қунт билан мутолаа қилган, назм ва насрнинг беқиёс нафосатини чуқур англаган истеъдод соҳибининг ғалабага бағишланган илк китоби “Қаҳрим” шеър­лар тўплами бўлса, биринчи публицистик мақолалар тўплами 1949 йилда “Тарих ҳукми” номи билан нашрдан чиққан эди.

 Фидойи раҳбар ва адиб “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасига бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис этиб сайланганида ҳам насрда, ҳам назм­да инсон қалби, руҳий ҳолатини ўзига хос тас­вирлашни олий мақсад деб билди.

Ёзувчининг биринчи қиссаси — “Ғолиблар” (1951) урушдан кейинги даврда ўзбек хонадонларига осойишталик инган, кимнингдир боласи, кимнингдир отаси урушдан қайтмаган, айни меҳнат қизиган вақтларда ёзилди.

 Асарнинг ёзилишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида адиб бундай эслайди: “Узоқ йиллар мобайнида менинг тасаввуримда “Ғолиблар” қиссаси шаклланиб келди, университетнинг филология факультети талабаси бўлиб юрган чоғларимдаёқ ўз болалик таассуротларим ҳақида кўп ўйлардим. Кўз ўнгимда тоғ бағрига туташиб кетган қадрдон қишлоғим гавдаланарди. Бепоён чўл. Минглаб гектар ажойиб, унумдор ерлар сувсизликдан қақраб ётарди. Фақат илк баҳорда қир-адирлар қип-қизил қизғалдоқ ва бинафшалар билан қопланарди. Сўнгра кунлар исиши билан қуёшнинг яллиғи ернинг намширасини сўриб оларди-да, майсаларга ўтли нафасини сочиб, қовжиратиб кетарди. Ҳар бир колхозчининг даштни ўзлаштириб, қувраб ётган буғдойзорлар ўрнига пахтазорлар бунёд этиш орзуси билан яшаётганликларининг шоҳиди бўлдим, айрим колхозларда булоқларнинг кўзини очиб, тоғ этакларидаги қақроқ ерларни шу булоқ сувлари билан суғораётганликлари ҳақида менга сўзлаб беришган эди. Уларнинг бу ҳақдаги ҳикоялари мени ҳаяжонга солди ва мен ўзимнинг илк қиссамни шу мавзуда ёзишга аҳд қилдим”.

“Сув келтирган — элда азиз” мақолининг амалдаги исботи қиссанинг асосини ташкил қилади. Асарда тасвирланган Ойқиз, Олимжон, Лолахон, Ҳалим бобо образлари орқали янги ерларни ўзлаштириш, сув манбаини кўпайтириш, меҳнатга янги муносабат қирралари очилади.

Инсон табиати мураккаб, қанча оғир синовларга дуч келса, шунча тобланиб, янги марраларга қараб бўйлайверади. “Ғолиблар” асари қаҳрамони Ойқизнинг икки акаси Темур ва Алишер урушдан қайтмайди, бу жудоликни кўтаролмай онаси Холбиби дунёдан кўз юмади. Биргина суянчиғи — отаси Умурзоқ ота билан урушга кетган Олимжоннинг саломат қайтишига умидвор Ойқиз меҳнати, Олтинсойнинг ғамда ҳам, байрамда ҳам бир-бирини қўллаб яшаган одамларининг келажакка бўлган ишончи, меҳнатидан завқ олиб, унумдор ерларни ўзлаштириш йўлидаги заҳмати романнинг асосий мавзуси ҳисобланади.

Асар Ойқиз ва Олимжон тимсолида ўша даврларда ҳар бир жабҳада алоҳида меҳнат зафарларига йўл топаётган ёшлар ва уларнинг ташаббусларига баҳолиқудрат елкадош бўлган ҳамқишлоқлари ҳаётидан, муҳими, ҳалол инсонларнинг заҳматли меҳнатидан чирой очаётган Олтинсой, Олтинсой тимсолида Ўзбекистон ҳаё­тидан сўзлайди.

Шу ўринда барчамиз учун қизиқ бўлган жиҳатга, яъни асар қаҳрамонлари, урушдан қайтмаган ака-укаларнинг исмларига эътибор қилсак.

Алишер ва Темур!

Ўзбек халқининг шўро даврида номи ва фаолияти танқидга учраган, асарлари қатағон қилинган икки улуғ фарзандининг номи асар қаҳрамонларига берилишида ҳам рамзий маъно бор. Алишер ва Темур урушдан қайтмайди! Бу ном соҳиби бўлган аждодларимизнинг шонли тарихи ва улар қолдирган мерос ҳам ўша пайтда халққа қайтмаган эди. Бундан кўриниб турибдики, ватанпарвар, миллатпарвар, катта қалб эгаси бўлган Шароф Рашидовнинг ҳақиқий нияти — халқ озодлигига эришишга интилиш ва қатъий ишонч эди.

Бундан бир неча йиллар муқаддам — мактабда ўқиган вақтларимизда она тили ўқитувчимиз Инъомжон Каримов адабиёт дарсларида Шароф Рашидовнинг 1958 йилда эълон қилинган “Бўрондан кучли” асари ҳақида жуда кўп қизиқарли ҳикояларни сўзлаб берарди. Бутун синф — 32 нафар ўқувчининг бор вужуди қулоққа айланарди, чунки ўша даврларда ушбу асарни бутун Ўзбекистоннинг етти яшардан етмиш яшаригача мутолаа қилган эди. Ҳалол ва тўғри инсон ҳар қандай тўсиқни кучли саботи билан енга олиши, ҳаётнинг оғир зарбалари, кутилмаган синовларига тоб бера олишини адабиёт муаллимимиз ҳаётий мисоллар билан таърифларди.

Янги очилган ерларда қум бўрони бошланиши, унинг талафотини камайтириш, қум бўрони нимжон ғўзаларни пайҳон қилиши, бўронга қасдма-қасд мардонавор курашган қаҳрамонлар орқали ёзувчи инсон шижоати неларга қодирлигини бўй-басти билан намоён қилиши, меҳнатидан барака топган Ҳазрати Инсоннинг чўяндек метин иродаси, толмас саботи биз, ўқувчиларнинг ҳайратларига сабаб бўларди.

Шу учун ҳам “Бўрондан кучли” романи бутун умр синфдошларим қатори менга ҳам ўзгача таассурот берганди. Муаллимим таъкидлаган — “Яхшидан боғ қолади” дейилган ўзбекона ҳикматни бир туп ўрикка меҳр қўйган Муроталининг чўлга кўчиб келиб, ҳовлисини ўрикзорга айлантиргани, “ўрикларим ҳали юз йил ҳосил қилади”, деб Ойқизга фахрланиб гапиргани, бир туп бўлса ҳам дарахт экиб, уни ўрикзорга, чўлни бўстонга айлантиришдек савоб ишга бош қўшиб, меҳнатидан фахр туйган инсонлар ҳаёти чизгилари сира ёдимдан чиқмас дарс бўлиб қолган.

Бир донишманддан “Олтиндан қиммат нарса борми?” деб сўраганларида, донишманд “Дўстлик”, деб жавоб берган экан. “Пўлатдан ҳам мустаҳкам нарса борми?” деб сўраганларида, у яна “Дўстлик”, дебди. “Бўрондан ҳам кучли нарса борми?” деб сўраганларида ҳам “Дўстлик бўрондан ҳам кучлидир!” деб жавоб берган экан. “Бўрондан кучли” романидаги Ҳалим бобонинг ана шу сўзларида ҳаёт тўлқини илҳомлантирган кишиларнинг ғоявий, маънавий бирлиги, пўлатдан ҳам мустаҳкам дўстлиги ўз аксини ­топган.

“Бўрондан кучли” романи орқали мен адабиёт инсонни тафаккур қилишга, яхшилик излашга, меҳнат инсонни юзага чиқаришини англашга, тўғрилик ва ҳалол йўл билан ҳар қандай бўронни енга олишга ундашини тушунганман.

Бу бир китобни ўттиз икки ўқувчи бир бўлиб ўқиган ўқувчилик пайтимдаги хулосаларим эди.

1964 йилда ёзилган “Қудратли тўлқин” романи уруш йилларида фронтдан олисдаги, фронт ортидаги ўзбеклар шижоатини тасвирлайди. Ушбу романнинг яратилиши хусусида Шароф Рашидов “Дружба народов” журнали саволларига бундай жавоб беради: “Бундан анча йиллар бурун ҳали ёшгина журналист бўлиб юрган чоғларимда мен мана шундай қурилишлардан бирида ишлашга муяссар бўлган эдим. Бу машҳур Фарҳод ГЭСи эди. Қурилиш менда жуда қайноқ ва ёрқин таассуротлар қолдирган. Лекин адабиёт даргоҳига келиб, эндигина қалам тебрата бошлаган чоғимда мен анчагача бу мавзуни ёритишга журъат қилолмай юрдим. Мен жуда кўп ҳаётий материаллар йиққан эдим, лекин бу ранг-баранг материалларни тартибга солишга қийналардим. Ўшанда афтидан мен ҳали материални бадиий ўзлаштиришнинг кор жойини топмаган эдим, кор жойи топилмаганидан шу материал энг муҳимларини, асар учун типик ҳодисаларни ажратиб ололмас, материалларни уюштириб берадиган сюжет чизиқларини яхши англамас эдим. Фақат анча йиллар ўтибгина мен ўзимдаги бу журъатсизликни енгиб ўтдим, ўша ҳаёт ҳодисаларига диққат билан қайта назар ташладим, кўз ўнгимда фактлар, воқеалар, одамлар, уларнинг хатти-ҳаракатлари, қиёфалари бошқача бир тарзда жонлана бош­лади. Хотирамда чуқур ўрнашиб қолган мана шу хотираларнинг бири кўп ўтмай “Қудратли тўлқин” номли романимнинг мундарижасини белгилаб берди”.

Оддий ўзбек йигити Пўлатнинг бошидан ўтган кечинмалар, унинг Фарҳод ГЭСи қурилишидаги шижоати, Пўлат ва Баҳор образларидаги тоза муҳаббат, улар руҳидаги қатъият ва дадиллик асарда бўрттириб кўрсатилади. Ёзувчининг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли” романларидаги Олимжон, Ойқиз, Жўрабоев, Умурзоқ ота образларининг яқдиллиги, ҳеч қандай қийинчилик­ларга бўй бермаслигининг мантиқий давомини “Қудратли тўлқин”да кўриш мумкин.

“Қудратли тўлқин” урушнинг аёвсиз даврлари — 1943 йилдаги воқеаларни ўз ичига олади. Ватан озодлиги учун урушда жон олиб, жон бераётганларга озиқ-овқат етказиш учун ўзида куч топаётган халқнинг, фронт учун, фронтдаги ғалаба учун яшаётган халқнинг қаҳрамонликлари акс эттирилади бу асарда. “Ғолиблар”да Ойқиз Олимжонни фронтга боришга ундаганидек, “Қудратли тўлқин”да отаси Ҳайдар Содиқовдек фронтда душман билан беллашишни орзу қилган Пўлатнинг мақсадини Баҳор қўллаб-қувватлайди. Пўлат отасининг фронтдан ёзган хатларини ўқиб “Жасорат ёш танламайди!” деган фикр билан унинг ёнига ошиқади. Йигитнинг кўнглида доим бир гап бўлади: “Ота, мен сизга муносиб ўғил бўламан!”

