Кибермакон глобал ахбороткоммуникация инфратузилмасида марказий ўринга чиққани сабабли ҳозир ижтимоий тармоқларда маълумотлар хавфсизлиги дунё бўйлаб корпорациялар ва ҳукуматлар учун асосий вазифага айланди. Ҳамма жойда мавжуд бўлган, бир-бирига боғланган ва интернетга осон кириш имконини берувчи технологиялар кундалик ҳаётда чуқур аҳамият касб этмоқда. Натижада ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий алоқалар учун кибермаконга тобора кўпроқ боғланиб боряпмиз. Интернет соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва сув, молия, ахбороткоммуникация технологиялари, жамоат хавфсизлиги, энергетика ва коммунал хизматлар, ишлаб чиқариш, транспорт каби муҳим инфратузилма тармоқлари ва хизматлари учун қулай платформани тақдим этиб келаётир.
Ҳозир ижтимоий тармоқларга кириш учун интернет тизимидан энг кўп фойдаланилаётгани ҳаммага маълум. Ушбу тармоқлар бир қанча қулайлик ва афзалликларга эга бўлсада, камдан-кам фойдаланувчилар тармоққа жойлаштираётган маълумотлари қанчалик ҳимоялангани ҳақида ўйлайди. Ҳақиқатан, дунё бўйлаб ҳар дақиқада миллионлаб инсонлар шунга ўхшаш тизимларга шахсий маълумотларини, жумладан, исм-фамилияси, туғилган санаси, суратларию кундалик ҳаётига оид турли лавҳаларни жойламоқда. Бироқ ҳар доим ҳам ушбу маълумотларнинг хавфсизлиги таъминланмайди. Ҳатто баъзан ҳуқуқий жиҳатдан маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш кимнинг мажбурияти эканини аниқлаб олиш ҳам мушкул вазифа.
Қатор изланишлар натижаси шуни кўрсатадики, жиноятчилар ижтимоий тармоқларда кўпроқ вақт ўтказмоқда. Чунки энди жиноят, жумладан, ўғрилик қилмоқчи бўлган шахс “ўлжа”си ҳақидаги барча маълумотни ижтимоий тармоқлардан олиши мумкин. Боиси, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг баъзилари ушбу дастурларнинг ўзида белгилаб қўйилган маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи созламалардан ҳам фойдаланмайди.
Одамлар ижтимоий тармоқларда баҳам кўрадиган катта ҳажмдаги маълумотлар ишончли қариндош ва дўстлар доирасидан ташқаридагиларни ҳам жалб қилади. Шуниси қизиқки, кўпчилик ижтимоий тармоқларда ҳаттоки ҳаётда умуман танимайдиган, кўрмаган шахсларнинг ҳам саҳифаларига аъзо бўлган. Ваҳоланки, фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда қаерга боргани, нималар билан машғуллиги, ҳатто маош олгани ва қандайдир катта харидларни амалга оширгани каби шахсий маълумотларни ҳам жойламоқда. Бунинг барчаси ушбу маълумотлар асосида жиноят содир қилиш ёки ушбу шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳаракатларни амалга ошириш имконини яратмоқда. Шундай қилиб, спам-ботлар, реклама компаниялари, бундан ҳам ёмони, кибержиноятчилар шахсий маълумотларга қизиқиш билдириши мумкин. Бироқ ижтимоий медиа махфийлигини ҳимоя қилиш учун тегишли чоралар кўриш имконияти ҳам бор.
Ўзбекистон Республикасида шахсга оид маълумотлар ҳимояси юзасидан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун мавжуд. У шахсга оид маълумотлар ҳақида умумий қоидаларнигина белгилаб беради. Жумладан, давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди, дейилган. Аммо бу ҳолатда давлат фойдаланувчи ўз хоҳиши билан маълумотларини бирор-бир серверга жойлаштирганидан сўнг ушбу сервер томонидан фойдаланувчи маълумотлари қонуний равишда ишлатилишини таъминлаш масъулиятинигина зиммасига олади.
Ҳар бир шахс ижтимоий медиа махфийлиги учун жавобгар экани тамойили белгилаб қўйилади. Масалан, агар бирор шахс ўз хоҳишига кўра ижтимоий тармоқларда ўзига алоқадор бўлган шахсий маълумотларни жойласа ва улар хавфсизлигини таъминлашнинг етарли чора-тадбирларини кўрмаса, унда ушбу маълумотларни дастурнинг бошқа фойдаланувчилари томонидан қўлланишининг олдини ҳеч ким ололмайди. Айнан шу сабабли бир қанча ижтимоий тармоқ дастурларига аъзо бўлишдан аввал фойдаланувчи оммавий офертага рози эканини билдириши талаб қилинади. Ана шу оммавий оферта матнида ҳар бир фойдаланувчи ўз шахсига доир маълумотлар хавфсизлиги учун ўзи жавобгар экани белгилаб қўйилади. Бу дегани, тармоқ фойдаланувчиси ижтимоий тармоқларда жойлаётган барча маълумотлари, жумладан, фотосуратлари, кунлик ҳаётига оид ҳолатлар ва айниқса, паспорт ёки банк маълумотлари, телефон рақамларидан учинчи шахслар фойдаланиши учун ўзи жавобгардир.
