Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Алишер Навоий туркий сўз қудратини чўққига кўтарди, эътиборсизликка юз тутган она тилимизнинг қаддини тиклади ва туркий тил шуҳратини дунёга ёйди. Натижада унинг асарлари орқали дунё маданиятимиз билан танишди, халқимизнинг бебаҳо қадриятларига эҳтироми ошди.
Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон миллий ғояси, Учинчи Ренессанс ҳақидаги орзу-умидлар ва уларнинг рўёби йўлида олиб борилаётган мардонавор ҳаракатлар Ҳазрат Навоий армонлари билан ҳамоҳанг. Шу маънода, мутафаккир бобомизнинг адабий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш дунё халқларини давлатимиз ва халқимизнинг эзгу интилишларидан хабардор қилиш, миллий маданиятимизни хорижий мамлакатларда таништириш билан уйғун эканини англатади.
Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаю латофати билан намоён этиб, жаҳон адабиёти саҳнида муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Унинг бизгача етиб келган адабий мероси, шубҳасиз, улкан хазинадир. Бобомизнинг бебаҳо ижодий мероси нафақат халқимиз, балки дунё халқлари адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади.
Сиймоси абадиятга муҳрланган сўз заргари
Улуғ шоир номи Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Миллий боғ ва Давлат академик катта театри, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, адабиёт музейи, вилоят ва унинг маркази, метро станцияси, шунингдек, кўплаб кўча, маҳалла, мактаб, истироҳат боғларига берилган. Мамлакатимизнинг деярли ҳар бир ҳудудида шоирга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилган.
Юртимиздан ташқари Олмаота, Киев, Боку, Ашхобод ва бошқа қатор шаҳарлардаги кўчалар унинг номи билан аталади. Шоир хотираси, унинг маънавий меросининг аҳамияти нафақат мамлакатимизда, балки яқин ва узоқ хорижда ҳам эъзозланади, эътироф этилади. Алишер Навоийнинг хорижда қад кўтарган ҳайкаллари бунинг исботидир. Улар салобат тўкиб, халқимизнинг, миллатимизнинг бетакрор даҳосини кўз-кўз этиб турибди.
Навоийнинг Ўзбекистондан ташқарида пайдо бўлган биринчи ҳайкали 1968 йили Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида шоир таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан ўрнатилган эди.
2002 йил ноябрда Москва марказида, Садовое ҳалқа йўли яқинидаги Серпуховский майдонидаги боғда шоирнинг 4,5 метрли бронза ҳайкали ўрнатилди. У таниқли ўзбек ҳайкалтароши Равшан Миртожиев томонидан рус меъморлари Александр Кузмин ва Игорь Воскресенский билан ҳамкорликда яратилган. Ёдгорлик Россиянинг мумтоз Шарқ адабиёти меросига маданий ҳурматини акс эттиради. Унинг атрофида ҳар йили тантанали тадбирлар, Навоий таваллудига бағишланган маросимлар ўтказилади.
2004 йил. Токиодаги Сока университети ҳудудида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали икки давлат ўртасидаги дўстлик белгиси сифатида қад ростлади. Ёдгорлик Буюк ипак йўли маданиятлари ўртасидаги мулоқотни рамзий маънода ифодалайди, тарихий алоқаларни акс эттиради.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ҳам 2008 йил сентябрда Навоий ҳайкали очилди. У Озодлик шоҳкўчаси ва Нажаф Наримонов кўчаси кесишмасида 2000 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган, яшил майдонлар ва фавворалар билан безатилган боғда жойлашган. Уни яратиш учун тахминан 9 тонна бронза ишлатилган. Ҳар йили ёдгорлик атрофида Навоий билан боғлиқ тадбирлар ўтказилади.
2017 йил. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги шарафига Шанхай университети ҳудудида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали бронзадан ясалган. Ёдгорликнинг баландлиги 3,6 метр, пойдевори 1,8 метр, оғирлиги 3 тонна.
2018 йил Душанбе шаҳридаги мутафаккир бобомиз номи билан аталган боғда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик белгиси бўлиб тарихга кирди.
Минск шаҳрининг Свердлов кўчасида ҳам 2019 йилда Алишер Навоий бюсти очилган. Тантанали маросим 29 июль куни бўлиб ўтди. У Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини англатади.
2021 йил 16 декабрь. Президентимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифи арафасида Сеул шаҳри марказида улуғ ўзбек шоири ҳайкали ўрнатилди. Унинг лойиҳаси ушбу мамлакатда соҳада етакчи саналган “Malong Company” компанияси томонидан замонавий ҳайкалтарошлик услубларидан фойдаланган ҳолда бажарилди.
Корея пойтахтининг Seocho-dong 1498-4 кўчаси шаҳарнинг гавжум чорраҳаси ҳисобланади. Ўрнатилган ёдгорлик мажмуаси рўпарасида Корея Республикаси Олий суди ва Олий прокуратураси биноси жойлашган. Бу ерда, шунингдек, замонавий кўп қаватли турар жой масканлари қад ростлаб турибди, савдо ва тиббиёт марказлари, кутубхона фаолият юритади.
— Ўзбек ва корейс халқларининг дунёқараши ва урф-одатлари ўхшаш, — дейди Республика корейс миллий маданий маркази раиси Виктор Пак. — Бугун Ўзбекистонда яшаётган 180 мингдан зиёд корейс диаспораси кўп миллатли жамиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Сеулда буюк ўзбек шоири Алишер Навоийга ёдгорлик ўрнатилиши халқларимизнинг ўзаро дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
2023 йил август. Қозоғистоннинг Остона шаҳри марказида Алишер Навоийнинг баландлиги тўрт метрдан ортиқ ҳайкали ўрнатилди.
2024 йил май. Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Махтумқули Фироғий номидаги маданият ва истироҳат боғи мажмуасидан буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкали ҳам муносиб ўрнини эгаллади.
2024 йил сентябрь. Туркиянинг Анқара шаҳрида буюк аждодимизнинг улуғвор ҳайкали очилиши маросими бўлди.
2025 йилнинг 12 декабрь санасида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг янгиланган ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўчанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
— Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи 1968 йилда барпо этилган ва буюк ўзбек шоирининг шаҳардаги биринчи ҳайкали ҳам шу йили ўрнатилган эди, — дейди Ўш шаҳри мэри Женишбек Токторбоев. — Вақт ўтиб, мана, ҳайкал янгиланди. 1991 йилда эса боққа ёндош Қурманжон Дадҳо кўчаси билан кесишган кўчага ҳам унинг номи берилган эди. Сўнгги йилларда бу ерда катта таъмирлаш, кенгайтириш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиб, у шоҳкўчага айлантирилди.
Туркий дунё адабиёти гавҳари
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази томонидан буюк алломаларимиз қатори Ҳазрат Алишер Навоий меросини тадқиқ қилиш ва оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда нашр қилинаётган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомларининг салмоқли қисмида Алишер Навоий меросига эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда Навоий девонларининг шоир ҳаётлиги даврида кўчирилган бир неча қўлёзмаси аниқланди. Уларнинг айримлари ҳақида бир мунча маълумотлар бор эди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази илмий жамоаси 2024 йил ноябрь ойида Буюк Британияга хизмат сафари давомида Оксфорд университетининг Бодлеан кутубхонасида Навоийнинг ҳаётлигида кўчирилган “Хамса” асари мавжудлигини аниқлади.
Умуман, Алишер Навоийнинг қўлёзмалари Россия, Британия, Туркия, Эрон, АҚШ ва бошқа мамлакатлар кутубхона ҳамда музейларида энг қиймати баланд дурдона сифатида сақланади. Жаҳон навоийшунослиги тадрижи ва такомилига назар соладиган бўлсак, шоир ижодининг Франция, Америка, Германия, Финляндия, Нидерландия, Япония, Россия каби бир қанча давлатларда ўрганилгани, асарлари дунёнинг бир неча тилларига таржима қилингани гувоҳи бўламиз.
— Бугун Навоий меросини хорижий тилларга таржима қилиб, уни дунёга танитиш ҳамда хорижда унинг ижоди бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар билан навоийшунос олимларни таништириш асосий вазифаларимиздан бирига айланган, — дейди мутафаккир қўлёзма меросини хориж қўлёзма фондларидан излаш ва улар нусхаларини нашр қилиш йўналишида фаолият юритаётган таниқли олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов. — Хорижда, хусусан, Ғарбда Навоий ижоди бўйича муайян тадқиқотлар икки асрдан бери амалга ошириб келинмоқда. Айни пайтда уларнинг муайян қисмини ўзбек тилига таржима қилиш ва китобхонларга асл матнлар мазмунини етказиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди.
Немис шоири, драматурги, давлат арбоби Иоганн Вольфганг Гёте икки ярим аср аввал бундай деган эди: “Шарқ адабиётини Навоийсиз тасаввур қилиб бўлмайди. У туркий халқларнинг адабий тилини юксак даражага кўтарган буюк шахсдир”.
— Германияда Алишер Навоий асарлари 88 нусхада, Финляндияда 27, Чехияда 11, Швейцарияда 13, Эстонияда 8, Россияда 94 нусхада сақланади, — дейди филология фанлари доктори Гулноза Холлиева. — Бу менинг кўрганларим, аслида, бу мамлакатларнинг бошқа шаҳарлари кутубхоналарида яна бўлиши мумкин. Илмий манбаларга назар солсак, Европада биринчи бўлиб Навоий асарларини ўрганган олимлар французлар эканини кўрамиз. Дунёга машҳур Париж миллий кутубхонасида Навоий асарларининг 42 та қўлёзма нусхаси сақланади. Француз олими Эдгар Блоше 1932-1933 йилларда туркий қўлёзмаларнинг икки жилддан иборат тавсифини яратган, бу каталогда Навоийнинг 35 та қўлёзма асари нусхаларига тавсиф берилган.
Қомусийлик касб этган ижод
2020 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Президенти имзолаган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор бобомиз хотирасига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлиб, юртимиз ва мамлакатимиз ташқарисида бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Қарор ижроси доирасида 2025 йилда Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими томонидан тўрт жилдли “Алишер Навоий энциклопедияси” нашрга тайёрланди. Ёзувчилар уюшмасида китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тўрт жилдли нашр 1985 саҳифа, энциклопедик характердаги 3 мингдан ортиқ мақолани ўз ичига олади. Унда Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли, фаолияти, яқинлари, дўстлари, устозлари, Навоийнинг мумтоз адабиётимиз тарихида тутган беқиёс ўрни хусусида атрофлича маълумотлар қамраб олинган.
Энциклопедияга Навоийнинг юртимиз ва жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблари киритилган. Шу билан бирга, ҳайкалтарошлик, театр, кинода мутафаккир сиймоси акс эттирилишига оид мақолалар жо бўлган. Тўпламда ўзбекистонлик 78 нафар навоийшунос, ёш тадқиқотчилар, туркиялик ва озарбайжонлик олимларнинг мавзуга оид мақолаларини ҳам ўқиш мумкин.
Тақдимотда сўзга чиққанлар бу сингари китоблар шоир ижодини мукаммал ўрганишда дастуруламал вазифани ўташи ва давлат тилининг нуфузи, мавқеини оширишда ўзига хос ўрин тутишини таъкидлашди.
“Алишер Навоий энциклопедияси” тегишли тақсимот асосида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, юртимиздаги барча кутубхоналарга бепул ва беғараз асосда етказиб берилиши таъминланди.
Шу ўринда XVIII-XIX асрлар яшаб ўтган австриялик тарихчи, шарқшунос олим, шоир, таржимон ва тадқиқотчи Йозеф фон Ҳаммер-Пургшталнинг қуйидаги гапларини келтириш ўринли бўларди: “Навоий — туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси. Унинг асарлари Шарқ Ренессансининг ёрқин намунасидир”.
* * *
2024 йил 1 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтказилган йиғилишда эл-юртимиз, хусусан, Навоий аҳлининг улуғ аждодимиз Алишер Навоий хотирасига ҳурмат-эҳтироми чексиз экани, буюк бобомиз номи билан аталадиган вилоят маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак ва намуна бўлиши, таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг маънавий брендига айланиши зарурлиги таъкидланган эди.
Шу билан бирга, Президентимиз Навоий вилоятида 2025 йилни “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Йил доирасида ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида “навоийхонлик кечалари” ўтказилиши белгиланди.
Бундан ташқари, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқларида Навоий бобомизга атаб, янги боғлар, сўлим хиёбонлар, яшил ҳудудлар, қуриладиган Янги Ўзбекистон боғида Алишер Навоийга бағишлаб мемориал музей ташкил этиладиган бўлди.
* * *
Чиндан ҳам Алишер Навоий ижодининг жаҳон миқёсида ўрганилиши, тадқиқ этилиши ҳар жиҳатдан навоийшунослик илмини бойитади. Бу жараёндан бохабарлигимиз эса Алишер Навоий ижодиёти қандай ракурсда тадқиқ қилинаётганини кенгроқ билишга ва маҳаллий тадқиқотлар билан дунё миқёсида олиб борилаётган тадқиқотларни қиёслаш имкониятини беради. Энг муҳими, халқаро майдонда навоийшунослигимизнинг назарий савиясини кўтаришга бевосита хизмат қилади.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг мунаввар сиймоси, қутлуғ номи, унинг безавол мероси замон ва макон сарҳадлари оша инсониятни ҳақиқат, адолат, эзгулик сари даъват этиб бораверади. Улуғ аллома асрлар давомида халқ билан ҳамнафас, замон билан ҳамқадам яшайверади. Бу умрбоқий мерос наинки туркий халқлар, балки дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек тортаверади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири