Жумладан, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга туширилган янги лойиҳалар бошқа ҳудудлар учун андоза экани таъкидланди.

Албатта, бу эътироф воҳа аҳли учун катта шараф, ифтихор. Бу барчамизга ўз­гача иштиёқ ва руҳ берди, вилоят аҳлини янги ютуқлар сари илҳомлантирди. Ўтган йил сарҳисоби ва янги режалар билан боғ­лиқ кўрсаткичлар ҳам буни тасдиқлайди.

Хорижий инвестиция ва экспорт ҳажми ошмоқда

Четдан кириб келадиган сармоя қақроқ ерга ҳаёт бағишлайдиган дарёга ўхшай­ди. Шу маънода, иқтисодиётимизга олиб кирилаётган сармоялар тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари очиш, юртдошларимиз даромадини ошириш, кўчаларимиз, маҳаллаларимиз қиёфасини ўзгартиришга сабаб бўлмоқда.

Ўтган йили вилоятимиз иқтисодиётида (тармоқ корхоналаридан ташқари) 1,2 миллиард долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. 2024 йилга нисбатан 471 миллион доллар кўп инвестиция кириб келди ва 1,7 баробар ўсиш кузатилди.

Вилоятимизга 200 дан ортиқ хорижий ҳамкорнинг хизмат сафари уюштирилди. Элчихоналар ва дипломатик корпус ва­киллари билан яқин ҳамкорликда ўндан ортиқ йирик халқаро бизнес-форум ҳамда хорижий компаниялар иштирокида 80 дан зиёд учрашув ўтказилгани, Малайзия ва Францияда вилоятнинг “Савдо уйлари” очилгани ҳам ютуқларимизнинг айтишга арзигулик саҳифаларидир.

Инвестиция дастурлари доирасида қий­мати 2,2 миллиард долларлик 618 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 18 мингта барқарор иш ўрни очилди. Экспорт геогра­фияси 54 давлатни қамраб олди. Жумладан, давлатимиз раҳбари эътирофига сазовор бўлган “Алп техно сервис” МЧЖ жамоа­си халқаро брендлар остида телевизор ва мониторлар ишлаб чиқариб, экспорт қил­моқда. Жамоа бу йўналишда Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон билан кенг кўламда ҳамкорлик қилиб келаётир.

Жорий йилнинг дастлабки иш ҳафтаси­ни халқаро ҳамкорлик доирасидаги хайрли музокаралар билан бошладик. Делегациямиз ўзаро манфаатли ҳамкорликни ри­вожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Германиянинг қатор шаҳарларида бўлди.

Хизмат сафари доирасида “Ҳайдел­берг — Қашқадарё иқтисодий форуми”, “Қашқадарё — Дюссельдорф иқтисодиёт ва ҳамкорлик форуми” сингари муҳим тад­бирлар ўтказилди. Шунингдек, Германия Сунъий интеллект тадқиқот маркази вило­ятимиздаги олий таълим муассасаларининг 50 талабаси учун 2 миллион евролик грант ажратадиган бўлди. Бу йил 2 миллиард дол­ларлик хорижий инвестицияни ўзлаштириш режалаштирилган.

Камбағалликни қисқартириш — алоҳида эътиборда

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва кам­бағалликни қисқартириш бўйича ҳам воҳада тизимли ишлар қилинмоқда. Асосий мақса­димиз одамларни доимий даромадли қилиш­дан иборат.

Ўтган йили режадаги 518 минг ўрнига 578 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди ва бу кўрсаткич солиқ базасида ҳам ўз ифодасини топди. Шу тариқа ишсизлик даражаси 4,9 фо­изга туширилди. Ишсиз ва иш қидираётган 29 мингдан зиёд фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркор­лик йўналишида ўқитилди.

2025 йилда “Бир контур — бир маҳсу­лот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулот­ларини етиштириш бўйича 93 та лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, мазкур тамойил асосида Касби тумани Денов маҳалласидаги 30 гектар ерга 73 та деҳқон хўжалиги кунга­боқар экди. Агротехник тадбирлар ўз вақти­да бажарилиши туфайли бир гектардан ўр­тача 50 миллион сўмдан соф фойда олинди.

Шунингдек, 44 та янги қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилиб, устав фондига улуш сифатида киритиш учун 307 миллион сўмлик субсидия ажратилди. Деҳқон хўжа­ликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси аҳоли хона­донлари ва деҳқон хўжаликларига 1,7 мил­лиард сўмлик субсидия, 324 миллион сўм­лик грант маблағини берди.

2025 йилда вилоятда 32 минг 880 оила­ни камбағалликдан чиқариш белгиланган эди. 167 минг оиланинг турмуш шароити ўрганилиб, 87 мингтаси “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Шунингдек, 61 минг 800 оилага барқарор бандлик йўналишида хизматлар кўрсатилди. Реестрда турган 53 мингдан зиёд оила аъзоси камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик даражаси 9,6 фо­издан 6,5 фоизга туширилди. Вилоятдаги 60 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилди. Бу йил 507 минг кишини доимий ишга жойлаштириш, даромадини оши­риш ва яширин иш ўринларини “соя”дан чиқа­риш бўйича режалар ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича “Қама­ши тажрибаси” ишлаб чиқилди. Натижада 27 минг 774 камбағал оила, маҳалла раиси ва банк ўртасида уч томонлама шартнома ту­зилди ҳамда зарур хизматлар бириктирилди. Жумладан, 4672 фуқарони доимий иш билан таъминлаш чораси кўрилди. Шунингдек, 2682 кишига ер ажратилди, 4914 юртдоши­миз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Оилавий тад­биркорлик дастурлари доирасида камбағал оилаларнинг 3836 аъзосига 72,2 миллиард сўм­лик имтиёзли кредит берилди.

Бу йил лойиҳавий ёндашув асосида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили­га кўра, юқори даромадли экспортбоп маҳ­сулотлар етиштирувчи маҳаллалар сонини 195 тага етказиш мўлжалланган. Хусусан, 36 маҳаллада қишлоқ хўжалиги маҳсулот­ларини етиштиришда аҳоли кўникмалари­ни ошириш учун уста-деҳқонлар ёлланади. Ихтисослашувидан келиб чиқиб, 12 маҳал­лада намунали томорқалар ташкил этилади. Бундан ташқари, 18 маҳалладаги аҳоли то­морқасида амалга оширилган энг намунали ва инновацион лойиҳалар учун грант ажра­тилади. Шунингдек, 2026 йилда 21 минг 628 оила камбағалликни қисқартиришга қа­ратилган хизматлар билан қамраб олинади. Йил якунигача камбағаллик даражасини 3,3 фоиз қисқартиришга эришилади.

Бу вазифаларни бажариш учун имконият ҳам, маблағ ҳам, қарорлар ҳам бор. Фақат қатъий интизом, масъулият ва шахсий жа­вобгарликни йўлга қўйиб, виждонан ишлаш зарур.

Аграр соҳа тараққиёти янги босқичда

Бугун ўзига хос анъаналарга эга Қашқа­дарё деҳқончилик мактаби тобора ривожла­ниб, аграр соҳа тараққиёти янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғини ўтган йили вилоятда 1 миллион тоннага яқин ғалла, 552 минг тонна пахта, 950 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз маҳсулотлари, 347 минг тонна мева ҳамда узум, 230 минг тонна кар­тошка, 2900 тонна пилла етиштирилгани ми­солида яққол кўриш мумкин. Чорвачиликда 522 миллиард сўмлик 251 та лойиҳа амалга оширилиб, чет элдан 15 минг бош қорамол, 50 минг бош қўй олиб келинди.

Келгусида ҳам гўшт ва сут етиштириш ҳажмини ошириш, чорвачиликда наслчи­ликни яхшилаш, хориждан зотдор моллар­ни олиб келиб кўпайтириш бўйича изчил ишлашимиз зарур. Янги боғ ва токзорлар барпо этиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, экспортини ошириш, озиқ-овқат хавфсизли­гини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар ишга туширилади.

Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулотда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улуши 52 триллион сўмни ташкил этди. Жумладан, 111,7 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинди. Бу кўрсаткич умумий экспортнинг 21 фоизига тенг. Шу­нингдек, 18 та паррандачилик, 6 та балиқчи­лик лойиҳаси ишга туширилди, 2600 тонна асал етиштирилди.

Қашқадарё — аграр вилоят, лекин энди эски усуллар билан юқори натижага эришиб бўлмайди. Президентимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳот­ларни жадаллаштириш йўлида энг муҳим ва­зифаларни белгилаб олганмиз. Аввало, мин­тақамизда йилдан йилга кучайиб бораётган сув танқислиги шароитида захираларнинг ҳар қатрасидан унумли фойдаланишимиз шарт. Сув тежовчи технологияларни кенг жорий қи­лиш, канал, ариқларни бетонлаштириш, сув олиш нуқталарида ўлчаш воситалари ва тў­сиқлар ўрнатишимиз лозим.

Пахтачиликда ҳам самарадорлик юқори бўлди. Ўтган йили 27 минг гектар ерга хо­рижий навдаги чигит экилди. “Шинжон” технологияси қўлланиб, юқори ҳосил олин­ди. 2026 йилда мазкур технология 55 минг гектарда жорий қилинади. Албатта, ҳар гектар ердан олинаётган даромад учун ҳам, сарф-харажат учун ҳам аниқ ҳисоб ва жа­вобгарлик мавжуд. Шу маънода, экинларни экиш ва суғоришни рақамлаштириш чораси кўрилади. Бу жараёнда илм-фан ютуқларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қарати­лади.

Бунёдкорлик манзиллари

Бугун Қашқадарё улкан бунёдкорлик май­донига айланган. Қурувчилар азму шижоа­ти билан шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кун сайин кўркамлашмоқда. Янги бино ва иншоотлар, йўллар, кўприклар, инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. Жумладан, ўтган йили вилоятимизда 176 та кўп қаватли уй-жой қуриш белгиланган эди. Амалда 208 таси фой­даланишга топширилди. Жорий йил уй-жой дастури бўйича 7510 хонадонли кўп қават­ли уй-жойлар қурилиши мўлжалланган. Табиийки, бунда сон билан бирга сифатга ҳам алоҳида эътибор берилади.

Транспорт соҳасида ҳам аҳолига кўплаб қу­лайликлар яратилмоқда. Жумладан, 2025 йили замонавий 26 та автобус ва 39 та микроавтобус харид қилиниб, тегишли йўналишларга қўйил­ди. “Қарши автошоҳбекати” қуриб битказилди, 65 та оралиқ бекат қурилди ва реконструкция қилинди. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида 75 та оралиқ бекат қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2025 йили йўл қурилиши ва таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 1391 километр автомобиль йўли ва 9 та кўприк реконструкция қилинди ҳамда таъ­мирланди. Жорий йилда тегишли давлат дастурлари асосида 435,5 километр йўл таъмирла­нади ҳамда 27 та кўприк қайта қурилади.

Туризм драйвер соҳалардан бирига айланмоқда

Бугун меҳнаткаш халқимизнинг дунёқа­раши, онгу шуури, ҳаётга муносабати ўзгар­моқда, яшашга иштиёқи ошмоқда. Одамлар яхши ишлаган киши яхши дам олиши зарур­лигини тобора кўпроқ англаб бораётир. Ай­тайлик, сўлим табиат қўйнида мароқли ҳор­диқ чиқариш, меҳнат жамоаси ҳамда оила аъзолари билан саёҳатга чиқишни анъанага айлантириб бораётир.

Ҳисор тоғлари бағридаги Мираки ту­ризм маҳалласи бугун нафақат воҳамиз ва мамлакатимиз, балки хорижлик сайёҳлар билан ҳам гавжум гўшага айланди. Кечаги­на Оқдарё қирғоғи бўйлаб бетартиб чўзи­либ кетган кўримсиз супалар, қурум босган қозон-ўчоқлар ўрнини бугун замонавий меҳмонхоналар, хостеллар, меҳмон уйла­ри эгалламоқда. “Мираки” МФЙдаги 240 гектарли “Шаҳрисабз” туристик марказида умумий 1050 ўринга мўлжалланган иккита 3 юлдузли меҳмонхона, хостел ва сав­до-кўнгилочар маркази, автотурар­гоҳ ҳамда ресторан ишга туши­рилди.

Ўтган йили вилоятда 6 та меҳмонхона, 15 та хостел ва 26 та меҳ­мон уйи ташкил этилди. Шу та­риқа туризм соҳасида 1283 та иш ўрни очилди. Бун­дан ташқари, Қамаши ва Ки­тобда 3 та кемпинг, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 40 та капсула уй тадбиркорлар томонидан бунёд этилди. Яна 15 та туропе­ратор фаолияти йўлга қўйилиб, улар сони 66 тага етказилди.

2025 йили вилоятга 3,6 миллион маҳал­лий, 604 минг хорижлик сайёҳ келди. Шу билан туризм хизматлари экспорти қийма­ти 121 миллион долларга етди. Бу йил 3,7 миллион маҳаллий, 620 минг нафар хориж­лик сайёҳлар келиши ва туризм экспорти қиймати 124 миллион долларга етиши ку­тиляпти. Бундай дейишга етарли асослари­миз бор.

Икки йил аввал Шаҳрисабздаги “Мираки” МФЙга “туризм маҳалла”си, ўтган йили Китобдаги Башир, Қайнар ва Шаҳрисабздаги Ғелон қишлоқларига “ту­ризм қишлоғи” мақоми берилди. Жорий йилда Китоб туманидаги Жайрахона ва Яккабоғ туманидаги Татар қишлоқлари “туризм қишлоғи”га айлантирилади. Қола­верса, Қарши шаҳрида Насаф кўчаси ва “Ва­танпарвар” боғи ҳудудида 24/7 режимда фаолият юритувчи 2 та гастроном кўча ташкил этилди. Бундай кўчалар аҳоли ва сайёҳлар учун мазали таомлар истеъмол қилиш, айла­ниб дам олиш имконини беради. Жорий йил­да бундай кўчалар сони 12 тага етказилади. Туристлар сони ошиши натижасида Шаҳри­сабз — Тошкент йўналишидаги самолётлар ўтган йилдан ҳафтасига 6 марта қатнамоқда.

Бу йил “Шаҳрисабз” туристик марказида қиймати 500 миллиард сўмлик 13 та лойиҳа­ни амалга ошириш, бу орқали 300 та янги иш ўрни очиш кўзда тутилган. Шунингдек, “Май­данак баланд тоғ” туристик марказида умумий қиймати 49,3 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳам сайёҳлик соҳаси риво­жига ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади. Шу билан бирга, Қамашида 65,7 гектар, Ғузорда 42 гектар ҳамда Шаҳрисабз тумани Ҳисорак — Ғелон йўли бўйида 16,3 гектар майдонда туризм инфратузилмаси ривожлантирилади. “Чимқўрғон” ва “Пачкамар” сув омборлари­нинг асосий фаолиятига таъсир этмайдиган ҳудудларида сув туризми ташкил этилади.

Қарши шаҳрига келадиган туристлар учун Ерқўрғон тарихий шаҳрининг очиқ осмон остидаги музей қўриқхона-археоло­гик парки бунёд этилаётгани ҳам ўзига хос янгилик. Қашқадарё тарихи ва маданияти давлат музейини “Ватанпарвар” боғидаги музей биносига кўчириш орқали вилоятда ягона ихтисослашган замонавий музей таш­кил этиш режалаштирилган.

Тиббиётдаги ўзгаришлар — самарадорлик кўзгуси

Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Халқимиз ислоҳотлар самарадорлигига, энг аввало, тиббиётдаги ўзгаришларга қараб баҳо беради деган ёндашув соҳа ходимла­рини янада масъулият билан ишлашга унда­моқда.

Тиббий хизматнинг халқаро тажрибага асосланган, тизимни аҳолига яқинлаштириш­га қаратилган янги модели жорий этиляпти. Соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағ бир неча карра ошди. Хусусан, вилоятимизнинг ўзида тиббиётга давлат бюджетидан йилига 3 триллион сўм маблағ сарфланмоқда.

2025 йили 7000 дан ортиқ юқори техно­логик жарроҳлик ўтказилди. Китоб ва Касби туманларида илк бор буйрак трансплантa­цияси муваффақиятли бажарилди. Хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожланмоқда. Вилоят­да бундай муассасалар сони 748 тага етди. Тиббий туризм салоҳияти ошмоқда. Бошқа вилоятлар, қўшни давлатлардан ҳам бемор­лар даволаниш учун воҳадаги нуфузли кли­никаларга мурожаат қилаётир.

Давлатимиз раҳбари Шаҳрисабз шаҳрида очилган “Оқсарой” клиникаси билан тани­шиб, бундай инновaцион муассасалар тиб­биётда сифат, дунёқарашни ўзгартириши, бошқаларни ҳам трансформaцияга ундаши­ни алоҳида таъкидлади. Бу ердаги тизимни андоза қилиб, республиканинг барча ҳу­дудида шундай клиникалар ташкил этиш бўйича алоҳида кўрсатма берди.

Рақамлаштириш йўналишига 18 мил­лиард сўм ажратилиб, барча тиббиёт му­ассасаларида ягона ахборот тизими жо­рий этилди. Янги тизим жорий қилинган Китоб туманида тиббиёт бригадалари ва аҳоли ўртасида икки томонлама шартно­ма тузилди. Натижада аҳолининг бир­ламчи бўғинга мурожаати 30 фоиздан 70 фоизга ошди, туман ёки вилоят шифохо­наларига мурожаат 35 фоиз камайди.

Қашқадарё тажрибаси асосида тибби­ёт бригадаларини рағбатлантириш йўлга қўйилгани сабабли 250 фуқарода онколо­гик касалликлар эрта босқичда аниқланиб, 40 миллиард сўм тежалди.

Бундан кейин ҳам бирламчи бўғин, юқо­ри технологик тиббий ёрдам турларини кенгайтириш, рақамлаштириш, хизматлар шаффофлигини ошириш, тиббий суғуртани такомиллаштириш устувор масала бўлиб қо­лади. Асосий мақсадимиз — халқни тиббиёт тизими хизматидан рози қилиш.

Ҳамжиҳатлик, тарбия ва адолат маскани

Вилоятимиздаги тизимли ишлар натижа­сида 66 та маҳалла ишсизликдан, 379 таси жиноятчиликдан, 235 таси ажрашишдан холи ҳудудга айлантирилди. Ўтган йили ажрашиш ёқасидаги 3500 дан зиёд оила яраштирилди.

“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари бўйича кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. Вилоятдаги ҳар бир туман ва шаҳар ҳудудида биттадан маҳалла сервис компанияси фаолияти йўлга қўйи­либ, аҳолига кўплаб турдаги хизматлар кўр­сатиб келинаётир.

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да маҳаллаларни меҳр-оқи­бат, ҳамжиҳатлик, тарбия ва энг муҳими, адо­лат масканига айлантириш каби йўналишлар­даги фаолиятимиз кўлами янада кенгаяди.

Бирлик, ишонч ва фидойилик

Президентимиз таъкидлаганидек, “Бел­ни маҳкам боғлаб ишга киришсак, биз ололмайдиган марра, биз забт эта олмай­диган довоннинг ўзи йўқ. Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олижаноб Қашқадарё аҳли билан олди­мизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқа­дарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади”.

Бугун олдимизга мана шундай катта мақ­садларни қўйганмиз. Лекин улар фақат бир шарт билан амалга ошади — бирлик, ишонч ва фидойилик билан!

Қашқадарёда лоқайдлик, ўзибўларчилик, боқибеғамлик ва масъулиятсизлик бир оғиз сўз билан “орқайинлик” деб аталади. Бу ил­лат маҳалла-кўй орасида ҳам қаттиқ қорала­нади. Орқайин одамга туртки ва кўмак бери­лади, тўғри йўл кўрсатилади, ташаббускор кишиларга эргаштирилади. Бу эзгу анъана­ни ҳар бир ҳудудда давом эттирамиз.

Воҳадаги ҳар бир туман, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонда одамлар ислоҳотлар нафа­сини чуқур ҳис қилиши керак. Ҳар бир масъул уйғониши, зиммасидаги масъулиятни, элдошлари олдидаги бурчни ҳис қилиб ишлаши за­рур. Муддаомиз — шу! Ана шунда Президен­тимиз белгилаб берган стратегик мақсадларни ҳаётга тўлақонли татбиқ эта оламиз.

Муроджон АЗИМОВ,

Қашқадарё вилояти ҳокими