Бундай ҳолатда фойдаланувчи ўз хоҳиш-истагига кўра, ушбу маълумотларни омма билан бўлишса, фақат ўзигина жавобгар бўлади. Бу маълумотлар фойдаланувчи томонидан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтига жойлаштирилаётгани ва ушбу маълумотларга унинг обуначилари кириши мумкинлиги ҳақида ижтимоий тармоқда аккаунт очиш вақтида оммавий офертани имзолаш жараёнида огоҳлантирилади.
Шундай қилиб, ижтимоий тармоқларга одамлар қандай маълумотлар жойлаши ва унинг хавфсизлиги масаласи фойдаланувчиларнинг ўзига боғлиқ бўлмоқда. Ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ижтимоий тармоқлар, уларнинг эгалари ва фойдаланувчиларининг ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилмаган. Кибермаконни тартибга солиш масалалари фақат Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунларидагина кўриб чиқилган. Аммо ушбу қонун ҳужжатларида айнан ижтимоий тармоқ тушунчалари ва шу тизимларда маълумотлар хавфсизлиги масалалари ёритиб берилмаган. Ижтимоий тармоқларга нисбатан кўп ҳолларда веб-сайтлар ёки ахборот ресурслари ҳақидаги қоидалар қўлланади.
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида юридик ва жисмоний шахслар ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресурсларидан эркин фойдаланиш, мазкур маълумотларнинг тўлиқлиги ҳамда тўғрилигини таъминлаш мақсадида уларга аниқлик киритиш ҳуқуқига эгалиги ва ўзи тўғрисидаги ахборот ресурсларидан юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин фойдаланиши қонун билан чекланиши мумкинлиги белгиланган.
“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, шахсий ҳаётига тааллуқли сир, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги баён қилинган.
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотдан уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади. Фуқаролар тўғрисида ахборот олувчи, бундай ахборотга эгалик қилувчи ҳамда ундан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу ахборотдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунда назарда тутилган тарзда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 462-моддасида белгиланганидек, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса — беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-2-моддасига биноан шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш каби ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этиш жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Жазо сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баробаридан бир юз эллик баробаригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилади.
Юқорида келтирилганлардан келиб чиққан ҳолда шундай хулоса қилиш мумкин.
Биринчидан, ҳар бир шахс ўзининг ижтимоий медиа махфийлиги учун ўзи жавобгардир.
Иккинчидан, турли тармоқларга қўшилиш вақтида махфийлик шартларини ўқинг ва тушунинг. Ҳар қандай хабарни трансляция қилиш ёки алмашишдан олдин ижтимоий медиа сайтининг функциялари билан танишиб чиқинг. Айниқса, фойдаланмоқчи бўлган ижтимоий тармоқ дастурида маълумот хавфсизлиги бўйича қандай созламалар мавжудлигини ўрганиб, улардан фойдаланинг.
Учинчидан, кўпгина ижтимоий медиа платформаларида аккаунтни рўйхатдан ўтказиш учун тўлиқ исмингиз, туғилган йилингиз, ёшингиз ёки манзилингиз каби биографик маълумотларни тақдим этишингиз талаб қилинади. Бошқа ижтимоий медиа фойдаланувчилари сиз ҳақингизда билишини чеклаш учун ушбу маълумотларни ўзингизда сақланг. Бундай ахборотлар кибержиноятчиларга сизга зарар етказиш учун етарли маълумотларни тақдим этиши мумкин. Худди шу платформадаги шахсий маълумотларни минималлаштириш учун ижтимоий тармоқдаги саҳифангизнинг махфийлик созламаларини қўлланг.
Тўртинчидан, ижтимоий тармоқдаги профилингизда тақдим этилган шахсий маълумотлар турини диққат билан кўриб чиқинг. Ҳеч қачон энг яқин мактаблар, сиёсий мансублик, банк ҳисобига доир маълумотлар, собиқ ёки жорий иш жойи, банк ҳисоб рақамлари ёки паспорт маълумотлари каби муҳим маълумотларни тақдим қилманг.
Бешинчидан, ижтимоий тармоқларда ҳеч кимнинг, айниқса, сиз билмаганларнинг “дўст ёки кузатиб бориш” сўровини қабул қилиш мажбурияти йўқ. Дўстлар қабул қилиш, дўстлар ёки контактларни кузатиб боришда эҳтиёт бўлинг. Нима учун сайтдан фойдаланаётганингизни ўйлаб кўринг. Ҳар қандай кузатув ёки дўстлик сўровини қабул қилишдан олдин одамни ўрганинг. Унинг кимлиги, нима билан шуғулланаётгани ва қандай контентни баҳам кўришини тушуниб олинг.
Олтинчидан, махфийлик созламаларини ўрнатаётганда, гаджетингиз жойлашувини улашиш тугмасини ўчиришни ҳеч қачон унутманг. Шундай қилиб, сиз тез-тез борадиган жойлар хусусида шарҳ беришдан четда қоласиз. Жойлашувингиз (геолокация) ни ўчириб қўйсангиз, Facebook, электрон почта ва телефон ускунангиз орқали турган жойингизни аниқлашнинг олдини олган бўласиз.
Еттинчидан, ҳар қандай фотосуратни жойлаштиришдан олдин қайта ўйлаб кўринг. Ижтимоий тармоқларда суратларни жойлаштириш хавфли ишлардан бири сифатида белгиланди. Мисол учун, фарзандингизнинг исмсиз оддий, зарарсиз сурати аллақачон жуда кўп маълумотни очиб бериши мумкин. Суратлар орқали қаерда эканингизни реклама қилиш сизни, яқинларингизни ёки уйингизни кибержиноятчилар учун жозибали нишонга айлантириши мумкин.