Шароф Рашидовнинг ҳар бир асарида инсон ва унинг муаммолари, муносабатлар ва зиддиятлар орқали инсон характери, самимий ва камтарин қишлоқ кишилари ҳаёти акс ­эттирилади.

“Кашмир қўшиғи” асари Шароф Рашидовнинг қалб дафтари бўлган. Адиб ҳаёт вақтида бу асар ўнлаб тилларга таржима қилинган. Қиссасининг афсонавий қаҳрамонлари — асаларилар шоҳи Бамбур, гуллар маликаси Наргиз ижобий образлар рамзи бўлса, уларга қарши турувчи Бўрон, зараркунанда Ҳорут салбий образ сифатида тасвирланади. Энг қизиғи, Бамбур билан Наргиз тарафида қушлар, гуллар, дов-дарахтлар, муаттар ҳидлар, дил ришталари боғланиб туради, уларни ҳимоя қилади. Бўрон билан Ҳорутнинг измида шамол, вабо, изғирин ва чақмоқ каби салбий қиёфалар пайдо бўлади. Муаллиф юксак хаёлот парвозида қалам юритар экан, табиатнинг жонланиши, тилга кириши, яшаш учун курашдан иборат ҳаётбахш фаолиятни рамзий маънода қиссага сингдиради. Профессор Ҳотам Умуров таъбири билан айтганда, “Кашмир қўшиғи” ўз услубий табиатига ва услубий маромига кўра, оҳангдор, жарангли, мазмундор асар эканини таърифлаб, асарда ҳинд куйларию ўзбек “Тановар”ининг оҳанги уйғунлигини эътироф этади”.

Шароф Рашидовнинг “Камолот” киноқиссаси 1960 йилда ёзилди. Бениҳоя чўл барханлари узра янги ерлар очиш, қўриқ ерларни пахтазорга, экинзорга айлантириш йўлида заҳмат чеккан чўлқуварларнинг матонатли меҳнатининг самарасини камолот чўққисига қиёслаган адиб Пўлат Каримов образи орқали ўша давр заҳматкашларининг ижодий портретини яратса, 1977-1982 йилларда ёзган “Дил амри” қиссаси Белорусиянинг тахминан уч юз хонадон яшайдиган Берёзовка қишлоғи аҳлининг қонли уруш шароитидаги яшаш тарзини, шу тупроқда мардонавор жанг қилган ўзбек жангчилари ҳаётини тасвирлайди.

Ватанни севмоқ, ватанпарвар бўлмоқ, тинч ва осуда ҳаёт учун курашмоқ ғалабага борадиган ягона йўл эканини асар қаҳрамонлари мисолида кўриш мумкин.

Шароф Рашидов ўзи бошидан кечирган уруш суронларини, бир бурда нонга зор бўлиб дунёдан ўтган болалар қисмати, уруш вайроналарини, элу халқнинг юзига оёқ қўйиб, қилинган сотқинликларни ва уруш даврида эрта улғайган, зарур вақтда ўзлари худди катталардек қарор чиқара оладиган болалар ҳаётини мана шу асарида ўта моҳирона тасвирлайди.

1967 йилда ўзбек ва рус тилларида нашр этилган “Дўстлик байроғи” китоби унга катта шуҳрат келтирди. 1966 йилда Тошкентда содир бўлган даҳшатли зилзила ва унинг оқибатларини бартараф этиш билан Шароф Рашидовнинг шижоату ғайрати олдида бош эгиш керак. Унинг укаси, машҳур таржимон Асил Рашидов ўз рисоласида тўғри қайд этганидек, “Акамнинг яхшилигию ёмонлигини Холиқ ҳам, халқ ҳам билади. Унинг меҳнати ва заковатидан эл-юрт баҳраманд бўлди. Лекин мушфиқ одамларимиз унинг яхшилигини унутмаган экан. Меҳнаткаш эл-улус қалбига йўл топа олган, унинг дил-дилидан мустаҳкам ўрин олган экан Шароф акам.

...Хайрият, мана энди она Ватанимиз узра озодлик насими эсмоқда. Тоғдай армоним: қанийди, менинг акам ҳам тирик бўлса-ю, бугунги истиқлол диёрида ўз жонажон халқи, дўсту ёронлари қатори яшаса, эркин нафас олса...”

Ўлкам, омон бўл!

Шароф Рашидовнинг шеърлари ҳам ўзига хос. 1938 йилда ёзган “Меҳнатим” мадҳияси инсоннинг ҳаётдаги эзгу мақсади ҳалол меҳнат, меҳнат бахт-саодатнинг манбаи экани, туғилиб ўсган заминнинг ҳар бир сарҳадини айнан меҳнату садоқат билан безамоқ ҳар бир юртдошимизнинг кўнгил амри бўлмоғи кераклигини эслатади:

Сен билан очдим кўзимни, сен билан бўлдим азиз,

Сен билан кулди диёрим, сен билан турмуш лазиз,

Сен билан олам ёруғ, сен бердинг менга нону туз,

Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, ҳам  ҳузурим меҳнатим.

1939 йилда Асқад Мухтор билан ҳамкорликда ёзилган “Сув ва нур” достони ҳамда “Ватан” қасидасида дунёда инсон сув ва нурдай тоза ният билан шуҳрат топиши, бу инсоний бурч экани айтилади:

Бахтиёр кунларда  улғайдим, ўсдим,

Бошимни силади шу Ватан,  дўстим,

У билан диллар шод, кўнгил  чин кушод,

Қайноқ меҳри яшар дилда умрбод.

Фашистлар Ватанимизга бостириб кирган биринчи куниёқ “Тарихнинг қаҳри-ла қайрадим қилич” шеъри яратилади:

Ғазаб қиличида элим қаҳри бор,

Ғазаб қиличининг кескин  заҳри бор,

Юракда қасоснинг тошқин наҳри бор,

Қиличим, қаҳримсан, ёвга бўлгин ёв!

Ҳар бир сатр орқали, ҳар бир мисра орқали душманга бўлган кучли нафрат, ҳар куни ўзбек хонадонларидан урушга жўнатилаётган навқирон йигитларга суянч бўлиш, жигарбандини урушга кузатаётган онаизорларнинг дуолари, ғалабага катта ишонч “Қаҳрамон хотираси”, “Жангчи”, “Офарин”, “Белград қизи”, “Яшасин севги!” шеърлари ёзилишига туртки беради.

“Она насиҳати” шеъридан:

Номард бўлиб кунда ўлгунча,

Мард бўлгин-у Ватан деб ўлгин.

Онанг қилган энг олий орзу —

Жанг ичида қайта туғилгин.

“Кашмир қўшиғи” асаридан олинган мана бу шеърни истеъдодли санъаткор Саодат Қобулова маромига етказиб ижро этган, бугунги кунда опа-сингилларимиз учун меҳр рамзига айланган:

Дугоналар, омонмисиз, бормисиз,

Жам бўлишиб, очилиб, гулзормисиз?

Ҳеч қандай куч бизни хазон этолмас,

Бўрон, Ҳорут муродига етолмас!

Жам бўлишиб, очилиб, гулзормисиз,

Дугоналар, бормисиз, омонмисиз!

Шароф Рашидовнинг асарлари ўзбек санъатининг ноёб дурдоналарида ҳам яшайди. Масалан, “Ёр-ёр” фильмида “Дугоналар” қўшиғи, “Чинор остидаги дуэль” киноасарида эса “Садо” гуруҳининг “Ёр келур” қўшиғи берилади. Шароф Рашидов шеърларига басталанган ушбу қўшиқлар ҳақиқий санъат даражасида куйланган.

Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров бир суҳбатда “Ўлкам, омон бўл!” шеъри тарихидан гапириб берганди: “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров — Ботир акам Шароф Рашидовнинг “Ўлкам, омон бўл!” шеърини қўшиқ қилиб куйладилар, мусиқасини мен ёздим. Репетицияларга касалхонадан қатнаб, шеърнинг ҳар бир сўзини ҳижжалаб ёдладилар ва қўшиқни маромига етказиб куйладилар. Бу қўшиқ акамнинг охирги қўшиқлари бўлди, акам қайтиб қўшиқ айтмадилар, айтолмадилар”.

Юксак иқтидор соҳиби бўлмиш Ботир Зокировнинг она юрти ва юртдошлари билан васият сифатида куйлаган сўнгги қўшиғида бундай сатр­лар бор эди :

Оламга эрк байроғи,

Қалбим севган маёғи,

Иқболимнинг чироғи,

Ўлкам, омон бўл!

Ифтихор

Буюк аллома Замаҳшарийнинг

Мартабангу улуғлик  отангдандир,

Меҳрибонлигу мушфиқлик  онангдандир,

деган ҳикматли сўзларида фарзанднинг камтару меҳнаткаш бўлиб вояга етмоғида ота-­онанинг биринчи ибрат мактаби бўлиши назарда тутилади. Бу жиҳатдан Шароф Рашидов ижоду меҳнатнинг долзарб паллаларида ҳам болалари ўқийдиган мактабдаги, ота-оналар йиғилишига қатнашишга вақт топгани, фарзандларининг китоб мутолаа қилишида алоҳида эътибор қаратгани, уларнинг илмий иш билан шуғулланишларини алоҳида рағбат билан маъқуллагани чинакам зиёли оиланинг намунали дарсхона эканидан дарак беради.

Ўзи урушда ярадор бўлиб қайтган адиб Россиянинг Истра дарёси бўйларига фарзанд­ларини олиб бориб: “Тинчлик учун курашган жойларимда мен бахт нималигини, тинчлик нималигини англаганман”, дея сўзлаб берганларини фарзандлари ҳали-ҳануз ҳаяжон билан эслашади.

Оилавий қадриятларни асосий мезон деб ҳисоблайдиган бу хонадонда ота-онанинг шарафли умр йўли камтарин ва самимий фарзандлар учун ибрат дарсхонаси бўлгани ҳақ. Бу шундай дарсхонаки, муаллими — шогирдинг, шогирди — устозинг. Бу шундай ибодатхонаки, қибласи нигоҳлардир. Раҳнамоси — кўнгил! Бу шундай кемаки, ташлаб қочиб кетолмайсан, кетганлар бебахтдир! Бу шундай кўрғонки, посбони ҳам, хизматкори ҳам қадрдон. Бу ердан топганингни ҳеч қайдан тополмайсан, чунки бу — шундай сирли хазина. Бу ерда чеккан заҳматингнинг малҳами ҳам топилур, бу — шундай шифохона. Бунинг номи — оила!

Академик Сайёра Рашидованинг оилаларида оилавий анъаналаридан энг муқаддаси биринчи ўринда китобхонлик бўлгани, оналари Хурсаной аянинг кечга яқин барча фарзандларига энг оҳорли кийимларни кийдириб, оталарини кутиб олишга тайёрлаганлари ҳам, оила бошлиғи—отани байрамона қарши олишлари ҳам ана шу дарсхонанинг ибратли дарсидир.

Қорақалпоғистонлик давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камолов ўзининг “Ел хизметинде” китобида ўзбек ва қорақалпоқ аслида бир илдиздан ўсиб чиққан икки дарахт экани ҳақида ёзади. Қорақалпоғистонда адабиёт ва маърифат ривожига Шароф Рашидов ниҳоятда катта ҳисса қўшгани, масалан, 30 номдаги китобни чоп эта олмайдиган Қорақалпоғистон нашриётининг йилига 300 хил китобни нашр қиладиган катта корхонага айланишига ёрдам берганини ҳақида таъкидлайди.

Муаллиф ушбу китобда: “Бутун қорақалпоқ эли номидан фахр билан айтаманки, бу улуғ инсоннинг Қорақалпоғистоннинг нафақат адабиёти, санъати, маънавияти, балки бошқа қатор соҳаларининг тараққиётида ҳам шонли меҳнати, катта ҳиссаси бор”, дея алоҳида сўз айтади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Марат Зокировнинг ҳаяжон ва ифтихор билан сўзлаган сўзлари эса бутун ўзбекистонликларнинг юрагидаги ифтихор бўлиб янграйди:

“Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг отасига раҳмат! Улуғ инсоннинг ҳурматини жойига қўйиб, болаларимиз учун ўрнак ҳаётини яна бир карра халққа кўрсатди. Шароф Рашидов истеъдодли ёзувчигина эмас, истеъдодли, фидойи раҳбар ҳам эди. Мирзачўл, Қарши, Жиззах, Ёзёвон, Сурхон-Шеробод чўлларининг катта қисми ўзлаштирилиши, мамлакатимиз харитасида Навоий, Зарафшон, Янгиер, Гулистон, Олтинсой каби ўнлаб шаҳар ва туманларнинг пайдо бўлиши Шароф Рашидов номи билан боғлиқ.

1966 йилнинг 26 апрели тонгида Тошкент ярим вайронага айлангани, қисқа муддат ичида қайта тиклангани, муҳташам ер ости йўли ҳисоб­ланмиш Тошкент метрополитени ишга туширилгани, “Халқлар дўстлиги” саройининг қурилиши, 800 километрдан ортиқ бетон қопламали Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг барпо этилгани, баландлиги 375 метрдан юқори бўлган ва ўша даврда собиқ иттифоқда Останкинодан кейинги ўринда турадиган Тошкент телеминорасининг қурилгани бевосита Шароф ­Рашидовнинг номи билан боғлиқ.

Катта иқтидор ва оловқалб эгаси бўлган бу инсоннинг юз ёшлик юбилейини ўтказиб, меҳнатини эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш учун жуда олижаноб ва шижоатли юрак керак. Мана шунинг учун биз, нуронийлар Президентимиз Шавкат Миромоновични элу юртнинг бахтига саломат бўлсинлар деб дуо қиламиз!”

Ҳа, инсонни улуғлайдиган энг улуғ неъмат, шубҳасиз, унинг ортидан янграб тураверадиган хотиралардир. Бусиз одамзод ҳаётидан нур кетган ҳолда, мазмунсиз бир бўшлиқда қолар эди. Дарахт илдизсиз яшамаганидек, инсон ҳаётининг мазмуни бўлган илдиз ҳам Ватани ва халқи билан уйғун, бақамти тарзда камол топади. Насл­лар алмашаверади, вақт югурик, аммо Ватан деган, халқ деган илдиз яшайверади.

Шароф Рашидов халқимиз қалбида, авлодлар хотирасида, миллат ва мамлакат тарихида ёрқин сиймо, ўз умрини она халқига бахш этган буюк инсон сифатида қолади. Ҳаёт чархпалакдек айланган сари бу хотира янада тиниқлашиб, теранлашиб бораверади.

“Кашмир қўшиғи” асари Шароф Рашидовнинг қалб дафтари бўлган. Адиб ҳаёт вақтида бу асар ўнлаб тилларга таржима қилинган. Қиссасининг афсонавий қаҳрамонлари – асаларилар шоҳи Бамбур, гуллар маликаси Наргиз ижобий образлар рамзи бўлса, уларга қарши турувчи Бўрон, зараркунанда Ҳорут салбий образ сифатида тасвирланади. Энг қизиғи, Бамбур билан Наргиз тарафида қушлар, гуллар, дов-дарахтлар, муаттар ҳидлар, дил ришталари боғланиб туради, уларни ҳимоя қилади.

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси